Линклар

logo-print

Подмосковьедаги сабзавот-мева тозалаш базаларидан бирида иккита тожикистонлик ишчини бир ўзбек пичоқлаб қўйди. Троицкий туман полицияси ўзбекистонлик фуқарони ҳибсга олди. Сўнгги кунларда Россиянинг бошқа ўлкаларида ҳам ўзбек муҳожирлари билан боғлиқ қатор нохуш ҳодисалар содир этилгани кузатилди.

Ўзбекистонлик муҳожир икки тожикистонликни пичоқлаб қўйди

Ўзини Ойбек, деб таништирган муҳожир йигит Озодликка Москванинг Шчапова поселениесидаги сабзавот-мева тозалаш базасида иккита тожик болани бир ўзбек йигити пичоқлаб қўйганини хабар қилди:

- 11 апрель куни кечки пайт Подольскийнинг орқасидаги Новая Москвадан мени таржимонликка чақиртиришди. Битта ўзбек иккита тожик болани пичоқлаб қўйган, Шчаповодаги сабзавот базасида. Мени Троицкий ОВДсига олиб боришди, у ерда следственний комитетга олиб киришди. Жиноий иш очишди, хуллас. Биттаси больницада ўлган, иккинчисини икки маротаба операция қилишибди – оғир аҳволда, менимча. Бу бола овошной базада ишлар экан – у ерда тожиклар кўп, ўзбеклар кам экан. Асабига тегаверган, ўртада гапдан гап чиқиб, жанжал кўтарилган. 20-30 таси бу иккита болани уриб ташлаган. Бир томони ишиб кетган башараси. У ўша пичоқ билан мева-сабзавотни тозалар экан, дейди Ойбек.

Ҳибсга олинган йигит 1991 йилда Жиззахда туғилган, М. А. (айбсизлик прецумзиясига биноан бу шахснинг исми ошкор қилинмаяпти - таҳр.) исмли шахс экани Озодликка маълум қилинди.

Ойбек жиззахлик йигит ўзини ҳимоя қилиш учун бу жиноятга қўл уришга мажбур қолган, деб таъкидламоқда.

- Ўзининг ҳужжатлари жойида экану, расмийлаштирмасдан шу базада ишлаётган экан. Жанжалда унининг укаси ҳам бўлган, аммо у “Поччамни айтиб келаман!”, деб кетворган экан. Лекин у бола кўпчилик томонидан урилгани аниқ: қаттиқ калтак еган, бетининг бир томони ишиб кетган. Мен борганимда, болани бир томонга тиқиб қўйган экан. Тергов қилаётган аёл олдида иккита тожик бола билан битта рус қиз турибди. Бу болаларни бригадир қилиб қўйган, терговчи ҳам тараф олади деб қўрқяпман-да, дейди тергов адолатли олиб борилишига кўзи етмаётганини гапирган Ойбек.

Суҳбатдош бу ҳодисага Ўзбекистон элчихонаси вакиллари эътиборини қаратиш мақсадида хабар йўллаганини ҳам қўшимча қилди.

Троицкий туман полицияси навбатчи офицери Озодлик сўровига М. А. ҳибс этилганини тасдиқлаб, тергов бораётгани боис ортиқча маълумот бера олмаслигини билдирди.

Ўзбеклар билан боғлиқ криминал ҳодисалар Россиянинг бошқа ўлкаларида ҳам содир бўлди

Айни пайтда, ўтган ҳафта Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам ўзбек муҳожирлари билан боғлиқ нохуш ҳодисалар содир бўлгани қайд этилди.

Шанба, 4 апрель куни тунда Камчатка ўлкаси пойтахтидаги “Галант-Плаза” савдо маркази тепасида жойлашган автомобиллар тўхташ жойида икки киши жанжал қилаётгани устига пост-патрул хизмати ходимлари келиб қолди.

"Кўринишидан осиёлик эканини қайд этган полиция ходимлари машинада муштлашаётганларни ажратиш мақсадида улар яқинига келган", деди ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Камчатка ўлкаси бўйича Россия Тергов қўмитаси вакиласи Юлия Бартель.

- Тергов тахминларига кўра, полиция ходимларини кўрган эркаклардан бири автостоянкани ўраб турган панжара томон қоча бошлаган. Панжара ёнига келиб, бу шахс тўхтамасдан ундан сакраб ошган. У машиналар тўхташ жойи 8,5 метр баландликда экани эсидан чиққан, кўринади, деди бу ҳодиса қўшни бино тепасида видеокамералар тасвирига тушганини айтган тергов қўмитаси расмийси.

Савдо маркази томидан пастга қулаб тушган муҳожир ҳодиса жойида нобуд бўлгани ва полиция ходимлари у ерга тез тиббий ёрдам машинасини чақиртиргани айтилди. Шифокорлар бу шахс боши билан асфальтга тушгани ва ўлганини тасдиқлаб берди. Ўлган хорижликни маҳаллий моргга экспертизага олиб кетди.

“Галант-Плаза” томида жанжал қилаётганлардан иккинчиси ўзбекистонлик эканини аниқлаган полиция уни тергов якунига қадар ушлаб қолгани маълум бўлди. Ундан терговчилар 8,5 метр баландликдан тушиб кетган шахс 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси эканини аниқлаган. Бироқ, ўзбекистонлик экани айтилаётган йигитдан бошқа ҳужжат топилмагани сабабли унинг шахси номаълумлигича қолмоқда.

Полиция ходимлари нобуд бўлган муҳожир Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний яшаб келган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Шунингдек, овози ёзиб олинмаслик шарти билан, тергов вакилларидан бири бу йигит алкогол ёки наркотик таъсири остида бўлгани сабабли тепаликдан ўзини пастга отворган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, Петербургнинг Большеохтинский кўчасидаги қурилишлардан биридаги кўп қаватли бинодан март ойи охирларида тушиб кетган ишчи ҳам Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди. Санкт-Петербург бўйича Тергов қўмитаси расмий маълумоти бўйича, ўзбек муҳожири қурилаётган бинонинг тепа қаватларидан бирида қурилиш чиқиндиларини тозалаётган бўлган ва номаълум сабабларга кўра пастга тушиб кетган. Терговчилар иш берувчи ташкилот хавфсизлик техникасига риоя қилмасдан қурилиш ишларини олиб борганини иддао қилмоқда.

Ленинград вилоятининг Пушкино тумани Славянка қўрғонидаги Полоцкий кўчасида жойлашган ижарага бериладиган уйлардан бирида 12 апрель куни соат кечки 19:40ларда аёл кишига тегишли мурда топилган. Маҳаллий полиция хабарига кўра, қаттиқ калтакланган ва бутун бадани моматалоқ бўлиб кетган бу аёл 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлган. Петербургда қайддан ўтмасдан яшаб келган ўзбекистонлик аёл ўлими юзасидан маҳаллий Тергов қўмитаси жиноий иш очди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG