Линклар

“Исломий давлат” болалардан жаллод сифатида фойдаланишни оқлади


"Исломий давлат" январь ойида тарқатган видеодан олинган сурат. Ушбу видеода ёш бола асирлардан бирини қатл этаётгани акс этган.

"Исломий давлат" январь ойида тарқатган видеодан олинган сурат. Ушбу видеода ёш бола асирлардан бирини қатл этаётгани акс этган.

“Исломий давлат” гуруҳи томонидан нашр этиладиган “Дабиқ” тарғибот журналининг навбатдаги сонида жангарилар топшириғи билан жосусликда айбланган асирларни қатл қилган икки ёш бола мақталди.

Муқовасида “Африкада фақат шариат ҳукм суради” деб ёзилган “Дабиқ” журналининг саккизинчи сони ижтимоий тармоқларда 30 март куни тарқатилди.

“Эртанинг шерлари” деб номланган мақолада икки ёш жангари сурати берилган. Суратлар бу икки боланинг “Исломий давлат” чет эл жосуслари деб айблаган асирларни қатл қилаётгани тасвирланган видеолардан олинган.

Январь ойида бу икки жангари боланинг бири жосуслар деб айбланган икки россиялик кишини ўлдиргани акс эттирилган видео Интернет орқали тарқатилган эди. Бу бола аввалроқ тарқатилган ҳарбий ва мафкуравий машқлардан ўтаётган этник қозоқлар тасвирланган видеодаги болаларнинг бирига жуда ўхшайди.

Иккинчи боланинг сурати ўтган ойда тарқатилган Исроил фойдасига жосуслик қилишда айбланган фаластинлик кишининг қатл қилингани тасвирланган видеодан олинган.

Журнал мақоласида бу икки ёш жангари “Халифаликнинг ёш арслонлари” деб юритилади.

“Исломий давлат” жангариларининг ёш болалардан жаллод сифатида фойдаланиши ғарб ҳамда араб матбуотида ғазаб ва нафрат уйғотди. “Дабиқ” мақоласида жангарилар айнан шу натижага эришиш учун “ёш жаллодларни” тасвирга олгани шама қилинган.

Мақолада “Кутилгандек, Халифаликнинг “бола аскарлар”дан фойдаланиши кофирлар ғазабини келтирди”, дейилади. Мақола муаллифи “Исломий давлат” гуруҳининг Ислом дини ва унинг тарихи ҳақидаги қарашларига асосланиб, болалардан аскар ва жаллод сифатида фойдаланишни оқлайди.

“Бу Аллоҳ элчисининг суннаси бўлган. У жанг қилишга қодир ёш саҳобаларга кўп худолиликка эътиқод қилувчиларга қарши олиб борилган жангларда иштирок этишга рухсат берган”, дейилади “Дабиқ” мақоласида.

Ислом қонунлари ва тарихига асосланиб бола аскарлардан фойдаланиш тактикасини оқлаш учун ёш болалар иштирок этишга мажбурланаётган жанг журналда Ислом ва “кофирлар” ўртасида бир неча асрдан бери давом этиб келаётган буюк курашдек тасвирланади.

“Дабиқ” журналининг навбатдаги сонида бола жаллодлар мақталган мақоладан ташқари ғарб мусулмонларини Сурия ва Ироққа келиб “Исломий давлат” сафларига қўшилишга ундовчи, рекламани эслатадиган суратлар ҳам бор. Жумладан, журналда қизил соқолли франциялик жангари Абу Суҳайб ал Фарансийнинг бир неча сурати берилган.

Журналда яна жангариларнинг Мосулдаги музейда тарихий ёдгорликларни вайрон қилганини оқловчи мақола ҳам бор.

Мақола муаллифи тарихий бойликларни кўргазмага қўйиш “Аллоҳ ва унинг расули кўрсатмаларига зид” эканини айтиб, Ироқнинг бетакрор меросини вайрон қилишни оқлайди.

Журналнинг саккизинчи сонда яна афтидан британиялик асир Жон Кэнтли қаламига мансуб мақола ҳам берилган. Кэнтли АҚШ ва унинг ҳамкорлари “Исломий давлат”га шунчаки бир ташкилот эмас, балки мамлакат сифатида қарай бошлагани ҳақида ёзади.

Кэнтли “Исломий давлат” бошқарувидаги ерлар Сурия президенти Башар ал Ассадга ёки Ироқнинг янги “ношуд” ҳукуматига қарашли эмаслигини қўшимча қилади.

Британиялик асир “Исломий давлат” ерларини мамлакат деб аташ кераклигини кўрсатувчи яна бошқа омилларни тилга олади. Хусусан, Кэнтли “Исломий давлат”нинг ўз полицияси, танклари, артиллерияси ҳамда “ўн минглаган аскардан иборат армияси” борлигини айтади.

Кэнтлига кўра, АҚШнинг “Исломий давлат”ни мамлакат деб тан олишига ўз ғурури йўл қўймаяпти.

“Бундай қилиш учун ғурурни енгиш керак. Эндиликда Халифаликнинг қора байроғини Африка, Арабистон ва Осиё уфқларида кўриш мумкин” , - деб ёзади “Исломий давлат”нинг тобора кенгайиб бораётганини иддао қилган Кэнтли.

Жанна Парасюк қаламига мансуб ушбу мақолани Нодир Атаев таржима қилди

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG