Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:27

Эрон ядровий дастури бўйича келишув Марказий Осиё учун янги имкониятлар очадими?


Эрон, Туркманистон ва Қозоғистонни боғловчи янги темир йўл очилиши, Туркманистондаги Ақ Яйла қишлоғи, 2014 йил 3 декабри.
Эрон, Туркманистон ва Қозоғистонни боғловчи янги темир йўл очилиши, Туркманистондаги Ақ Яйла қишлоғи, 2014 йил 3 декабри.

Теҳрон ядровий дастури бўйича Эрон ва дунёнинг олти қудратли давлати ўртасида муросага келиниши ортидан Марказий Осиёдан Эрон орқали Европага олиб борадиган қадим Ипак йўли тикланишига умид пайдо бўлди.

Марказий Осиё давлатлари учун Эрон орқали Европага чиқиш йўли қарийб 25 йил давомида ёпиқ бўлган. Бироқ Эрон ядровий дастурига оид келишув ҳақидаги умидбахш хабарлардан сўнг таҳлилчилар “бу йўналиш очилиши ва у минтақа мамлакатларига улкан таъсир кўрсатиши мумкин”лиги тўғрисида сўзлай бошладилар.

Эслатиб ўтамиз, Эрон ва дунёнинг олти етакчи давлати ўтган ҳафта Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ўтказилган музокараларда Теҳрон ядровий дастурини чеклаш юзасидан 30 июнь куни имзоланадиган шартноманинг “асосий параметрлар борасида” муросага келганди.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутассаддиси Федерика Могеринининг айтишича, эришилган келишувга кўра, Эронда уранни бойитиш қуввати пасайтирилади ва бу иш билан шуғулланиб келган ташкилот ядро физикаси тадқиқот марказига айлантирилади. Эронда бойитилган ураннинг муайян қисми эса Теҳрондан қабул қилиб олинади. Бунинг эвазига эса АҚШ ва Ғарб давлатлари Эронга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилади.

Эронга нисбатан санкциялар Теҳрон ядро қуроли яратишга уринаётганига оид тахминлар ортидан жорий қилинганди. Эрон эса ўтган йиллар мобайнида ўз ядровий дастури фақат тинч мақсадларни кўзлашини таъкидлашдан чарчамаган.

Марказий Осиё минтақаси Евросиё марказидаги савдо йўллари кесишган жойда жойлашган бўлса-да, геосиёсий жиҳатдан ҳозирда бурчакка тиқилиб қолгандек. Афғонистондаги нотинчлик туфайли жанубий савдо йўли ёпилган, деса бўлади. Каспий денгизи орқали йўл эса, унинг ҳуқуқий мақоми ноаниқ бўлгани учун катта савдо потенциали эга эмас, деб кўрилади.

Вашингтондаги Яқин Шарқ институти вакили Алекс Ватанканинг қайд этишича, ҳозир Марказий Осиё учун фақат улкан Россия орқали шимолий ва бошқа бир йирик давлат – Хитой орқали шарқий йўлларгина очиқ. Таҳлилчига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Остона ва Ашхобод “Россия ва Хитой каби мамлакатларга қарамликни камайтириш учун” Эроннинг геосиёсий имкониятлари ошишидан манфаатдордир.

Эрон орқали Европага ёки Форс кўрфази мамлакатларига олиб чиқадиган савдо йўли Марказий Осиёдаги савдо динамикасини ўзгартириши, бу имконият эса минтақа мамлакатларига шимол ва шарқдаги “катта қўшнилар” билан музокаралар чоғида қўшимча пишанг вазифасини ўташи мумкин. Бу йўлнинг аҳамияти айниқса энергетика соҳаси учун катта.

Лондонда истиқомат қилувчи эронлик эксперт Ҳусайн Ориён Теҳрон санкциялар олиб ташланишини истаган соҳаларидан бири айнан энергетика эканини айтади. Таҳлилчига кўра, халқаро санкциялар олиб ташланса, Эрон бу соҳани ривожлантириш учун хорижий сармоя жалб қилиши мумкин.

“Бу Эрон иқтисодиёти учун ҳақиқий туртки бўлган бўларди”, дейди Ҳусайн Ориён.

Эрон йирик нефть ва газ заҳираларига эга бўлибгина қолмай, Марказий Осиё нефти ва газини Россияни айланиб ўтган ҳолда Европага етказиш учун энг қисқа йўлни таклиф қилиши мумкин бўлган мамлакатдир.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний бу ҳақда ўтган ой охирида Туркманистонга қилган сафари чоғида эслатиб ўтган, Эроннинг NIGC газ ширкати эса февраль ойи бошида Озарбайжон ва Туркманистон газини Туркия орқали Европага етказа бошлаши ҳақида билдирганди.

Европа Иттифоқи Россияга қарамликни камайтириш учун газ таъминоти манбаларини диверсификация қилишга уринмоқда. ЕИнинг “Жанубий газ йўлаги” лойиҳаси Озарбайжон ва Туркманистондан ҳамда эҳтимол Қозоғистон ва Ўзбекистондан ҳам газ етказиб берилишини ўз ичига олади.

Бу ўринда таҳлилчилар минтақа газининг Эрон орқали ташилиши осонроқ ва арзонроқ йўл эканини айтмоқдалар. Март ойи ўртасида Трансанатолия газ қувури (TANAP) қурилиши бошланган. Бу қувур орқали Европага йилига тақрибан 60 миллиард куб метр газ етказиб бериш мумкин. Бу миқдорни тўлдириш учун эса Озарбайжон газининг ўзи камлик қилади.

Айни пайтда таҳлилчилар бу лойиҳалар ишга тушиши учун камида беш йил, балки ундан ҳам кўпроқ вақт керак бўлишини айтмоқдалар.

Таҳлилчиларга кўра, Яқин Шарқ минтақасида шиа ва суннийлар ўртасида юзага келган таранг вазият бу лойиҳаларнинг амалга ошишида асосий тўсиқ бўлиши мумкин.

Бу лойиҳалар Европага газ етказиб беришда ўзига рақиб пайдо бўлишини ва бунинг ортидан ЕИга босим ўтказиш пишангидан ажраб қолишни истамайдиган Россияга ҳам ёқмаслиги табиий. Шу важдан таҳлилчилар Москва Марказий Осиё мамлакатларининг бу соҳада Эрон билан тузилиши мумкин бўлган битимларига тўсқинлик қилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаяптилар.

Эрон билан тузилиши мумкин бўлган савдо шартномаларига бошқа бир монеъ, таҳлилчилар фикрича, Марказий Осиёдаги юқори лавозимли мулозимлар зеҳнияти бўлиши мумкин. Бир пайтлар Коммунистик партия аъзоси бўлган бу шахслар теократик бошқарув ҳукм сураётган Эронга ҳали ҳам шубҳа билан қарайдилар. Бироқ шиалар Эронининг асосан суннийлар истиқомат қиладиган Марказий Осиёга мафкуравий таъсири қарийб йўқ ҳисобида эканини қайд этган экспертлар минтақа лидерлари ўз мамлакатларида Исломий инқилоб шамоли эса бошлашидан хавотир олмасалар ҳам бўлишини таъкидламоқдалар.

XS
SM
MD
LG