Линклар

Қирғизистон: Ҳукуматга қарши "жиҳод"га чақирган чегарачи қўлга олинди


Қирғизистон раҳбарлари ва депутатлари жамоат билан бирга намоз ўқишдан тортинмайди. Суратда: парламент раиси ва бир гуруҳ депутатлар намоз пайтида.

Қирғизистон раҳбарлари ва депутатлари жамоат билан бирга намоз ўқишдан тортинмайди. Суратда: парламент раиси ва бир гуруҳ депутатлар намоз пайтида.

Ижтимоий тармоқларда Қирғизистонда халифалик ўрнатиш учун одам йиғаётганини эълон қилган қирғиз чегарачиси қўлга олиниб, тергов ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда айрим таҳлилчилар ҳукумат тузилмалари ва ҳуқуқ-тартибот органларида ҳам исломийлар кўпайиб бораётганидан ташвиш билдирмоқда.

Интернетдаги Facebook ижтимоий тармоғида 4 апрель куни Қирғизистонда амалдаги ҳукуматни ағдариш ва халифалик ўрнатиш учун “жиҳод”га одамлар йиғилаётгани ҳақида эълон тарқатилган эди. Унда “бизнинг чегараларимиз яхши қўриқланмайди, исталган жойдан қурол олиб кирса ёки олиб чиқиб кетса бўлади”, деб ёзилгани айтилган.

Сўнгги хабарларга қараганда, мазкур чақириқни Қирғизистон чегара хизматчиси тарқатгани аниқланган. Айни пайтда исми ошкор қилинмаётган чегарачи қўлга олинган ва унга нисбатан тергов ишлари олиб борилмоқда. Айрим хабарларга қараганда, бир неча кун ичида ўнга яқин одам чегарачи тузмоқчи бўлган гуруҳга аъзо бўлишга тайёр эканини билдирган.

-Гумонланувчини сўроқ қилиш жараёни давом этмоқда. Терговда фақат унинг ижтимоий тармоқдаги чақириғигина ўрганилмаяпти. Тергов унинг атрофидаги одамларни, танишларини ҳам ўрганаяпти. Бу воқеадан кейин чегарадаги ҳарбий қисмларда назорат кучайтирилди, -деди Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрибоева.

Бу воқеадан сўнг Қирғизистон жамоатчилигида ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида ҳам бу каби “жиҳодга тайёр бўлган исломчилар” бор, деган таҳминлар баҳсларга сабаб бўлмоқда. Дин масаласи бўйича эксперт Назира Қурбанова эса ички ишлар органларида салафийлик оқими тарафдорлари мавжудлигини иддао қилган.

-Давлат структураларида, ички ишлар органларида салафийларни қўллаб-қувватлаб келаётган ходимлар бор. Масалан, Ички ишлар вазирлигида ишлаган полковниклардан бири Бишкек яқинидаги Пригородное қишлоғида салафийлар йиғин ўтказаётгани ҳақида оператив маълумот олинганини ва бу маълумотни текшириш учун милиция гуруҳи жўнатилганини айтиб берган. Аммо милиция воқеа жойига етиб келгунича, салафийларни кимдир огоҳлантириб қўйган ва улар тарқаб кетган. Бу воқеа милиция орасида ҳам салафийлар тарафдорлари борилигининг далилидир, - дейди Назира Қурбанова.

Айни пайтда ҳуқуқ –тартибот тузилмаларидаги раҳбар ходимлар милиция таркибида намоз ўқиганлар ва ислом дини фарзлари асосида яшаётган ходимлар кўплигини эътироф этадилар. Бу ҳақда гапирган Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси 10-бўлими бошлиғи Жакип Зулпуев “намоз ўқиган ва исломий тарзда яшаётган милиция ходимлари радикал гуруҳларга қўшилиши ёки уларни қўллаши бекор гап”, деб фикр билдирган.

“Ақлли ечимлар” таҳлил маркази директори Эсен Усубалиев эса қирғиз матбуотида қилган чиқишида “одамларни жиҳодга чақирган чегарачи” ҳукумат тузилмаларидаги ўнлаган исломчилардан бири ҳолос, деган фикрда.

-Масалан, “Таблиғи жамоат” нинг тарафдорлари парламентда, ҳукуматда, армияда ва милицияда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас, -дейди таҳлилчи.

Қирғизи ҳукумати бундан аввал 300га яқин қирғизистонлик “Исломий давлат” гуруҳи сафида жанг қилаётганини билдирган эди. Қирғизистондан Сурияга “жиҳод”га бориб келганларнинг элликка яқини қўлга олинган. Улардан 8 нафари 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилинган. Яна уч киши Ўш шаҳар суди томонидан шартли равишда 3 йилга ҳукум қилинган.

Бундан аввал Қирғизистон парламенти депутати Ўмурбек Текебаев Сурияда 500га яқин қирғизистонлик бор эканини айтганди.

Аммо шу кунгача ҳеч ким Қирғизистон ҳукуматини ағдариб, халифалик ўрнатиш таклифи билан одамларни “жиҳод”га чақирмаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG