Линклар

Папа Франциз Биринчи Жаҳон уруши пайтида арманиларнинг Усмонли аскарлари томонидан оммавий ўлдирилишини “геноцид” деб атади. Бу Туркияни дарғазаб қилиши турган гап, дейди таҳлилчилар.

Папа Франциз Биринчи Жаҳон уруши пайтида арманиларнинг Усмонли аскарлари томонидан оммавий ўлдирилишини “XX асрнинг илк геноциди” деб атади.

Папанинг бу сўзлари якшанба куни Римдаги Муқаддас Пётр Соборида арманилар қирғинининг 100 йиллигига бағишланган оммавий литургия чоғида янгради. ​

- Ўтган асрда инсоният учта йирик ва мисли кўрилмаган фожиани бошдан кечирди. Кўпчилик томонидан “XX асрнинг илк геноциди” дея кўрилган илк фожиа армани халқи бошига келганди, – деди Папа Франциз.

Франциз 2000 йилда Туркиянинг кескин эътирозларига сабаб бўлган Папа Жон Паул II ва армани патриархи чиқарган баёнотдан иқтибос келтирди.

- Ёвузликни яшириш ёки инкор этиш ярани очиқ ҳолда ташлаб қўйишга ўхшайди, – деди Папа Франциз.

12 апрель куни бўлиб ўтган оммавий ибодатда Папага армани патриархи Нерсес Бедрос XIX Тармуни ҳам шериклик қилди.

Арманистон Президенти Серж Саркисян ҳам ибодатда иштирок этди.

Папа Францизнинг “геноцид” сўзини ишлатиши Туркияни ғазабга келтириши турган гап.

Расмий Анқара Биринчи Жаҳон уруши пайтида кўп сонли арманилар ҳалок этилганини тан олган, аммо, шу билан бирга, бир аср муқаддам юз берган қон тўкишларда минглаб турклар ҳам ҳалок бўлганини доимо таъкидлаб келади.

Арманилар 1915-1917 йиллар орасида Усмонли Империяси парчаланар экан 1.5 миллион армани сўйилганини даъво қилишади.

Арманистон кўп йиллардан буён арманиларнинг оммавий ўлдирилишини “геноцид” (“қатлиом”) дея тан олиниши учун уриниб келади.

Европадаги бир неча мамлакат қирғинни “геноцид” дея расман тан олган.

Папанинг айтишича, ўтган аср давомида кузатилган қолган икки геноцид "нацизм ва сталинизим” томонидан содир этилган.

Шунингдек, Папа охирги йилларда “Камбожа, Руанда, Бурунди ва Босниядаги сингари яна қатор қирғинлар” юз берганини илова қилди.

Францизнинг илова қилишича, “афтидан инсоният бегуноҳ инсонлар қони тўкилишини олдини олишга қодир эмас”.

Оммавий ибодат чоғида Франциз армани орифи Муқаддас Грегорий Нарекга “черков доктори” унвонини берди.

Бундай унвонга дунё бўйлаб фақат 35 киши лойиқ деб топилган.

Унвон асарлари насроний черковининг ривожланишига катта ҳисса қўшган инсонларга берилади.

950-1005 йилларда яшаган Грегорий ўрта асрлар армани диний адабиётининг энг кўзга кўринган вакилларидан бири сифатида кўрилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG