Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:40

Россияда муҳожир фарзандлари мактабдан қувилди


Россия амалдорлари муҳожир фарзанди маҳаллийлар билан тенг ҳуқуқли эмаслигини гапирмоқда
Россия амалдорлари муҳожир фарзанди маҳаллийлар билан тенг ҳуқуқли эмаслигини гапирмоқда

Россиянинг Тверь шаҳридаги мактаблардан бирида икки нафар ўзбек муҳожири фарзанди ўқувчилар сафидан чиқариб юборилди. Мактаб маъмурияти “олиб борилган мониторинг натижасида” хорижлик Умар ва Нусратуллоҳ Россияда ноқонуний яшаб келаётгани аниқланганини гапирмоқда.

Қурбонов-Урмонжоновлар оиласини ўз ҳимоясига олган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти мутахассислари ўқув муассасаси ходимлари Россия Конституцияси ва Болалар ҳуқуқлари бўийча Конвенцияни қўпол тарзда бузаётганига жамоатчилик эътиборини қаратмоқда.

Мактабдан ҳайдалган болаларнинг отаси Нурбек Қурбонов маҳаллий ФМС идораси қаршилиги туфайли оиласи шу аҳволга тушганини Озодликка гапириб берди.

Болалар “регистрацияси” йўқлиги сабабли мактабдан қувилди

Тверь шаҳри Заволжский туманидаги 34-ўрта мактабда ўқиётган 10 - синф ўқувчиси Умар ва 8 - синф ўқувчиси Нусратуллоҳ Ўрмонжоновлар мазкур мактаб директори буйруғи билан ўқувчилар сафидан чиқариб юборилди.

Бу оила тақдирига эътибор қаратган Москвадаги “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ўзи бошқараётган ташкилот номидан юборилган сўровномага мактаб директори Вера Панкова жавоб ёзганини маълум қилди. Хатда мактаб директори болаларнинг мактабдан чиқариб юборилганини “уларнинг Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний яшаётгани” билан изоҳлаганини кўриш мумкин.

34-мактаб директори Вера Панкованинг жавоб хати
34-мактаб директори Вера Панкованинг жавоб хати

12.01.2015 йилда ўтказилган болалар мониторинги натижасида, бу болаларнинг шахсий ишида Россия Федерацияси ҳудудида қонуний яшашга рухсатномаси муддати тўғрисида маълумот йўқлиги аниқланди. 2015 йилнинг февралида мактабга чақиртирилган болаларнинг отаси уларнинг Россия ҳудудида қонуний яшашга рухсатномасини кўрсата олмади. Ўзбекистон республикаси фуқаролари бўлган Урмонжонов Умар ва Нусратуллоҳ вақтинчалик яшашга рухсатномаси муҳлати тугагани ва ота-онаси бу ҳужжатни кўрсатишдан бош тортгани учун 34-сонли ўрта мактаб ўқувчилари сафидан Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний яшаётганлар сифатида четлатилди”, дейилади Панкова имзоси қўйилган хатда.

Маъмуриятнинг бу қарори юзасидан Озодлик саволларига жавоб берган 34-мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор муовини Алексей Максимов мактаб шунчаки “маҳаллий ФМС бошқармаси буйруғи” ва “миграция қонунчилиги қоидалари”ни ижро этаётганини тушунтиришга уринди.

- Ҳақиқатан, улар Россия Федерациясида ноқонуний яшаб келаётгани боис ота-онаси зарурий ҳужжатларни кўрсатмагунча ўқувчилар сафидан чиқарилди. Миграция қонунларимизга мувофиқ, ота-она болаларини қонуний яшашини расмийлаштириши зарур. Таълим муассасаси ҳудудимизда ноқонуний яшаб келаётганларга таълим хизматларини бера олмайди. Болалар онаси билан Россияга кириб келган: отада “вид на жительство”си бўлгани билан, онанинг ҳужжатлари жойида эмас. Маъмурий Кодексга мувофиқ, таълим муассасаси ноқонуний яшаётган хорижликларга хизмат кўрсата олмайди. Мактабамизда қонунбузарлик учун ҳар бир нолегал учун тўлашга ортиқча 500 минг рублдан пул йўқ, - дейди ҳужжати йўқ болалар таълим ололмаслигини билдирган бу ўқитувчи.

Бироқ, “Фуқаровий кўмак” ташкилоти юристлари болалар ота-она учун жавобгар эмаслиги ва мактаб маъмуриятининг бу ҳатти-ҳаракати Россия Асосий Қонуни ва халқаро қонунчиликка зид эканини билдирмоқда.

Мактаб директори Вера Панковадан болаларни қайта тиклашга рад жавобини олган ташкилот мутахассислари ёрдамида андижонлик Нурбек Қурбонов Заволжский туман судига болаларнинг ноқонуний мактабдан ҳайдалиши устидан шикоят қилди. Бироқ, суд “ҳужжатлар етарли эмаслиги” важи билан шикоятни қабул қилмади ва ёзма рад жавобини қўлга бермасдан “фақат почта орқали жўнатиши”ни билдиргани маълум бўлди.

“Фуқаровий кўмак” тармоғи раҳбари Светлана Ганнушкина Озодликка Тверь мактаби маъмурияти нафақат давлат қонунлари, балки инсонийлик қонунларига хилоф иш тутаётганини гапирди.

- Бу ерда Россия Конституциясининг 43 - моддаси бузиляпти. Унда аниқ-тиниқ “Ҳар бир шахс бошланғич, ўрта ва ўрта-махсус таълим олишга ҳақли” дейилган. “ҲАР БИР” дегани “миллати ва фуқаролигидан қатъий назар ҳар қандай шахс” деганидир! Бу ҳолат эса Болалар ҳуқуқлари Конвенцияси ва Россиянинг таълим тўғрисидаги қонуннинг қўпол бузилишидир. Ҳуқуқ ва оддий инсонийликни четга суриб қўйиб гапирадиган бўлсак, давлатга болаларнинг ишсиз, криминалга қўшилиб, кўчада санғиб юриши фойда келтирмайди. Қайдга турмагани учун ота-онани жазолаш мумкин - болаларни жазолаб бўлмайди! Қолаверса, регистрация текшириш - бу директорнинг иши эмас. У ўқитиши керак, -деди бу ҳодисани эшитганидан ғазабланганини гапирган ҳуқушунос Светлана Ганнушкина.

Светлана Ганнушкина билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:08 0:00
Бевосита линк

Светлана Алексеевна бундай вазият юзага келса мактаб маъмурияти ФМСнинг ноқонуний талабларини бажармасдан, идора раҳбарияти ва Таълим вазирлигига мурожаат қилиши ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари кераклигини ўқтирди.

“Фуқаровий кўмак” раҳбари сўнгги йилларда Россия Таълим вазирлиги ва бошқа идоралар амалдорларининг муҳожирлар фарзандларига қарши чиқараётган қарор-қоидалари билан тез-тез тўнаш келаётганини қўшимча қилди.

“Мен Россиядан жуда хафаман!”

Тверь мактабидан қувилган 17 ёшли Умар ва 15 ёшли Нусратуллоҳ Умаржоновларнинг отаси Нурбек Қурбонов асли Андижон шаҳридан. 48 ёшли бу муҳожир иккита ўғли ва рафиқасини 2005 йилда Андижон воқеаларидан кейин олиб чиқиб келган.

Россиядаги охирги 10 йилдаги қийнчиликлари ва дарбадарлиги тўғрисида Озодликка гапирар экан, суҳбатдош бундай вазиятга тушишида Россия Федерал миграция хизмати ходимларини айблади.

“Россияга келганимда иккита болам Митишчи шаҳрида мактабга борди, кейин у ердаги миллатчилик туфайли Тверь шаҳрига оилам билан кўчиб ўтишга мажбур бўлдим”, дея давом этади Нурбек Қурбонов.

- Бу ерга келганимда аллақачон учта фарзандим бор эди. РВП олганимдан кейин яна битта фарзанд кўрдим. УФМС "бу болага ҳам РВП қиласан", деб мени жуда қийнади. Уларни РВПсини қилдириш учун мен яна Ўзбекистонга регистрация қилиб, қайтиб келишим керак экан. Йўл кирани ҳисобланг - айтганидек қилдим. Қонуний бўлсин деб бор пулимни ишлатдим. Олтита оила аъзосига мен бир ўзим қоп-қоп ҳужжат тайёрлайман. Энди “хотининг 50 минг рубль даромад олиши тўғрисида ҳужжат олиб кел”, деяпти. УФМС начальниги менга “Мен сен билан қўшни бўлишга чақирганим йўқ!”, деб очиқчасига гапирди,- дейди Нурбек.

Қурбоновнинг фикрича, ФМС нима мақсадда бўлса ҳам Россияда регистрация муддати ўтиб кетган аёли ва болаларини чегарадан чиқаришга ҳаракат қилаётганини айтади.

- Биринчи синфдан 10 йил русчасига ўқиган болларимни мактабдан чиқарворди. 3 ой қолганда ўқитишолмади... Агар бола-чақам чегарадан чиқса – уларга депорт босиб беради: мени болларимдан айришмоқчи. Мен хафаман – бу давлат мени хор қилди! Улар бизни ишонтириб, ўзини тилида ўқитиб, энди “Бор, йўқол!”, деяпти. Ўзбекистонда уйим бўлмаса, 50 ёшга кириб тамом бўлдим – соғлигим ҳам яхши эмас. Мен бутун умр ҳалол меҳнат билан кун кечирган одамман,- дейди кимга додини айтишни билмаслигини гапирган андижонлик муҳожир.

Озодлик Твердаги ўзбек оиласи билан боғлиқ вазиятни кузатишни давом этади.

XS
SM
MD
LG