Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:11

Ахлатхонага айланган анҳор, “ўлди”га чиқарилган актриса


"Даракчи" газетасининг ёзишича, халқ артисти Тўти Юсупова "ўлгани" ҳақида турли миш-мишлар тарқатлган.
"Даракчи" газетасининг ёзишича, халқ артисти Тўти Юсупова "ўлгани" ҳақида турли миш-мишлар тарқатлган.

Ўзстандарт агентлиги мансабдори порахўрлиги учун қамалди. Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова “ўлди”га чиқарилди. Тошкент анҳорларида Менделеев жадвалидаги барча моддалар топилади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Сайлов ўтди – ишим битди” деган депутатлар қаттиқ адашади”

Мажлисда қатнашиб муҳокама қилинган масалани маъқуллаб қўйиш билан депутатлик вазифаси бажарилмайди (“Ўзбекистон овози”, 9 апрель).

Халқ демократик партияси нашрига кўра, депутатлар ҳар бир масала бўйича ўз фикр ва хулоасига эга бўлиши керак.

“Сайлов ўтди, депутат бўлиб сайландик, ниятимизга етдик, қолгани аста-секин йўлга тушиб кетаверади, деб ўйлайдиган одам қаттиқ янглишади, нафақат одамларни балки ўзини ҳам алдайди. Депутатлик нишонини тақиш билан одам халқ вакили деган юксак мақомга эга бўлиб қолмайди. Бу номга сазовор бўлиш учун юракдан меҳнат қилиш, жон куйдириш керак бўлади”, деб ёзади газета.

“Ўзстандарт агентлиги мансабдори порахўрлиги учун қамалди”

Ўзстандарт агентлиги тизимидаги Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш институти раҳбари порахўрлик ва мансабини суиистеъмол қилишда айбланди (“Ҳуқуқ”, 9 апрель).

Исми ошкор этилмаган мансабдор қўл остидаги ходимлардан пора олиб келган, шунингдек, илмий лойиҳаларга ажратилган катта миқдордаги давлат грантларини ўзлаштирган.

“Бу шахснинг фаолиятидаги қинғир ишлари тўғрисида сўз юритадиган бўлсак, юқоридаги сингари маълумотларни яна давом эттириш мумкин”, дейди Тошкент шаҳар прокуратураси вакили Ҳусан Ҳусанов.

Суд Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш институти раҳбарига 6,6 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

“Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова “ўлди”га чиқарилди”

Мамлакат бўйлаб Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова ўлгани ҳақида хабар тарқалди (“Даракчи”, 9 апрель).

Шоу бизнес нашри мазкур хабарга ойдинлик киритиш мақсадида Тўти Юсуповага қўнғироқ қилганида гўшакни актрисанинг ўзи кўтарган.

“Худога шукур, соппа-соғман. Айни дамда бироз тобим бўлмай даволанаётганим учун шундай гаплар тарқалгандир”, деган “ўлди”га чиқарилган актриса.

Ўтган ой охирида қорақалпоғистонлик 135 ёшли Тўти момо Юсупова вафот этган эди. Газетага кўра, тушунмовчилик сабабли кўпчилик одамлар қорақалпоғистонлик момони таниқли актрисага адаштириб юборган бўлиши мумкин.

“Нақд пул режаси бажарилмаганида ҳоким ўринбосарлари ҳам айбдор”

Наманган вилояти бўйича нақд пул тушуми режаси бажарилмагани кузатилди (“Диёнат”, 9 апрель).

Вилоят прокуратурасига кўра, бунга туман-шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари бошчилигидаги пул-кредит сиёсати комиссиялари вазифасини лозим даражада бажармагани сабаб бўлган. Масалан, биргина январ ойида пул кредит сиёсат комиссиялари фаолиятида 230 дан ошиқ қонунбузарлик аниқланган ва нақд пул тушуми режаси 81 фоизга бажарилган, холос.

Тижорат банкларида ҳам нақд пул тушуми режасини бажаришда масъулиятсизлик ва ўзибўларчиликка йўл қўйилган. Оқибатда биринчи даражали ижтимоий тўловлар кечиктирилишига йўл қўйилган.

“Тошкент анҳорларини ахлатхонага айлантирган ким?”

Тошкентдаги Салор, Бўрижар, Бўзсув каби анҳорлар тобора ифлосланиб бормоқда (“Новий век”, 9 апрель).

Салор каналининг катта қисми ахлатхонага айланиб қолган, сув ҳавзаси баклашкалардан тортиб, автомобил эҳтиёт қисмларигача – турли чиқиндиларга тўлган. Менделеев жадвалидаги барча кимёвий унсурларни топиш мумкин бўлган ҳавзадан бир пайтлар аҳоли сув ичганига ишониш қийин.

Бўрижарга эса канализация қувурлари тўғрилаб қўйилганини кўриш мумкин. Бўзсув канали эса қурилиш материалларига тўлган.

Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Артур Мустафин шаҳар анҳорларини асосан “Сувсоз” каби 20 дан ошиқ корхона ифлослантираётганини маълум қилган.

“Хонандалар куппа-кундузи ўғрилик қилишдан уялмаяпти”

Ўғирланган қўшиқлар ҳар қанча танқид қилинмасин, бу ҳақда ҳар қанча бонг урилмасин, ўзбек шоу бизнесида хориждан қўшиқ ўғирлаш кўпайиб бормоқда.

“Даракчи” нашрига кўра, сўнгги вақтларда ижоди билан тез тилга тушган хонанда Баҳром Назаров арманистонлик хонанда Силва Хокабяннинг “Норахарсик” қўшиғини ўғирлаб, “Пари-пари” тарзида куйлаган.

Диёр Маҳкамов ва Азиза Низомова куйлаган “Cевгимиз” қўшиғи эса турк хонандалари Рефет Эл Роман ва Эзо ижросидаги “Калбине Сургун” қўшиғидан ўғирланган. Хонанда Зоирбек эса “Дўст” қўшиғини “Берур” гуруҳи бисотидан ўғирлаган.

“Оксана Чусовитина мухлисларини яна ҳайратга солди”

Ўзбекистонлик спортчи Оксана Чусовитина спорт гимнастикаси бўйича Словенияда ўтказилган жаҳон кубоги баҳсларида таяниб сакраш бўйича 14,600 балл тўплаб олтин медални қўлга киритган.

Бу ҳақда бир неча матбуот нашри хабар беради. Жаҳон кубогида словениялик Тея Белак иккинчи, голландиялик Ноэл ван Клаверен учинчи ўринни олган.

Эслатиб ўтамиз, Олимпиада ўйинларида иштирок этиш бўйича рекорд ўрнатган Чусовитина ўтган ой Германияда ўтказилган халқаро турнирда ҳам олтин медални қўлга киритган эди.

XS
SM
MD
LG