Линклар

Ургутда ёққан кучли жаладан кейин марказий кўчаларни сел ювиб кетди


Самарқанд вилояти Ургут туманида сел

Самарқанд вилояти Ургут туманида сел

Самарқанд вилояти Ургут туманида душанба куни ёққан кучли жаладан кейин сел келди. Туман марказидаги кўчалардан дарёдай оқиб ўтган сел баъзи жойларда аҳоли ҳовлисини ювиб кетди. Баъзи кўчаларда енгил автомобиллар томигача сувга ботди. Расмийлар селга олдиндан тайёргарлик кўрилгани учун қурбонлар ва жиддий талафотлар бўлмаганини айтмоқда.

Ургутлик 28 ёшли тадбиркор Дониёрнинг айтишича, душанба куни тушдан кейин ёққан жаладан сўнг Ургут кўчаларини бир зумда дарёдай оқиб келган сел босган:

- Бизларда янги қурилган бозор томонда заводлар бор, аҳолининг янги қурилган участкалари бор. Асосан, ана шу жойда сел катта бўлди. Аслида илгари бу жойлар Ургутнинг сойхонаси бўлган, яъни шаҳардан чиққан ёмғир сувлари ана шу жойдан пастга тушиб кетган. Сел жуда катта бўлди, кўчларда бир зум мошиналар юролмай қолди, дейди Дониёр.

Суҳбатдошнинг айтишича, Ургутда яқин йилларда бундай сел бўлмаган:

- Уч-тўрт йилдан буён бундай кучли жала ёғмаган эди. Одамларнинг ҳовлиларигача кириб кетди. Баъзи жойларда енгил мошиналар томигача сувга ботиб қолди. Айтишларича, бир-иккита қўю эчкилар ҳам оқиб кетган. Лекин буни мен ўз кўзим билан кўрганим йўқ, деди Дониёр.

Ургут тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими катта сел келганини тасдиқлади, лекин талафотлар жиддий бўлмаганини таъкидлади:

“Тўғри кучли ёмғир ёғди. Катта сел келди. Асосан, Ургут шаҳар марказида катта сел бўлди. Бизда бу ҳақда синоптикларнинг маълумоти бор эди. Шунга техникаларни олдиндан тайёрлаб қўйган эдик. Сув йўлларини ўз вақтида очиб турдик, Худога шукр кам талофат билан ўтди”, деди мулозим.

Мулозимнинг айтишича, айни пайтда селдан кўрилган зарар миқдори ўрганиб чиқилмоқда:

“Давлат объектларига умуман зарари теккани йўқ. Кўчларни ювиб кетгани, аҳолининг уйларига қанча зарар етказилганини мутахассисларимиз ўрганиб чиқмоқда”, деди мулозим.

Ўзбекистонда баҳор пайтида табиий офатларнинг содир бўлиши учраб туради.

Жорий йилнинг 29 мартида Ўзбекистонда ёққан қор ва бир неча кун ҳукм сурган қаттиқ совуқ шимолий вилоятлардаги мевали дарахтлар ҳосилининг 70 фоизини уриб кетгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўтган йилнинг май ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Чиял жамоа хўжалигида ёққан селдан Чироқчининг Тоқчи ва Қозоқ маҳаллаларида жами 50 та уй қулаб тушган ва 150дан ортиқ одам кўчада қолган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG