Линклар

Сессия пайти кишанланган Андижон шаҳар ҳокими Нурилло Алимовнинг пул ювиш жиноятига ҳам шерик бўлгани айтилаяпти. Озодлик манбалари Алимов ҳибсга олингач, унинг раҳнамолиги остида фаолият кўрсатган пул ювиш ва "обналчи" гуруҳларнинг раҳбарлари ҳам қўлга олиниб, жиноят иши қўзғатилганини иддао қилмоқда.

"Ҳоким пул ювувчи ва "обналчи"лардан улушини олган"

1 апрель куни халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган сессияси пайти депутатлик мақомидан маҳрум қилиниб, қўлига кишан солинган собиқ ҳоким Нурилло Алимовга нисбатан илгари сурилаётган айбловлардан бири пул ювиш билан боғлиқ иддао илгари сурилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Андижон шаҳар ҳокимлигидаги манба маълум қилди.

Исмини очиқламасликни сўраган ушбу манбага кўра, Алимов ҳибсга олингач, шаҳардаги пул ювиш билан шуғулланадиган ва "обналчи" гуруҳлардан бир нечтаси аниқланиб, уларнинг раҳбарлари ҳибсга олинган:

"М. деган (Озодлик тергов жараёни кетаётгани боис ушбу шахснинг исмини очиқламайди.-таҳр.) Андижоннинг энг катта унфуруши бўларди. Шу одамни ҳам қамаб қўйишган. Ҳозирда Алимовнинг М. орқали бошқарилган мегабизнес тармоқларининг барчаси ёпилган ва ёпилмоқда. М. хориждан келтирилган унни божхона тўловисиз олиб кириб сотган. Буларни ҳам Алимов раҳнамолигида амалга оширган. Шунингдек, М. унфурушлик ниқоби остида пул ювиш ишлари билан шуғулланган. “Обналчи”лик фаолияти учун ҳам ҳокимнинг “добро”сини олиб турган. Буларнинг барчасидан ҳокимга ўз улушини бериб турган”, дея иддао қилади ҳокимликдаги манба.

Андижондаги ун бизнеси тафтишда

Айни пайтда Алимов ҳибсга олингач, Андижон бозорларида рейд ўтказилиб, унинг назоратида бўлган ун бизнеси тафтиш қилинмоқда. Бу ҳақда хабар қилган манба Андижон бозорида олинган суратларни ҳам Озодликка тақдим қилди:

Андижон вилоят солиқ бошқармасининг “Бозор ва савдо комплексларини назорат қилиш бўлими” 4 апрель куни шаҳардаги ун дўконларида рейд ўтказиб, уларнинг аксарини ёпиб қўйган.

Жумладан, Андижон шаҳрида жойлашган марказий деҳқон бозоридаги 18 та ун дўкони ҳам тафтиш қилинган:

“Андижоннинг эски шаҳар бозоридаги ун дўконларини солиқ департаменти босди ва дўконларни печатлаб қўйди. Текширувлар 4 апрель асрдан сўнг бўлди. 5 апрель куни ҳам дўконлар очилмади. Душанба куни айримлари очилди. Лекин бугун ҳам камида иккитаси печатланган ҳолда турибди. Бунинг сабаби - ун дўконларининг раҳбарлари шаҳар ҳокими Алимовга яқин кишилар бўлгани. Алимов қамалгач, шаҳардаги унфурушларни ҳам қамашаяпти. Ун базанинг раҳбари Ҳ. ҳожи ака (Озодлик тергов жараёни кетаётгани боис ушбу шахснинг исмини очиқламайди.-таҳр.)ни ҳам қамаб қўйишди”, дейди андижонлик тадбиркорлардан бири.

"Uzlidepчилар ҳам Алимовга шерик бўлган"

Андижон шаҳар ҳокимлигидаги манбага кўра, Алимовга нисбатан мансабини суиистеъмол қилиш, пора олиш, жиноий гуруҳ тузиш, давлат объектларини ноқонуний сотиш, ер сотиш каби иқтисодий жиноятлар бўйича жиноий иш қўзғатилган:

“Унинг асосий бизнесларидан бири – давлат балансида турган биноларни нол қийматга олиб, фаолият турини ўзгартириб, сотиб юборган. Шунингдек, нол қийматда олинган бинони яна давлатнинг ўзига гаров сифатида қўйиб, катта кредит маблағлари олган. Бу ишларга, асосан, кўчмас мулк бўлимидагилар бош-қош бўлишган. Алимов ер ҳам сотган, бу ишларга кадастр бўлимидагилар бош-қош бўлган. Сотилган бинолардан бири шаҳарнинг Сойгузар мавзесида жойлашган беш қаватлик Местпром биносидир. Ушбу ташкилот аллақачон ёпилиб кетганига қарамасдан у ерга битта раҳбар ва битта бухгалтерга сунъий ойлик иш ҳақи тўлаб, гўёки, ташкилотни ишлаётган қилиб кўрсатишган. Бу ишларга Uzlidepнинг вилоят кенгаши ҳам аралашган”, дея иддао қилади Андижон шаҳар ҳокимлигидаги манба.

Қурилиш соҳаси раҳнамоси

Озодликнинг Андижондаги бошқа бир манбаси Алимовнинг ҳибсга олинишига унинг қурилиш соҳасидаги жиноятлари ҳам сабаб бўлганини айтади:

“Алимовнинг қурилиш бўйича катта бизнеси бўлган. Бизда ҳозир оммавий қурилишлар бўлаяпти. Шу қурилиш ишлари бўйича Алимовнинг норасмий ишлари бўлган. У қурилиш бўйича бир нечта фирмани очишга ёрдам берган. Қурилиш - энг даромадли соҳа ҳисобланади. Андижон вилоятининг собиқ ҳокими Обидов ҳам унинг даромадидан 5 фоизини ўзига олиб турганини айтишган”, дейди исмини очиқламаётганимиз манба.

Андижондаги яна бир манба эса маҳаллий ҳокимлик тизимидаги вазиятдан яхши хабардорлигини айтиб, Алимовнинг намунавий уйлар қурилиши бўйича жиноятлари ошкор бўлгач, у ҳибсга олингани ҳақида гапирди:

“Андижон вилоятида сўнгги 6 йилда жами 3200 дан зиёд намунавий уйлар қурилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 1000 га яқин янги уй қурилди. Андижон шаҳрининг ўзида янги йил арафасида ёш оилаларга мўлжалланган 48 та янги уй қуриб битказилди. Бу уйлар “Камолот” уйлари номини олган. Янги уйлар қурилиши катта бизнесга айланган. Бу соҳа фақат катта раҳбарларнинг қўлида. Улардан бири Алимов бўлгани маълум. Алимов шаҳардаги қурилиш соҳасини тўла назорат қилган ва камида 5 та қурилиш фирмасининг очилишига бош-қош бўлган”, дея иддао қилди исмини ошкор қилмасликни сўраган бу манба.

Андижон вилоят ҳокимлигининг исмини очиқламаётганимиз мулозими қурилиш ва ун савдоси соҳасида текширувлар бўлаётганини тасдиқлаб, буни Алимовнинг ҳибсга олингани билан боғламасликни сўради.

Мулозимга кўра, тафтиш солиқ бошқармасининг режадаги текширувлари асосида амалга оширилаяпти.

"Сайлов натижалари сохталаштирилган"

Андижон шаҳар ҳокимлигидаги манбанинг яна бир иддаосида Алимовнинг бошқа кирдикорлари ҳақида сўз боради:

“Алимовнинг даромад манбаларидан яна бири, мактабларга директор лавозимларини аукцион даражасида пуллагани ва 2014 йилда бўлиб ўтган депутатлик сайловларида шаҳар кенгашига депутатликни ҳам худди шундай пуллаганидир. Ҳатто унинг ўзи халқ иродасига қарши сайлов натижаларини сохталаштирган ҳолда депутат бўлиб олган", дея иддао қилади шаҳар ҳокимлигига яқин манба.

Uzmetronom: Алимов Тошкентга олиб келинди

Собиқ ҳоким Нурилло Алимов ҳозирда тергов учун Андижондан Тошкентга олиб келинган.

Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб хабар қилган Uzmetronom.com сайти маълумотига кўра, Нурилло Алимовга илгари сурилаётган айбловлардан бири порахўрлик билан боғлиқ.

Uzmetronom.com Алимовга қўйилган моддалардан 2 тасини келтиради: Булар Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) ва 211-моддаси (Пора бериш)дир.

Сессия пайти кишанланган ҳоким

Нурилло Алимов 1 апрель куни халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган учинчи сессиясида депутатлик мақомидан маҳрум қилиниб, ишдан олинди.

Илгари чим устида хоккей федерациясининг вице президенти бўлиб ишлаган Нурилло Алимов сўнгги 7 йилдан буён Андижон шаҳар ҳокими бўлиб келган.

Бундан қарийб бир йил аввал Андижон шаҳар прокурори Азизбек Маматхўжаев Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг вилоят бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди. Озодлик манбасига кўра, прокурор Маматхўжаев ҳам пора олганликда айбланмоқда.

Сўнгги пайтда Ўзбекистонда туман ва шаҳар ҳокимларининг, прокуратура ва милиция бошлиқларининг кетма-кет ҳибсга олиниши кузатилмоқда.

Ўтган йилнинг 19 апрель куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳокими Панжи Тангриев МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ҳибсга олинди.

2013 йилнинг декабрь ойида Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокими Ҳусниддин Жўраев ҳибсга олинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG