Линклар

6 апрель куни Тошкент шаҳар Учтепа ҳокимияти биноси олдида 182-йўналишдаги иккита маршрут такси ёниб кетди. Воқеа гувоҳи бўлган мобил мухбирларимизга кўра, йўналишли такси ҳайдовчиси иккинчи маршрутканинг аккумляторига ўз автомобилини сим орқали улаб, ўт олдирмоқчи бўлган. Натижада қисқа туташув юзага келиб, автомобиллар ёна бошлаган.

Манбаларимизга кўра, автомобиллар ёна бошлагач, унинг ҳайдовчилари машинадан тушиб қочишга улгуришган. Шу боисдан ҳам ёнғин туфайли қурбонлар бўлмаган.

Учтепа тумани ИИБ Ёнғин хизмати инспекторига кўра, ёнғин натижасида йўлда ҳаракатланиш 15 дақиқага тўхтатиб қўйилган.

“Бу хилдаги барча автомобилларга газ баллонлари ўрнатилган бўлиб, уларнинг портлаш хавфи катта. Шу боисдан дарҳол ён-атрофдаги техник воситалар эвакуация қилинди. Одамлар четга олинди. Ўт ўчириш идораси жуда яқин жойда бўлгани боисгина олов тез муддатда ўчирилди” дейди Учтепа тумани ИИБ Ёнғин хизмати инспектори.

Мобил мухбирларимизга кўра, маршрут таксиларнинг бири ёнғин натижасида тиклаб бўлмайдиган ҳолатга келган, иккинчиси жиддий техник шикаст олган.

Ҳодиса юзасидан туман ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тошкентда автобус ва шахсий автомобилларда ёнғин содир бўлиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда.

Жумладан, 17 март куни Тошкентнинг айланма йўлида ("бетонка") йўловчи ташувчи "Мерседес" автобуси ёниб кетди.

14 март куни Тошкент шаҳрида 2-йўналиш бўйича қатнайдиган Mercedes-Benz Conecto русумли автобус Чўпонота бекатида ёниб кетди.

Иккала ҳолатда ҳам автобуслар ёниб кулга айланган, лекин йўловчилар қутқариб қолинган.

XS
SM
MD
LG