Линклар

logo-print

Тошкентнинг Эски шаҳар мавзесидаги валюта олди-соттиси билан шуғулланувчи саррофларни якшанба куни қора ниқоблилар босди. Ўтказилган амалиёт чоғида ўнга яқин сарроф машинага босиб олиб кетилган. Аммо ўша куни кечга бориб, ички ишлар бўлимига олиб борилган саррофлар қўйиб юборилди ва улар айни пайтда “қора бозор”даги фаолиятини яна давом эттирмоқда.

Бу ҳақда хабар берган Чорсу бозорида ишлайдиган тадбиркорнинг айтишича, воқеа тез суръатда содир бўлган:

- Ойналари қорайтирилган мошинларда келишди. Ҳаммаси қора ниқобда, автоматлар билан қуролланган эди. Тахминан ўн минутлар ичида валютчиклардан ўнтачасини ушлаб, мошинага босиб олиб кетди, қолгани қочиб қолди, деди Озодлик манбаси.

Тадбиркорнинг айтишича, кечга бориб олиб кетилган саррофлар яна бозорда пайдо бўлиб, савдосини давом эттирган.

Қора ниқоблилар “ов”идан қутулиб қолган саррофлардан бирининг Озодликка айтишича, олиб кетилганлар Шайхонтоҳур ички ишлар бўлимида кўп ушлаб турилмаган:

- Ўзи бундай облавалар бизда кўп бўлиб туради. Олиб боришади, қамаб қўйишади. Кейин бизнинг ҳомийларимиз тегишли одамлар билан гаплашади ва қўйиб юборишади. Келиб яна ишимизни давом эттираверамиз, деди сарроф.

Ҳомийси номини ошкор қилишни истамаган сарроф, тегишли одамлар билан “гаплашиш” қанчага тушишидан бехабар эканлигини ҳам қўшиб ўтди.

Саррофлар фаолияти билан яқиндан таниш бўлган чорсулик тадбиркорнинг айтишича, “қора бозор”нинг очиқ фаолият олиб боришига ички ишлар мулозимларининг ўзи ҳомийлик қилади:

- Ҳақиқий эркин савдони валюта “қора бозори”да кўрасиз. Ҳамма ёқ очиқ, доллар оламан, рубль оламан деб, бемалол бақириб ўтиришади. Бундан бозор милициясининг ҳам, участка нозирларининг ҳам хабари бор. Лекин уларнинг тиши ўтмайди. Чунки валютчикларнинг ҳомийси анча баланд мартабадаги мулозим бўлади. Саррофлар унча-бунча мелисаларни ҳам “пошел” деб юборади. Уларнинг ўзини “профсоюзи” бор. Ўшанга доля бериб турилади. “Профсоюз” раиси эса йиғиб ҳомийсига беради. Бу 20 йилдан буён шаклланган мустаҳкам тизим, дейди тадбиркор.

Тошкентлик саррофлардан бирининг айтишича, уларнинг “облава” қилиниши, доллар нархининг “қора бозор”да кескин кўтарилиб кетиши билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин:

- Ўтган ҳафтада бир куннинг ўзида бир АҚШ долларининг нархи 4500-4600 сўмга чиқиб кетди. Бу анча ваҳима бўлди. Балки долларнинг курсини резко кўтарманглар деб, “маслаҳат” беришгандир, дейди сарроф.

Саррофнинг айтишича, АҚШ доллари бир кун 4600 сўмлик маррани эгаллаб турганидан сўнг сал пасайган:

- Кеча бир доллар 4200 сўм эди, бугун эса 4250 дан олаяпмиз, 4300 сўмдан сотаяпмиз. Долларнинг кўтарилиши Россия рублининг қадрсизланиши билан боғлиқ дейишяпти, дейди сарроф.

Ўзбекистонда чет эл валютасини эркин айирбошлаш имконияти йўқ.

Давлат курси билан “қора бозор” курси ўртасидаги жуда катта фарқ сабаб, одамлар валютани банкларда эмас, балки “қора бозор”да алмаштиришга мажбур бўлмоқда.

2013 йилнинг биринчи февралидан бошлаб Ўзбекистон банклари жисмоний шахсларга чет эл валютасини сотишни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Ҳозир фақат чет элга учиб кетаётган ўзбек фуқароси паспорти ва учқич чиптасини кўрсатиб, 2000 долларгача пулни давлат белгилаган курсда бир кварталда бир марта олиши мумкин.

Аммо бу қоиданинг ҳам амалда фақат сараланган тоифа одамлар учун ишлаëтгани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG