Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:28

Қочқинликдаги қорақалпоқ фаоли яқинлари қамоққа олинганини иддао қилмоқда


Қорақалпоғистонда қидирилаëтган шахслар рўйхати
Қорақалпоғистонда қидирилаëтган шахслар рўйхати

Ўзини “Қорақалпоғистон мустақиллиги курашчиси”, дея тақдим қилган собиқ мулозим Омон Саъдуллаевнинг даъво қилишича¸ унинг беш нафар иниси қамоққа олинган. Бу ҳақда 49 яшар қорақалпоқ фаоли Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига маълум қилган. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан иқтисодий жиноятларда айбланиб, қидирувга берилган Омон Саъдуллаев айни вақтда Бишкекда яшириниб юришга мажбур эканлигини айтган.

Ўзини “Қорақалпоғистон мустақиллиги курашчиси” деб атайдиган собиқ мулозим Омон Саъдуллаев яқинлари қамоққа олингани тўғрисида Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари бўйича тадқиқотчиси Стив Свердловга маълум қилган.

49 яшар қорақалпоқ фаоли Омон Саъдуллаев Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан иқтисодий жиноятларда айбланиб, қидирувга берилган. У ҳозирда Бишкекда яшириниб юришга мажбур эканлигини ҳам айтган.

Ҳюман Райтс Уотч тадқиқотчиси Стив Свердлов фикрича, Омон Саъдуллаевнинг Ўзбекистонда қолган қариндошлари шу кунларда тазйиқлар билан юзма-юз қолишган:

- Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Омон Саъдуллаев яқинларининг тазйиқ қилиниши ва Қирғизистонда қочқинликда юрган Саъдуллаевнинг ҳам тазйиқ остида эканлигидан ўз хавотирини билдиради. БМТ қочқинлар идорасининг Бишкекдаги бўлимига ҳам бу хавотиримизни етказдик¸- дейди Стив Свердлов.

Қирғизистондаги “Қилим шами” инсон ҳуқуқлари ташкилоти тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ Омон Саъдуллаевнинг оила аъзолари¸ яқин ва узоқ қариндошлари ҳамда у билан бирга ишлаган кишилардан баъзлари қамалган.

Қолганлари эса, кунора сўроққа тортилмоқда. Айни ташкилот маълумотларига кўра¸ Саъдуллаевнинг сафдошлари Обод Саëқев ва Давлатбой Маҳамбетов қамоққа олинган. Шуниндек Саъдуллаевнинг Нукусдаги беш укаси ҳибсга олингани ҳам иддао қилинади.

Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистондан ажралиш ҳуқуқини конституцияга киритган фаол Қўнғиротбой Оллониëзовнинг ўтган йили қамоқда ўлганлиги ҳақида Озодлик маълум қилган эди.

Қорақалпоғистондаги вазиятни ўрганаëтган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Надежда Отаеванинг айтишича¸ Ўзбекистон қамоқхоналарида камида иккита қорақалпоқ фаолининг ўлганига оид ҳужжатлар бор.

Отаеванинг иддаосича¸ улардан бири чимбойлик 49 яшар математика муаллими Абдуғаний Идрисов сўроқ қилинаëтган пайтда хушидан кетиб ўлган. Озодлик ҳозирча бу хабарларни тасдиқловчи аниқ расмий маълумотга эга эмас.

Ўғирлик айблови

Озодликнинг Қорақалпоғистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра¸ Омон Саъдуллаевга нисбатан сиëсий айбловлар илгари сурилмаган:

"Омон Саъдуллав иқтисодий жиноятларда айбланиб, қидирувга берилган. У киши Қорақалпоғистондаги “Агроинтехника” корхонасида раҳбар бўлиб турганда давлатнинг 2 миллиард сўмини ўғирлаб қочиб кетган"¸ дея таъкидлаган манба Саъдуллаевнинг Ўзбекистонга етказган моддий зарари учун республика ва халқаро қидирувга берилганига доир ҳужжатни ҳам Озодликка тақдим қилди.

Озодликка маълум бўлишича, Омон Саъдуллаевга нисбатан Ўзбекистонда “Давлат маблағларини ўзлаштириш” айби билан жиноят иши очилган.

Қирғизистонда қочқин мақомида яшаëтган Саъдуллаев Озодлик мухбири билан суҳбатда бу айбловларни туҳмат деб атаган эди.

Саъдуллаев аввалроқ уни 64 миллион сўм камомадда айблаганларини, қариндош-уруғлари бу пулни йиғиб берганидан кейин ҳам Қорақалпоғистонда уни таъқиб қилиш давом этаётганини узоқ вақт турли мисоллар билан тушунтирган эди.

Собиқ мулозим Саъдуллаев ўзига қарши очилган жиноят ишларини сиёсий фаолияти билан боғлиқ таъқиб, деб билишини иддао қилиб келади.

Қрим аннексияси ортидан Ўзбекистонда пайдо бўлган айирмачилик иддаолари

Ўзини Қорақалпоғистон мустақиллиги учун курашувчи “Олға Қорақалпоғистон” деб атаётган гуруҳ сўнгги ойлар давомида Интернетда фаоллашгани кузатилмоқда. Ўзини ҳаракат етакчиси деб атаётган Саъдуллаевдан ташқари “Олға Қорақалпоғистон” гуруҳига неча киши аъзолиги номаълум

Ўғирликда айбланган собиқ мулозим Саъдуллаев Озодлик мухбири билан суҳбатда Қорақалпоғистон мустақиллиги учун курашаётганлигини таъкидлаган эди.

Омон Саъдуллаев таъкидича, Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон таркибига кириши ҳақида 1993 йили 20 йилга тузилган шартномаси муддати ўтган йили тугаган. Бунинг ортидан Қорақалпоғистонда мустақиллик талаби билан чиқаётган турли ҳаракатлар фаоллашган.

Рус тилидаги ижтимоий тармоқларда Роман Мамитов ва Марип Кунградский тахаллуси билан чиқиш қилган айирмачи гуруҳ вакиллари Қорақалпоғистонни Ўзбекистондан ажратиб¸ уни Россия таркибига қўшиш режасида эканини таъкидлашган эди.

Айни мавзу юзасидан Озодлик суҳбатлашган айрим мустақил таҳлилчилар¸ Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши билан кетма-кет Интернетда пайдо бўлган "Олға Қорақалпоғистон" айирмачилари ортида¸ ҳокимият алмашинуви палласига кирган Ўзбекистондаги вазиятни манипуляция қилишга уринаëтган ташқи кучлар¸ биринчи галда эса¸ Россия махсус хизматлари турган бўлиши эҳтимолини алоҳида таъкидладилар.

XS
SM
MD
LG