Линклар

Германия ташқи ишлар вазири Путиннинг G7 саммитида қатнашишига қарши чиқди


Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер.

Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер.

Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер июнь ойида ўз мамлакатида ўтажак “Катта еттилик” саммитида Россия президенти Владимир Путиннинг иштирок этишига қарши чиқди.

Die Welt газетасига берган интервьюсида Германия бош дипломати: “Россияни узоқ муддатга ўзимиздан иҳоталаш бизнинг манфаатларимизга мувофиқ эмас, бироқ Қрим ноқонуний аннексия қилинганидан кейин биз ўзимизни худди ҳеч нарса бўлмагандек тутолмаймиз”, деди.

Штайнмайерга кўра, “катта саккизлик”ка қайтиш учун Россия Украина яхлитлигига нисбатан ҳурмат кўрсатиши ва Минск келишувига мувофиқ ўз мажбуриятларини бажариши лозим.

Россия бу халқаро клубдан Қрим аннексияси ортидан 2014 йилда чиқариб юборилганди.

Аввалроқ Германия парламентидаги Сўл партия фракцияси раҳбари Грегор Гизи канцлер Ангела Меркелни Россия президенти Владимир Путинни “Катта еттилик” саммитига таклиф қилишга чақирганди.

Гизи ўз таклифини “Путин Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар чоғида ва Суриядаги кимёвий қуролларни йўқ қилиш пайтида ижобий роль ўйнади”, дея асослашга уринган.

XS
SM
MD
LG