Линклар

logo-print

10 апрель куни Ислом Каримов яна бир бор қасам ичди


Каримов 2008 йил 16 январида ëнма-ëн қўйилган Конституция ва Қуръонга қўл қўйиб қасамëд қилмоқда.

Каримов 2008 йил 16 январида ëнма-ëн қўйилган Конституция ва Қуръонга қўл қўйиб қасамëд қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддаси бир шахснинг икки мартадан ортиқ президентликка сайланишини тақиқлашига қарамай¸ тўртинчи марта президентликка "сайланган" Ислом Каримов айни шу бузилаëтган Конституцияга қўл қўйиб¸ конституциянинг 92-моддасида келтирилган матнни ўқиб¸ президент сифатида қасамëд қилди.

Амалдаги Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасида ҳамон:

- Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас, деб ëзиб қўйилган.

Айни пайтда 2015 йилнинг 10 апрель куни Ислом Каримов ана шу Конституцияга қўл қўйган ҳолда¸ 4-марта президент сифатида қасамëд қилди.

Ўзбекистон президенти Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисларида қасамёд қилди ва қасамëд қилинган кундан бошлаб¸ ўз вазифасига расман киришади.

Инаугурация маросимида Марказий сайлов комиссияси томонидан умумхалқ сайловларида ғолиб деб топилган шахс¸ Ўзбекистон Конституциясининг 92-моддасида келтирилган:

«Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан».

деган матнни Конституция билан ëн-ëн қўйилган Қуръонга қўл қўйган ҳолда талаффуз қилди.

Тошкентдан олинган маълумотга кўра, инаугурация маросимига хорижий меҳмонлар таклиф қилинмаган. Фақат мамлакатдаги фаолият юритаётган дипломатлар иштирок этган.

Каримов қасамёд қилгач, Ўзбекистон эришаётган мувафаққиятлар, коррупция, хорижий инвесторлар каби мавзулар борасида нуқт сўзлади.

Биринчи қасамëд

Ислом Каримов 1991 йил декабрида ўтказилган мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президент сайловида ғолиб деб топилгач¸ 1992 йил январида илк бор қасамëд қилган.

(1992 йилнинг 9 январида қилинган биринчи қасамëд)

Бу тадбирни бевосита ëритган журналист Анвар Усмон орадан 23 йил ўтиб илк қасамëд маросимининг аксар тафсилотлари ëдидан кўтарилгани¸ бироқ бир жиҳат ҳамон кечагидек хотирасида эканини айтади:

- Каримовнинг биринчи инаугурациясини баландпарвоз руҳ билан ўтказишга ҳаракат бўлган. Мана биз мустақил бўлдик¸ ўз мустақил президентимиз қасамëд қилади¸ деган гаплар бўлган. Лекин нимагадир самимий бир хурсандчилик йўқ эди кўпчиликда. Ҳавода қандайдир бир муаллақлик ҳисси¸ қандайдир бир тушкунлик бор эди. Биласиз¸ ўшанда сиëсий мухолифат жуда фаол ва кучли эди. Коммунист одамнинг президент бўлгани нохуш бир кайфият туғдирмай қолмаган эди.

Ҳамон кечагидек кўз ўнгимда турган нарса¸ Каримовнинг минбардан туриб¸ бош бармоғини кўтариб¸ қайта-қайта “энди мана бундай яшаймиз¸ энди мана бундай бўлади” деб гапиргани. Каримов бош бармоғини ниқтаб “мана бундай” деган ҳаëтнинг қандайлигини орадан бир-икки йил ўтиб била бошладик¸ дейдижурналист Анвар Усмон.

Анвар Усмон хотирасида қолган учинчи манзара¸ Ислом Каримовнинг 1992 йилги маросимда Қуръонни ўпиб туриб иккинчи марта қасамëд қилгани:

- Каримов ҳам конституция¸ ҳам Қуръон ëнма-ëн қўйилган минбарда туриб қасамëд қилди (видеокадрлардан Каримовнинг на конституция ва на Қуръон устига қўлини қўймагани кўрилади –таҳр.). Чапаклардан кейин Каримов Қуръонни қўлига олиб¸ ўпиб¸ иккинчи марта қасамëд қилиб юборди¸ дейди биринчи инаугурация маросимида бевосита қатнашган журналист Анвар Усмон.

“Ўздонмаҳсулот” давлат ҳиссадорлик концернининг собиқ раҳбари Олим Отаев¸ Ўзбекистон президентининг 1992 ва 2000 йил январида қасамëдга келтирилиш жараëнида бевосита иштирок этганлардан бири.

Бу суҳбатдош ҳам инаугурация маросимида Каримовнинг халқаа катта ваъдалар берганини яхши эслашини айтади:

- 1992 йилги инаугурация пайтида Каримов ўз сўзлари билан айтганда “серқуëш Ўзбекистонимиз ерида 50 миллион одамнинг ҳамма томондан тўқ яшаши¸ иш билан таъминланиб¸ ер ости ва ер усти бойликларидан бемалол фойдаланиши”ни таъминлашга ваъда бераман¸ деб айтган эди. Бу ҳали ҳам кўпчиликнинг ëдида турибди¸ дейди собиқ вазир.

Иккинчи қасамëд

Айни шундай катта ваъда 2000 йил январидаги иккинчи қасамëд маросимида ҳам айтилди¸ деб давом этади Олим Отаев:

- 2000 йилги инаугурацияда Каримов 21-асрда Ўзбекистон ривожланиб кетади¸ биз ҳамма томондан¸ хусусан¸ қишлоқ хўжалиги¸ ғалла соҳасида тўлиқ мустақил бўламиз. Ҳамма нарсани ўзимиз ишлаб чиқариб¸ иш ўринларини кўпайтирамиз¸ деб катта ваъдалар берган эди. Аммо амалда ҳаммаси тескари бўлиб кетди¸ дейди собиқ дон вазири.

Учинчи қасамëд

Ўзбекистонлик журналист Нарзулла Охунжонов¸ 1992 йилги инаугурация жараëни матбуот учун очиқ бўлгани¸ аммо ундан кейинги маросимларга фақат махсус рўйхат ва чиғириқлардан ўтган мухбирлар қатнашиши ëзилмаган қонунга айланганини айтади:

Каримовнинг Россия матбуоти томонидан сўнггиси деб янглиш баҳоланган 3-инагурацияси.

Каримовнинг Россия матбуоти томонидан сўнггиси деб янглиш баҳоланган 3-инагурацияси.

- 2008 йилги сўнгги инаугурациядан кейин Каримов маросимга киритилганлар билан очиқ гаплашмоқчи бўлган. Журналистларга қараб¸ “қани нима муаммо¸ нима таклифлар бор” деган. Шунда радиодан борган тошкентлик бир журналист журналистларнинг турмуш даражаси яхши эмаслиги¸ уларни тажриба алмашиш учун четга юборишни айтиб қолган. Бу бечорани кейин бундай “очиқлик” учун роса олиб бориб¸ олиб келишди. Бунақа босимга юраги чидамай¸ бечора ўлиб кетди¸ дейди ўзи ҳам узоқ йиллар Ўзбекистон давлат телерадиокомпаниясида ишлаган журналист.

2008 йилги инаугурация жараëнини бевосита кузатган хориж журналистлари¸ унинг бор-йўғи 10 дақиқа давом этгани ва ортиқча дабдабасиз ўтказилганига алоҳида эътибор қаратган эдилар.

Бу маросимнинг ниҳоятда қисқа ва шарқона маросимларга ëт тарзда¸ камтар ўтганини Россиянинг "Независимая газета"сига изоҳлаган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манба¸ "Биз дабдабаларни унча хуш кўрмаймиз. Боз устига¸ Ислом Каримов учинчи марта қасамëд қилаяпти"¸ деган эди.

Тўртинчи қасам.. Сўнггиси?

2008 йилги инаугурация ҳақида "Последний срок президента Каримова" (Президент Каримовнинг сўнгги муҳлати) деб мақола ëзган "Независимая газета" 2015 йилнинг 10 апрель куни ўз хатосини эътироф этиб¸ Ислом Каримовнинг президент сифатида яна бир муҳлати ҳақида хабар тарқатишга мажбур.

На Марказий сайлов комиссияси¸ на халқ томонидан тилга олинаëтган Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасидаги чеклов амалда қолаëтганига қарамай¸ президент Ислом Каримовнинг сўнгги муҳлати қачон бошланиб¸ қачон тугаши Ўзбекистоннинг энг катта жумбоғи бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG