Линклар

logo-print

КГБда юқори лавозимда ишлаган ва Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Олег Калугин Озодлик радиоси билан суҳбатда Россия раҳбари ўзини подполковник сифатида тақдим қилаётгани ёлғон эканини иддао қилди. Калугин Путинни Чеченистонда содир этилган уруш жиноятларида ва Кремлда илдиз отган порахўрликни текшириш ҳаракатига тўсқинлик қилганликда айблади.

"Путин майор эди"

Калугиннинг айтишича, Путин 1991 йил КГБдан кетишидан аввал майор унвонига эга бўлган холос. “Бир йилдан кейин подполковник бўлиши мумкин эди, аммо у бу унвонни олмаган”, деди Калугин.

Ҳозир АҚШда истиқомат қилаётган Калугинга кўра, 1998 йилда Путиннинг Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари этиб тайинланиши бу лавозимга фақат генералларни қўйиш ҳақидаги кўрсатмага зид бўлган.

Калугин 1990 йилларда Бош прокурор Юрий Скуратовнинг карьерасига нуқта қўйган шаҳвоний видео жанжали ортида КГБ тургани ҳақидаги тахминларни тасдиқлади.

Калугиннинг айтишича, Скуратов Борис Ельциннинг порахўрлиги ҳақидаги иддаоларни ўрганмоқчи бўлгани учун ҳам мана шундай тухматга дучор бўлган.

“Бу Бош прокурорни унга ўхшаган одам тасвирланган видео ёрдамида бадном қилишга қаратилган махсус КГБ операцияси эди”, деди Калугин.

Суҳбат давомида Калугин КГБ билан ҳамкорлик қилгани иддао қилинадиган икки кишини ҳам тилга олди. Булар миллатчи сиётатчи Владимир Жириновский ва рус православ черковининг собиқ раҳбари Патриарх Алексейдир.

Калугин Алексейни яхши билишини, патриарх унга совет даврида махфий хизматлар билан бўлган алоқалари туфайли черковни сақлаб қолганини сўзлаб берганини айтди.

Марков қотиллиги

Калугин совуқ уруш даврида Лондонда ўлдириб кетилган болгариялик ёзувчи Георгий Марковни ҳам тилга олди.

Таниқли журналист ва драматург Марков Болгариянинг коммунистик ҳукуматини танқид қилган ва 1975-78 йилларда Би-Би-Си ҳамда Озодлик радиоси учун ҳисоботлар ёзган.

Калугиннинг айтишича, Марковни Болгария махфий хизмати ходимлари ўлдирган. Совет КГБсининг ўша пайтдаги бошлиғи Юрий Андропов эса қотилликка рухсат берган.

Лондонда сиёсий қочқин сифатида яшаётган Марковни 1978 йил автобус бекатида соябон учи билан заҳарлашган. Марков тўрт кундан кейин 49 ёшда жон берган.

Калугиннинг таъкидлашича, Андропов аввалига Болгария махфий хизматларига қотилликни амалга оширишда ёрдам беришни истамаган. Аммо Андропов болгарлар илтимосига рад жавобини бериш Москванинг болгар махфий хизматлари орасидаги обрўсига путур етказишидан қўрқиб, ёрдам беришга қарор қилган.

Калугинга кўра, КГБ болгар хавфсизлик хизматига ёрдам бериш билан чекланган. Андропов ўз қўлидаги ишчиларга қотилликда бевосита иштирок этишни ман қилган.

“Соябонда ишлатилган заҳарни КГБ лабораторияси орқали юборгандик, – деди Калугин.- У ерда бир миллиграмм заҳар бор эди, холос. Соябон учига ўрнатилган капсула ичига кичик рицин томчиси солинган эди. Соябон очилганда бу капсула 3-5 метрга учиб борарди.”

1993 йил Калугинни мазкур қотиллик юзасидан сўроқ қилишган, лекин унга айблов билдирилмай қўйиб юборилган.

Марковни ўлдирганлар ҳанузгача жавобгарликка тортилгани йўқ.

Литвиненко қотиллиги

Калугин 2006 йил Лондонда полоний-210 радиоактив моддаси солинган чойни ичиб вафот этган Федерал хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Александр Литвиненко ишига оид айрим тафсилотлар билан ўртоқлашди.

Калугин Литвиненко Путин шахсий ҳаётининг “беадаб” томонларини ошкор қилгани учун ўлдирилган, деб ишонади. Калугин Литвиненкога бундай маълумотларни ошкор қилиш хавфли эканини айтганини қўшимча қилди:

-Мен у Лондондалигида қўнғироқ қилиб, Путиннинг шахсий ҳаёти ҳақида ёзма дедим. Кейин у ўлди. Мен уни кеч огоҳлантирдим, – деди Калугин.

Бу нохуш ҳодисалар Калугинни Путин ва унинг сиёсатини ошкора танқид қилишдан қайтара олгани йўқ.

Изидан тушишларидан қўрқиш-қўрқмаслиги ҳақидаги саволга Калугин: “Путин атрофидаги кишилар ораси яқин дўстларим кўп”, деб жавоб берди.

Аммо Калугин ўз хавфсизлигини ўйлаб Путиннинг шахсий ҳаёти ҳақида гапирмайди. “Мендан Путин ҳақида сўрашганда: “Аёлидан сўранг, улар 30 йилга бирга яшаган”, дейман”.

Анастасия Кириленко ва Клэр Бигг қаламига мансуб ушбу мақолани Нодир Атаев таржима қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG