Линклар

Янги хитой банки АҚШ учун бошоғриқ бўлмоқда


ХХР раиси Си Цзинпин (марказда) Осиё инфратузилма сармояси банки анжумани меҳмонлари билан, Пекин, 2014 йил октябри.

ХХР раиси Си Цзинпин (марказда) Осиё инфратузилма сармояси банки анжумани меҳмонлари билан, Пекин, 2014 йил октябри.

Март ойи охирида Россия Хитой ташаббуси билан яратилган Осиё инфратузилма сармояси банкига (ОИСБ) аъзо бўлишини эълон қилди.

РИА Новости хабарига кўра, Россия бош вазири ўринбосари Игорь Шувалов бу ҳақда 28 март куни Хитойда бўлиб ўтган форумда маълум қилган. Шувалов банкка аъзо бўлиш президент Путиннинг қарори эканини айтган.

Бир қатор мамлакатлар, жумладан, АҚШнинг Осиё ва Европадаги ҳамкорлари ОИСБга қўшилиш истагида эканини билдирди.

50 миллиард сармояга эга бўладиган бу банкка қўшилиш ниятидаги мамлакатлар орасида Буюк Британия, Германия, Франция, Италия ва Жанубий Корея бор. ОИСБнинг Осиёда инфратузилмани яхшилашга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириши кўзда тутилган.

Дипломатик беллашув

Одатда бирор мамлакат глобал ривожланиш банкига қўшилишга қарор қилса, бу шов-шувга сабаб бўлмайди. Аммо бу сафар ОИСБга аъзо бўлиш Вашингтон истаклари нисбатан таънадек қабул қилинмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, АҚШ парда ортида ўз “дўстларини” банкка қўшилмаслик ёки ҳеч бўлмаса, аъзо бўлишни кечиктиришга ундаб келаётир.

Жамоатчилик олдида эса АҚШ расмийлари истар-истамас ОИСБни қўллашларини билдиришди. Аммо бунинг учун банк ҳалол ишлаши ҳамда атроф-муҳит ва иш шароити бўйича глобал стандартларга амал қилиши кераклигини айтишди.

АҚШ Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Марие Ҳарф, агар ОИСБ юқори стандартларга амал қиладиган бўлса, АҚШ бу банк “глобал миқёсда ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади”, деб ҳисоблашини айтди.

Бреттонвудсга рақиб?

Таҳлилчиларга кўра, Вашингтон Хитойнинг юксалиши ва иқтисодий етакчилиги истиқболидан хавотирда.

IHS халқаро ширкатининг Осиё бўйича етакчи иқтисодчиси Ражив Бисвазнинг айтишича, АҚШ ОИСБ Иккинчи жаҳон урушидан кейин юзага келган иқтисодий тартибга таҳдиддан хавотирда бўлиши мумкин. Халқаро валюта жамғармаси ҳамда Жаҳон банки каби ташкилотларга таянган Бреттонвудс тизими 70 йилдан бери ҳукм суриб келади.

Бисвазга кўра, АҚШ “янги ривожланиш банки Жаҳон банки каби мавжуд институтлар билан рақобат қилиши”дан хавотирда. Хитой бу институтлар аъзоси бўлса-да, мамлакатнинг у ердаги таъсири унча катта эмас. Хитойга кўпроқ ваколат бериш учун Халқаро валюта жамғармасини ислоҳ қилишга қаратилган ҳаракатларга АҚШ Конгресси қаршилик қилиб келади.

Жуда кўп давлатлар ОИСБга қўшилишга ошиқмоқда. Хитойнинг Синхуа расмий нашри АҚШ бундан “ранжиган”дек кўринаётгани ҳақида ёзди.

Хитой расмийлари эса АҚШ хавотирларини жиддий қабул қилишмоқда. Хитой молия вазири ОИСБ Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки каби институтлар билан рақобат қилмаслигини, аксинча, уларнинг ишини тўлдиришини айтди.

Халқаро валюта жамғармаси ҳам ОИСБни қўллашини билдирди. Жамғарма директори Кристин Лагард ХВЖ ОИСБ ташаббусини дастаклашини айтди. Лагард яна жамғарма инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштирмаслигини ва бу жамғарма билан ОИСБ ўртасида ҳеч қандай рақобат бўлмаслигини англатишини қўшимча қилди.

Ўрта Осиё учун фойдали жиҳатлари

АҚШ ОИСБ ташаббусидан унча хурсанд бўлмаса-да, янги банк Ўрта Осиёга сармоя ётқизишини рағбатлантириши мумкин. Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон банк шу йил охирида ўз фаолиятини бошлаганидан кейин унга қўшилиш истагида.

Бисвазга кўра, банк Хитой ёки Сингапур каби бой мамлакатлардан жануби-шарқий ва Марказий Осиёдаги ривожланаётган мамлакатларга маблағ йўналтиради.

Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, Ўрта Осиёда инфратузилмани ривожлантириш учун 2020 йилгача 8 триллион доллар маблағ керак бўлиши мумкин. Бу муаммони ҳал қилишда ОИСБ оз бўлса ҳам ҳисса қўшиши мумкин.

Россия роли

Россия ОИСБга қўшилишини нисбатан кеч билдирди. Аммо мамлакатнинг янги банкка эртами-кечми аъзо бўлиши муқаррар эди. Хитой ва Россия стратегик ҳамкор бўлса-да, бу икки мамлакат Ўрта Осиёда ўз таъсирини ўтказиш ва бу ҳудуддаги табиий бойликлардан фойдаланиш масалалари бўйича рақобат қилади.

Москвадаги Ренессанс Капитал сармоя банки иқтисодчиси Олег Кузьминга кўра, Россиянинг янги банкка қўшилиши қандай натижа бериши номаълум. “Бу институт ҳақида оз маълумотга эгамиз. Россия қандай фойда ёки зарар кўриши ҳозирча маълум эмас”, деди Кузьмин.

Рус расмийлари Хитой манфаатларини олға суражак бу институтга аъзо бўлмагандан бўлган яхши, деган қарорга келгани аниқ.

Аммо Хитой ўзининг Осиёдаги таъсирини кучайтириш учун ОИСБдан фойдаланиш-фойдаланмаслиги номаълум. Бисваз банкка аъзо бўлмаган давлатлар бу масала устида бош қотираётганини айтади.

Аммо Бисвазга кўра, Хитой лойиҳаларни тасдиқлайдиган 30 мамлакатнинг бири бўлади. Банкнинг таъсисчилари орасида Европа давлатлари, Сингапур, Янги Зеландия, Ҳиндистон каби мамлакатлар ҳам бор.

Марк Бейкер қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчалаштирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG