Линклар

Тошкентлик насроний тоғ оша Қозоғистонга қочиб ўтди


Тошкентлик Абдрэшид Кушаев.

Тошкентлик Абдрэшид Кушаев.

Ўзбекистондан пиёда қочган 51 ёшли Абдрэшид Кушаев қочқинлик мақомини беришни сўраб Олмаота шаҳар миграция полициясига мурожаат қилди. Насроний динига мансуб бу шахс ватанида камситилганидан шикоят қилмоқда.

Ўзбекистонда туғилган татар миллатига мансуб русийзабон Абдрэшид Кушаев тақдир тақозоси ва бюрократик инжиқликлар важидан фуқаролиги йўқ шахсга айланган. Паспорти бўлмагани учун у Ўзбекистондан эркин чиқиб кетиш имкониятидан маҳрум бўлган, унга берилган фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси муддати эса шу йилнинг 5 февралида тугаган.

Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирлари билан суҳбатда Кушаев Қозоғистонга тоғлар оша уч кун пиёда юриб етиб келганини айтган.

Ватандан қочиш

Унинг айтишича, Ўзбекистондан қочишга март ойи бошларида жазм этган. Аввал Тошкентдан Ғазалкентга кетган, у ердан эса Оқтош дарасидаги дам олиш масканига йўл олган.

- У ерда тоғ оша Қозоғистон томонга қараб кетдим. Шимолни кўзлаб кетавердим, телефонимда компасим бор. Бир кунда ўтиб кетсам керак, деб ўйлагандим. Аммо шундай бўлдики, мен у ерда икки кечаю уч кундуз қолиб кетдим, - дея хотирлайди ўзининг қочиш тарихини Кушаев.

Тошкентлик қочоқнинг айтишича, дастлабки тунда у қарийб ухламаган, қияликдан тушиб кетишдан қўрққан. Кейинги кунлари унча қўрқинчли бўлмаганини айтган Кушаевга кўра, у йўл-йўлакай қорнини наъматак, дўлана ва зирк меваси билан алдаб кетган.

- Уч кун оқшомда тоғдан Қизилурта туманига тушиб келдим. У ерда омадим чопди: Олмаота автобусига ўтириб, 6 март куни бу ерга етиб келдим. Аммо кейин оёғим 10 кунча ёмон оғриди, - дейди Абдрэшид Кушаев.

Тошкентлик қочқин Олмаотага келиши билан БМТнинг бу ердаги қочқинлар идорасига мурожаат қилган, бироқ улар Кушаевга аввал Қозоғистондан бошпана сўраши лозимлигини айтганлар.

- Мен эса Европа мамлакатларидан бирида насронийлар орасида яшашни истайман, чунки мен насроний маданиятига мансубман. Сирасини айтганда, Қозоғистонда қолишни истамайман. Мен учинчи мамлакатга кўчиришларини сўраб мурожаат қилгандим. БМТ қочқинлар идорасидан: “Уч ой шу ерда яшаб, кутишингиз керак”, дейишяпти. Лекин бунинг учун пул керак-ку. Бунақа тўсиқнинг нима кераги бор – билмайман. Афтидан, бу Москванинг таъсири бўлса керак. Қаерда Москванинг ҳукми ўтса, у ерда инсон ҳуқуқлари қаттиқ чекланади, - дея хулоса қилади Кушаев.

Бу Кушаевнинг Ўзбекистондан иккинчи қочишидир. Биринчи марта у туғилиб-ўсган юртидан 2002 йилда қочган.

Милиция босими

Кушаевнинг айтишича, унинг муаммолари ўз уйи олдидаги тўсиқни синдирган безори устидан милицияга шикоят қилганидан кейин бошланган. Милиция эса безори билан бирга уни ҳам қамаб қўйган. Милиционерларга ўз ҳуқуқлари ҳақида гапирмоқчи бўлганида эса Кушаевнинг вазияти янада ёмонлашган.

Кейинчалик у ўзи билан жанжаллашган безори ҳам уйини тортиб олишни кўзлаган милиционерлар шипшитуви билан ҳаракат қилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлай бошлаган.

Кушаевга кўра, унга отасидан 6 сотих майдонли ёнма-ён қурилган икки уй қолган. Мазкур жанжалдан сўнг у ота уйини 3 минг долларга сотиб юборишга мажбур бўлган.

Отамерос уй билан боғлиқ жанжаллар

Уй сотилганидан кейин Абдрэшид Кушаев онасига Тошкент марказидан бир хонали квартира олиб берган, қолган пулни унинг қўлига берган. Қўлида фақат йўлкира билан қолган Кушаев Россияга қочган.

Бу қочишга собиқ хотини билан сотилган уй пулини бўлишиш юзасидан чиққан жанжал сабаб бўлган. Милиция ундан собиқ хотини билан пулни бўлишини талаб қилган. Бу баҳсда Кушаев ютиб чиққан. Бироқ милиция босими давом этавергач, Россияга қочган.

Кўп ўтмай, аниқроғи, 2004 йил июлида уни Россиядан бадарға қилганлар - Қозон-Тошкент самолётига давлат ҳисобидан солиб юборганлар.

Ўзбекистонга қайтганидан кейин Кушаев ўз устида ишлай бошлаган: халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон қонунларини ўргана бошлаган, Freedom House ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган.

Ўтган 10 йилдан кўпроқ вақт мобайнида у Ўзбекистондан қонуний чиқиб кетишга ҳаракат қилган, лекин бунинг уддасидан чиқолмаган.

Буларнинг ҳаммасини Кушаев ўзининг фуқаролиги бўлмаган шахс мақоми билан боғлайди.

Сарсонликнинг 23 йили

Тошкентда туғилган Абдрэшид Кушаев 1991 йили биринчи хотини билан ажрашганидан кейин иккинчи марта уйланганини, 1992 йил май ойида иккинчи хотини билан Татаристонга кўчиб кетганини айтади. Россияда “Фуқаролик тўғрисида”ги қонун 1992 йилнинг февраль ойида, Ўзбекистонда эса ўша йил июлида қабул қилингани учун у иккала мамлакатнинг ҳам фуқаролигини ололмай қолган.

Кушаевнинг ўзбек расмийлари томонидан берилган "Фуқаролиги бўлмаган шахс" гувоҳномаси.

Кушаевнинг ўзбек расмийлари томонидан берилган "Фуқаролиги бўлмаган шахс" гувоҳномаси.

Татаристондан 1993 йили қайтганини айтган Кушаев ўшандан буён фуқаролиги йўқ шахс бўлиб юрганини қўшимча қилади.

Кушаевнинг айтишича, унинг ота-онаси атеист бўлган. Ўзи эса 1995 йилдан Баптистлар черковига қатнай бошлаган. Орадан 10 йил ўтгач, у “Янги ҳаворийлар черкови” қавмига бориб қўшилган.

Кушаевга Олмаота расмийлари томонидан берилган "Бошпана изловчи шахс" гувоҳномаси.

Кушаевга Олмаота расмийлари томонидан берилган "Бошпана изловчи шахс" гувоҳномаси.

Олмаота шаҳар миграция полицияси Абдрэшид Кушаевга Қозоғистонда бошпана изловчи шахс гувоҳномасини берган. Бу гувоҳнома муддати 2015 йилнинг 10 июнида тугайди.

Айни пайтда БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олмаотадаги идораси масъуллари Озодликнинг қозоқ хизматига Кушаевни учинчи мамлакатга кўчириш бўйича ҳаракат бошланганини маълум қилганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG