Линклар

logo-print

Чехия Президенти Земан Москвадаги парадга бормайдиган бўлди


Чехия Президенти Милош Земан.

Чехия Президенти Милош Земан.

Чехия Президенти Милош Земан 9 май куни Москвада ўтадиган Иккинчи Жаҳон Урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган ҳарбий парад тантаналарида иштирок этмайдиган бўлди.

Бу ҳақда бугун хабар қилган Чехия президентининг матбуот хизмати маълумотига кўра, Земан 8 май куни Москвага сафар қилади. Бироқ у парадни томоша қилишга бормайди.

Расмий хабарга кўра, парад пайти Земаннинг Словакия Бош вазири Роберт Фицо билан билан музокара қилиши режаланган.

Март ойи охирида Земаннинг Москвадаги ҳарбий парадни томоша қилишга бориши хабар қилинган эди.

Чехия Бош вазири Богуслав Соботка президентнинг бу қарорини қоралаб чиқди. Чехия парламентининг аксар депутатлари ҳам Земаннинг бу қарорини қўлламасликларини билдиришди.

Россия Президенти Владимир Путин 9 май Ғалаба куни муносабати билан Қизил Майдонда ўтказиладиган ҳарбий парадга раислик қилади. Мазкур санани нишонлаш режалари бу йил зиддиятларни келтириб чиқарди.

Москва Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиши ва россияпараст айирмачилар билан Украина ҳукумати қўшинлари ўртасидаги уруш 20-асрда Европада рўй берган қонли зиддиятлар ва Совет режимининг урушдан кейин Шарқий Европа давлатларини босиб олганига оид хотираларни эслатди.

Аксар ғарб давлатлари етакчилари 9 май куни Россияга бормасликларини билдирган. Айни пайтда Москва парадига Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин, Хитой Президенти Си Цзипин ва Монголия Президенти Цахиагийн Элбэгдорж келиши эълон қилинган.

XS
SM
MD
LG