Линклар

16 йил аввал Владимир Барсуков дахлсиз шахс эди.

У йирик жиноят ва савдо империясига етакчилик қиларди. Йирик сиёсатчиларни бошқарарди, йирик сиёсатчиларни йўқ қила оларди. У Санкт-Петербургдаги энг кучли одамлардан бири ҳисобланарди.

Бугун эса уни ўйиндан четлатиш мумкин.

Россиялик гангстерлар қисмати шундай ниҳояланади. Шунинг учун ҳам буюртма қотилликлар жуда кеч фош қилинади. Сиёсий аҳвол ўзгаришини кутиш керак. Бошқача қилиб айтганда, дахлсиз шахслар ўз кучини йўқотишини кутиш керак.

Борис Немцов қотиллиги бўйича олиб борилаётган терговни кузатар эканмиз, шуни ёдда тутишимиз керак.

Рус матбуотига кўра, Барсуковни 1998 йилда ўлдириб кетилган Дума депутати ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоли Галина Старовойтова ўлимида айблашмоқчи.

Немцов қотиллиги сингари Старовойтованинг ўлдирилиши оммага катта таъсир кўрсатган ва элитани ларзага келтирган эди. Бу қотиллик ҳамма нарсани ўзгартириши кутилган эди.

Санкт-петербурглик ҳар бир жиддий журналист ўша пайтда тахмин қилган хулосага терговчилар 16 йилу 4 ой деганда келдилар. Шундай бўлса-да, ҳечдан кўра кечи хайрлидир.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Барсуковни йўқ қилиб бўлмади, сабаби у ўта кучли эди.

Исмини ўзгартиришидан аввал Владимир Кумарин номи билан маълум бўлган Барсуков Санкт-Петербургнинг энг даҳшатли, бешафқат ва сиёсий алоқалари кучли жиноий гуруҳига бошчилик қилган. Бу гуруҳ “тамбовская группировка” номи билан танилган эди.

Барсуков “тун губернатори”, унинг жиноий гуруҳи эса қора ҳукумат эди.

Санкт-Петербургдаги ҳар бир жиддий сиёсатчи, жумладан, Владимир Путин исмли шахс Барсуков билан бевосита ёки билвосита ишлашга мажбур эди.

Барсуков Санкт-Петербург ёқилғи ширкатининг вице-президенти бўлган. Шаҳарнинг нефть, кўчмас мулк ва банк тармоқларида Тамбов гуруҳининг ҳиссаси катта бўлган. Гуруҳ яна Санкт-Петербург, Калининград, Архангельск ва Мурманск шаҳарлари портларидаги савдо-сотиқни ҳам назорат қилиб турган.

Санкт-Петербургнинг сиёсий элитаси орасида Барсуковнинг одамлари кўп бўлган.

Милиция ичида ҳам Барсуковнинг бир неча “шишка”си бўлган. ФХХнинг Санкт-Петербургдаги бўлимининг ўша пайтдаги раҳбари Виктор Черкесов ҳам Барсуков билан яқин бўлган. Старовойтова ўлдирилган пайтда губернатор бўлган Владимир Яковлев ҳам Барсуковнинг одами бўлган айтилади.

Старовойтовани ўз квартираси зинасида ўлдиришган. Ўша пайтда у Яковлев билан сиёсий жанг олиб бораётган эди. Бу Барсуковнинг ишларига ҳам таҳдид солаётган эди.

Ўн йил давомида терговда ҳеч қандай олға силжиш бўлмади. 2005 йилда саккиз гумонланувчи қотилликда иштирок этганликда айбдор топилди, аммо қотилликни буюртмачиси аниқланмай қолаверди.

Икки ҳафта аввал эса ҳаммаси ўзгарди.

Рус оммавий ахборот воситаларига кўра, таъмагирлик айби билан қамалган ҳуқуқшунос Михаил Глушенко 26 март куни қотилликни уюштирганини бўйнига олишга ва Барсуковни буюртмачи сифатида кўрсатишга рози бўлган.

1998 йилдан фарқли ўлароқ, ҳозир Барсуковни йўқ қилиш осон.

У энди ўйиндан чиққан. Кучли эмас. Расмийларга фойдаси тегмай қолганига ҳам анча бўлди. Ҳатто у ортиқ эркин одам эмас. 2009 йилда уни бир неча айблов билан қамашган.

Уни энди четлатса бўлади.

Ҳозир Барсуков ўтган давр сарқити, холос. У даврда ҳукумат парчаланган бўлиб, беллашаётган мафия гуруҳларнинг биттаси эди. Россия ҳукумати ҳозирги кунда ҳам мафиядир. Аммо ҳозирда ҳукумат мафиясидан бошқа мафияларнинг аҳамияти йўқ. 90-йилларда Барсуков ва Тамбов гуруҳи бажарган вазифаларни эндиликда ҳукумат ўз зиммасиган олган.

Немцов ўлимига ким буюртма бергани қачондир аён бўлади. Бунинг учун 16 йил, балки ундан кўпроқ, балки озроқ вақт керак бўлиши мумкин. Буюртмачи (Рамзан Қодиров бўладими, бошқасими) сиёсат ўзгариб, буюртмачини ўйиндан чиқариш мумкин бўлган пайт келганида фош бўлади.

У пайт келганида Немцов қотиллиги одамлар ёдидан кўтарилган бўлади, худди Старовойтова ўлими бугунга келиб одамлар эсидан чиққани каби. Қотилликнинг даҳшати ва аҳамияти унутилади.

Албатта янги-янги дахлсиз шахслар пайдо бўлади, улар янги қотилликларни буюртиради. Уларни аввалига тинч қўйишади. Етарлича вақт ўтганидан кейин аввал дахлсиз бўлган кимсалар ўйиндан чиқади ва жавобгарликка тортилади. Бу ҳол шу йўсинда такрорланаверади.

Браян Уитмор қаламига мансуб ушбу блог Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG