Линклар

Ҳибсдаги Ҳусан Московскийнинг Чуқурсойдаги омборлари муҳрланди


Ҳусан Зиëмуҳаммедов (ўнгдан биринчи) Дед Ҳасан даврасида.

Ҳусан Зиëмуҳаммедов (ўнгдан биринчи) Дед Ҳасан даврасида.

Жиноят оламида Ҳусан Московский, деган ном билан танилган тадбиркор Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг ҳибсга олиниши ортидан унинг Чуқурсойдаги қуруқ мева сақланадиган омборлари муҳрланди.

Вақтинча ушлаб турилгани айтилган Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг пайшанба куни ҳам қамоқда қолаëтгани билдирилди.

Озодликка турли ишончли манбалардан келган маълумотларга кўра¸ сешанба куни Ҳусан Зиямуҳаммедов тарафидан юк вагонларида Ўзбекистондан жўнатилган катта миқдордаги қуруқ мева ва қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари Россия ҳудудида божхоначилар тарафидан тўхтатиб қолинган.

Ҳусан Зиямуҳаммедов назоратидаги транспорт тизими воситасида Россияга жўнатилган қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари юкланган вагонлар Москвадаги озарбайжон диаспорасига қарашли ширкатлар ихтиëрига бориши кутилган .

Озодликнинг Москвадаги манбаларига кўра¸ бир неча ўн вагон экани иддао қилинган юк эгасига етиб бормаган.

Айни пайтда Озодликнинг Москвадаги мухбири Россия Федерал божхона хизматидан Ўзбекистонга оид вагонларнинг ушлаб турилгани борасида тасдиқ ëки инкор муждасини ола олмади.

Иддаолар

Ўзбекистон тергов идоралари ва мамлакат бошқарув элитасига яқин манбаларнинг иддао қилишича¸ 58 яшар Ҳусан Зиямуҳаммедов Россияга изнсиз қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, жумладан, ҳўл мева жўнатганлик ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланиб, душанба куни вақтинча қўлга олинган.

Ҳусан Московскийнинг қўлга олингани ҳақидаги илк мақола эълон қилинганидан кейин Ҳусан Зиямуҳаммедовга нисбатан Жиноят Кодексининг 28-моддаси 3-қисми бўйича "жиноятга тайёргарлик кўрилишига ёки жиноят содир этилишига раҳбарлик қилган ва уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма тузган шахс" сифатида айблов эълон қилингани борасида ҳам маълумот келди.

Бу маълумот Ҳусан Зиямуҳаммедов гуруҳига яқин бўлган шахс тарафидан келди ва айни пайтда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Террроризмга қарши Бош бошқармасидан бу маълумотни тасдиқлата олмадик.

Бу аснода Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг Россияга қочгани ва Ўзбекистон талаби билан сешанба куни Москвада қўлга олиниб Бутир қамоқхонасида сақланаëтгани борасидаги иддао ҳам ўртага чиқди.

Москвадаги ўзбек тадбиркорларига яқин манбанинг Озодликка айтишича,“россиялик марҳум вор в законе Дед Ҳасан (Аслан Усоян) нинг Ўзбекистондаги вакили сифатида иш қилган Зиямуҳаммедов дўппи тор келганида ўзбек МХХ чангалидан қочиб Москвада яширинмоқчи бўлганида қўлга олинган”.

Ўзбекистон тергов идоралари ва мамлакат бошқарув элитасига яқин манбаларнинг иддао қилишича¸ 58 яшар Ҳусан Зиямуҳаммедов Россияга изнсиз қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари, жумладан, ҳўл мева жўнатганлик ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланиб, душанба куни вақтинча қўлга олинган.

Манбаларимизнинг таъкидлашича¸ Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг бир неча ҳамкорлари устидан ҳам жиноят иши очилиб, улар қамоққа олинган:

- Бир кунни ўзида Тошкентда Ҳусан Московскийскийга тегишли олти кишини қамоққа олишди. Уларни орасида Марик ва Одил каби Ҳусан аканинг яқин ëрдамчилари бор¸ дейди Озодлик манбаси.

Озодликнинг Тошкентдаги манбалари бу ҳибслар ортида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати турганини айтмоқда.

Бошқа манбалар эса Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Терроризмга қарши кураш бошқармаси зобитлари тарафидан қўлга олинганини билдирди.

Бу манбаларга кўра¸ Ҳусан Зиямуҳаммедов қўлга олиниши арафасида якшанба куни Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги валюта "қора бозорларини" қора ниқоблилар босган.

Озодлик манбаларига кўра¸ Ҳусан Зиямуҳаммедов валюта қора бозорига "акахонлик" қилиб келганликда гумон қилинмоқда.

"Бутун умр ўғрилар ëнида.."

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг вақтинча қўлга олиниши ва унинг атрофидагилар устидан жиноят иши очилиб, қамоққа олиниши Ўзбекистондаги яна бир криминал авторитет Салим Абдувалиевга қарши қаратилган зарба сифатида кўрилмоқда.

Ҳусан Зиямуҳаммедов ва Салим Абдувалиевни қариндошлик иплари боғлаб туради.

Ҳусан Московский ва Салим Абдувалиев тасвир марказида

Ҳусан Московский ва Салим Абдувалиев тасвир марказида

Ўтган йили криминал авторитет Салим Абдувалиев набирасининг яна бир криминал авторитет Ҳусан Зиямуҳаммедов оиласига келин бўлиб тушгани жиноий тизимларнинг ўзаро қариндошлик ришталари билан боғланиб кучайганига мисол ўлароқ талқин қилинган эди.

Салим Абдувалиевга қуда бўлган Ҳусан Пирматович Зиямуҳаммедов Россия матбуотида “Бутун умр ўғрилар ëнида юрган ” тадбиркор деб таърифланган.

Ўзбекистон мухолифати арбобларидан бири Муҳаммад Солиҳ бундан уч йил олдин ëзган мақоласида Ҳусан Зиямуҳаммедовни "МХХ билан ҳамкорлик қиладиган мафия вакили", деб атаган.

Солиҳнинг ëзишича¸ Ҳусан Зиямуҳаммедов МХХ зобитларининг чет эл сафарларини молиялайди ва МХХнинг ФСБ ҳамда рус мафияси билан муносабатларида координаторлик ролини бажариб келади.

Муҳаммад Солиҳ мақоласида “Ҳусан бу ҳолатда мафия ва ҳокимиятнинг киндиги бир эканига яққол намуна бўла олади. Чунки у Ўзбекистон МХХ контрразведка бошқармаси бошлиғи Алишер Усмоновдан бевосита топшириқ олади”, дея иддао қилинади.

Баъзи манбаларга кўра¸ Ҳусан Зиямуҳамедов бу хизматлари эвазига Ўзбекистонда ”Необыкновенная” ароғини сотиш монополиясини қўлга киритган.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ Ҳусан Пирматович Зиямуҳаммедов ва Салим Абдувалиевнинг тўй тадбирларида Ўзбекистон Ички ишлар¸ Адлия¸ Молия ва Ташқи ишлар вазирларининг хотинлари, шунингдек, бош вазир муовинининг синглиси мунтазам иштирок этиб келган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG