Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:46

"Лондонда ҳам Гулнора Каримованинг уйлари бўлиши мумкин"


Global Witness ташкилотининг ҳисоботида айтилишича, Лондонда Гулнора Каримованинг уйлари борлиги эҳтимоли катта, аммо буни тергов қилишга Британия ҳукуматининг "иштаҳа"си йўқ. Би-Би-Си радиосининг “Гулнора миллионларининг қанчаси Лондонда сақланаяпти?” сарлавҳали мақоласида мана шу ҳақда гап боради.

Би-Би-Си радиосининг ёзишича, "Transparency International гуруҳи ўтган ой чиқарган ҳисоботда ўтган йили Лондондаги 36 мингдан ошиқ кўчмас мулк офшор ҳудудлардаги яширин компаниялар орқали сотиб олинган". Ташкилотнинг иддао қилишича, бу кўчмас мулкларнинг асосий қисми ўғирланган пулларга харид қилинган.

Айни пайтда Global Witness ташкилоти куни кеча эълон қилинган ўз ҳисоботида Лондон кўчмас мулк бозори жаҳоннинг порахўр ва жиноятчи унсурлари учун пул ювиш қуролига айланганини билдирган.

“Ташкилотнинг даъво қилишича, Қирғизистонда қотилликка уриниш ва қатор иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилган Максим Бакиев ҳозирда Лондон ташқарисида 3.5 миллион фунт стерлингга сотиб олинган ҳашаматли уйда яшамоқда”, деб ёзади Би-Би-Си радиоси ташкилот ҳисоботига таянган ҳолда.

Би-Би-Си мухбири мазкур ташкилотнинг тадқиқотчиларидан бири Том Мейн билан суҳбатлашган. Суҳбат давомида Том Мейн “ Гулнора Каримовага қарши кўпгина давлатларда телеком ва пул ювиш можароларига боғлиқликда терговлар кетаётганидан яхши хабардормиз. Биз Гулнора билан кўп вақтдан бери қизиқиб келамиз. Ҳали 2003-2004 йилларда у ўз эридан ажралгач, Ғарбдаги омманинг кўзига тушишни бошлаганди. Биз ўшанда унинг HSBC банкида ҳисоби борлиги ва ўта бадавлат эканини аниқлаганмиз, лекин, албатта, бой бўлиш бу жиноят эмас. Лекин, мана 10-11 йил ўтиб унга қарши жиноий ишлар очилаяпти. Унинг Лондонда кўчмас мулкка эга экани борасида мишмишлар мавжуд. Нафақат биз, балки бошқа гуруҳлар ҳам олиб борган терговлар 1 ё 2 уй Гулнорага тегишли эканига ишора қилган", деб айтган.

Мухбирнинг "Нима учун Гулнора Каримованинг пуллари Швейцария, Швеция, Франция ва АҚШда терговларга сабаб бўлаяпти, лекин Британия ҳеч қандай тергов олиб бормаяпти?" деган саволига Том Мейн қуйидагича жавоб берган:

- Швецияда тергов бўлаётганининг сабаби, албатта, Швециядаги компания билан боғлиқ. Швецариядагиси эса Гулнора гўёки Швейцарияда сақлаётган мулк ва пулларга боғлиқ. Британияда у нималарни сақлаётгани борасида эса аниқ маълумот йўқ. Чунки, Британияда бу каби терговлар ўтказишга "иштаҳа" йўқ. Биз атиги бир ноҳукумат ташкилотмиз, ва саҳна ортида нималар бўлаётганидан бехабармиз. Балки қандайдир яширин терговлар ўтказилаётгандир. ЛекинГулнора Каримованинг Оврўподаги терговлари, Австриядаги Роҳат Алиев терговлари ёки Мухтор Аблязовнинг Франциядаги терговлари ҳақидаги эшитганимизда, нима учун бу каби терговларни Британия ўтказмаяпти деган саволни берамиз, - деб жавоб берган.

Бироқ суҳбат давомида “Гулнора миллионларининг қанчаси Лондонда сақланаяпти?” деган савол очиқ қолган. Бу борада ҳеч қандай маълумотлар келтирилмаган.

Озодлик радиоси бундан аввал Гулнора Каримовга қарши бир қатор ғарб давлатларида жиноят ишлари очилгани ҳақида хабар берган эди.

Жумладан, АҚШда олиб борилган тергов натижасида “VimpelCom, MTS ва TeliaSonera Ўзбекистонда телекоммуникация бизнеси лицензияларини қўлга киритиш учун бу мамлакат расмийларига пора берганини аниқлаган”.

Швециянинг TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганига доир иддаоларни тергов қилаётган Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер Озодлик билан суҳбатда, АҚШ тергови бу иш бўйича бир неча давлатда олиб борилаётган терговларнинг бир қисмидир, деб билдирган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам 2014 йил сентябрида Гулнора Каримова дохил уюшган жиноий гуруҳга қарши тергов олиб борилаётганини эълон қилган, лекин президент қизи айнан нимада айбланаётганини аниқлаштирмаган. Бош прокуратура Гулнора Каримованинг уй қамоғида эканлигига ҳам ишора қилган.

XS
SM
MD
LG