Линклар

Тожикистон: Исмлардан "мулло", "амир", "хўжа" қўшимчалари олиб ташлаш таклиф қилинди


Исмларни назорат қилиш таклифи билан Адлия вазирлиги чиқди

Исмларни назорат қилиш таклифи билан Адлия вазирлиги чиқди

Тожикистон Адлия вазирлиги янги туғилган чақалоқларга “миллий маданиятга бегона бўлган буюм, маҳсулот, ҳайвон ва паррандалар номларини қўйишни ман қилиш” таклифи билан чиқди.

Адлия вазирлигидаги исми ошкор бўлишини истамаган манбанинг Озодликка айтишича, мазкур қонун лойиҳаси ҳозирда мутассади вазирликлар ва давлат идораларига юборилган.

Адлия вазирлиги шунингдек “инсон шаън-шарафини пастга урувчи ва одамларни табақаларга бўлувчи” номларни ҳам тақиқлашни сўраган.

Вазирлик “Фуқаролар исмларини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун”га қўшимчалар киритиш билан фуқаролар исмларини тартибга киритиш ниятида эканини билдирган.

Адлия вазирлиги таклиф қилган қонун лойиҳасида таъкидланишича, "шахс номига “мулло”, “халифа”, “тўра”, “хўжа”, “хожа”, “шайх”, “вали”, “охун”, “амир”, “сўфи” каби тахаллусларни илова қилиш одамлар орасида нифоқ солишга сабаб бўлади".

Адлия вазирлиги таклиф қилган қўшимча ва ўзгартиришларга кўра, "гўдак фамилияси унинг отаси исмига -зод, -зода, ёр, ниё, фар, пур, духт" қўшимчиларини илова қилишдан таркиб топади.

Қонун лойиҳаси, вазирлик мулозимининг айтишича, мутассади давлат идоралари томонидан “такомиллаштирилгач”, Тожикистон президенти девонига таклиф қилинади.

Тожикистонда минглаб фуқаролар ашё, маҳсулот, ҳайвон ва паррандалар исмларига эга ва яна минглаб исм ва фамилияларда "мулло", "тўра", "сўфи" ва "хожа" каби қўшимчалар бор.

Бундай қўшимчалар шахсларнинг аҳолининг муайян табақасига мансуб эканини кўрсатади.

Тожикистон аҳолиси ўртасида гўдакларга ном бериш масаласида қизғин баҳслар бир неча йилдан буён давом этмоқда.

Тожикистонда ҳужжатларини рўйхатга олиш идоралари ходимлари берган маълумотга кўра, фуқаролар ўз фарзандларига кўп ҳолларда арабча исм қўйишни афзал билишади.

“Фуқаролар исмларини рўйхатга олишга оид қонун”га қўшимчалар киритиш таклифи Тожикистон ҳукумати диндорларга нисбатан қатор чекловлар киритаётган бир паллага тўғри келмоқда.

Ўзликка қайтиш: қайси асл ёки аср?

Tajikistan - names project

Tajikistan - names project

Ўтган ой хотин-қизлар байрами арафасида Душанбеда бир гуруҳ фаол аёллар билан учрашган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон аёллар орасида “ажнабий” либосларга майл ортиб бораётганидан ташвиш билдирди.

"Халқимиз ҳеч қачон қора либос киймаган. Анъанамизда ҳам қора либос кийиш раво эмас. Ўзингиз яхши биласизки, ҳатто халқимизнинг мотам либоси ҳам қора эмас. Аммо, баъзи тожик хотин-қизлари қора либос кийишади. Бундай тарзда кийим кийиш тарих ва моҳиятини ҳам билишмайди ва ҳатто билишни ҳам исташмайди",– деди Имомали Раҳмон.

Унинг ишонишича, "баъзилар ўз ақидаларини таблиғ этиш мақсадида бу турдаги либосларни аёллар орасида тарқатиб, мамлакатда янги ифротий жараённи жорий этишни исташади."

Айни мажлисда Имомали Раҳмон Ички ишлар вазирлигига аёллар либосини тартибга солишга топшириқ берди. Бунинг ортидан Тожикистон ўрта ва олий таълим даргоҳларида ҳижоб ўраган хотин-қизларни ўқишдан четлатиш, соқол қўйган ёш эркакларнинг соқолларини мажбурлаб олдириш ҳоллари кўпайди.

Мамлакат шаҳарларида исломий либос сотган дўкондорлар йирик жарималарга тортилди.

Ўтган йил ичида мамлакат бўйлаб ўнлаб масжидлар ёпилди. Мамлакатда 18 ёшга тўлмаганларнинг мажсидга, 35 ёшга тўлмаганларнинг ҳажга бориши расман тақиқланган.

Шу билан бирга сўнгги ой ичида Тожикистондаги ҳукуматпараст диний пешволар ва сиёсатчилар орасида мамлакатдаги ягона исломий партия фаолиятини тақиқлашга қаратилган чақириқлар кучайган.

Кузатувчилар аёллар либоси, эркаклар соқоли, масжид ва ҳажга борувчилар ёши устидан назорат кучайишини сўнгги йилларда Тожикистонда диндорларга ўтказилаётган тазйиқнинг давоми сифатида кўришмоқда.

Уларнинг ишонишича, расмий Душанбе диний экстремизмга қарши курашиш баҳонасида Имомали Раҳмон сиёсатига мухолифатда бўлган ташкилот ва шахслар овозини ўчиришга ҳаракат қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG