Линклар

logo-print

Россия яна 60 га яқин ўзбекистонликни Ямандан олиб чиқди


Ямандан қайтган тожикистонлик шифокор Мушарраф

Ямандан қайтган тожикистонлик шифокор Мушарраф

Ўзбек шифокорлари 2 кунда 60 га яқин ўзбекистонлик Россия самолётларида Ямандан олиб чиқилганини айтмоқда. 5-6 апрель кунлари Россиянинг 3 та самолёти 450 га яқин кишини Ямандан эвакуация қилди. Самолётларда Россия фуқароларидан ташқари Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа хорижий давлат фуқаролари бор.

Ямандаги Россия элчихонаси матбуот котиби Тимофей Боковнинг рус матбуотига айтишича, 6 апрель куни тонгда Санаа аэропортидан учирилган самолётда 159 йўловчи эвакуация қилинган.

"Уларнинг 47 нафари Россия фуқароси, қолганлари эса МДҲ давлатлари фуқароларидир", деди Боков рус матбуотига берган интервьюсида.

Якшанба куни учирилган икки самолётда эса жами 300 га яқин одам олиб чиқилди ва уларнинг 90 нафари Россия фуқароси, қолганлари Ўзбекистон Тожикистон, Миср, Сурия ва Куба фуқароларидир.

Ҳозирча, эвакуация қилинган Ўзбекистон фуқаролари сони ҳақида Россиянинг Ямандаги элчихонаси аниқ маълумот бермади.

Яманда юрган ўзбекистонликлардан олинган маълумотга кўра, 5 апрель куни 40 дан ортиқ, 6 апрель куни эса 20 га яқин ўзбекистонлик Россия элчихонаси кўмагида Ямандан олиб чиқилган.

Ўзбекистонлик шикофорлардан бири Ҳакимжон ака Санаада мамлакатдан чиқиб кетиш ниятида Россия элчихонаси рўйхатидан ўтган ва навбатини кутаётган ўзбекистонликлар сони юзлабдир:

"Бугун эрталаб бир аёл шифокор телефон қилиб, 14 киши эрталабки самолётда кетолмай қолганини айтди. Улар кетамиз, деб ишонган, лекин олиб кетилмаган", дейди шу кунда Аден шаҳрида қолаётган ўзбекистонлик олий тоифали шифокор.

2 апрель куни Санаадан Москвага борган икки учқичда 47 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлганини маълум қилган Россия элчихонаси расмийси, Озодлик билан суҳбатда, элчихонанинг имконияти чекланганини айтган эди. Бу чеклов техник имконият ва беқарор хавфсизлик вазияти билан изоҳланган эди.

Аммо, шу кунда Ямандан чиқиш йўлларини ахтараётган Ҳакимжон ака Россия элчихонасига ишониб, Санаа аэропортида қолиб кетган ўзбеклардан олган бошқа мазмунда хабар олганини айтди:

"Элчихона биринчи навбатда Россия орқали ишлашга келган ўзбекистонликларни учираётган экан. Бу ердаги ўзбекистонликларнинг кўпчилиги эса ўзича, сайёҳлик визаси билан келганлар. Улар ҳозир руслар билан кетишга кўзи етмай, ҳинд кемаларига чиқиб, Ҳудейра порти орқали Ямандан чиқиб кетишга уринишаяпти", дейди шифокор.

Норасмий маълумотларда Яманда юрган ўзбекистонликлар сони 3 мингга яқин экани айтилади. Аммо, ҳали бирор расмий манба буни тасдиқлагани йўқ. Ўзбекистон ҳукумати ҳам бу борада бирор баёнот бергани йўқ.

Санаадаги Россия дипломати 31 март куни Россия президенти билан телефонда суҳбатлашган Ўзбекистоннинг янги-эски президенти Ислом Каримов Ямандаги ўзбекистонликларни олиб чиқишда ëрдам сўраганини маълум қилган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Саудия Арабистонидаги консуллик ва элчихона Ямандаги ўзбекистонликларни олиб чиқиш масаласи билан шуғулланаётганини билдирган.

Ямандаги ўзбекистонликларга +967-01-278-719 рақамлари орқали Санаадаги Россия элчихонасига қўнғироқ қилиш таклиф этилган.

Озодликка мурожаат қилаëтган Ямандаги ўзбекистонликлар ва уларнинг ватанда қолган яқинлари Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини уруш гирдобидан олиб чиқиш билан жиддий шуғулланмаëтганидан шикоят қилмоқда.

Ҳакимжон аканинг айтишича, Жибути орқали кетишга уринган йўловчилар талончиликка учрамоқда:

"Ҳудейрадан ҳиндларнинг кемаларига ўтириб, 8 соат ичида Жибутига боришаяпти. Лекин, телефон қилиб айтишдики, сумкаларини талаб кетишган. Кимнидир ҳужжати кетиб қолган, яна кимнидир фақат буюми. Хуллас, бу йўл ҳам бироз хафлида. Мен ҳам кетишга йўл қидирдим, лекин тополмадим", дейди Адендаги ўзбекистонлик шифокор.

Сўнгги икки кун ичида Аден шаҳридаги вазият жуда оғирлашди. БМТ ваколатхонасидан олинган маълумотга кўра, ўтган икки ҳафта шаҳардаги отишмаларда 500 га яқин одам қурбон бўлган. Шаҳарда транспорт қатнови тўлиқ издан чиққан, хорижликларга эса уйларидан чиқмаслик талаби қўйилган.

"Ҳозир госпиталдан чиқмай ўтирибмиз. Касаллар келаяпти, қуролдан яраланганлар келаяпти. Эрталабдан бери иккита операция ўтказдик. Кеча айниқса, роса бомабирдимон овози эшитилди. Мен шаҳар марказидан 4-5 километр четда бўлганим учун, бизда ҳали бомбардимон бўлмади", дейди Ҳакимжон ака.

Франс-пресс агентлигининг хабар қилишича, 5 апрель куни Хутий жангчилари Аден марказидаги ҳукумат биноларининг каттагина қисмини ишғол қилган.

Саудия етакчилигидаги коалиция ҳарбий самолётлари Яман пойтахти Санаа шаҳрини 5 апрель куни яна ҳаводан ўққа тутди ва Яман президенти Абд-Раббу Мансур Ҳадийга қарши чиқаётган ҳамда Эронга иттифоқчи Хутий ҳарбийларни нишонга олди. Reuters агентлиги берган хабарга кўра, коалиция қўшинлари Яманнинг Саудия Арабистони билан чегараларини ҳам бомбардимон қилмоқда.

БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Валери Амос Яманда сўнгги икки ҳафта давомидаги зўравонликларда 550га яқин одам ҳалок бўлгани, улардан 100 га яқини болалар эканини билдирган. Унга кўра, ўн минглаб одам уйини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG