Линклар

Россияда миллатлар ишлари билан шуғулланувчи янги федерал агентлик тузилди


Миллатлар ишлари бўйича федерал агентликнинг раҳбари этиб тайинланган Игорь Баринов.

Миллатлар ишлари бўйича федерал агентликнинг раҳбари этиб тайинланган Игорь Баринов.

2 апрель куни Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Федерал хавфсизлик хизматининг нафақадаги полковниги ва Дума депутати Игорь Бариновни янги тузилган Миллатлар ишлари бўйича федерал агентликнинг раҳбари этиб тайинлади.

Коммерсантъ нашри Бариновнинг тайинланишини миллатлараро алоқалар сиёсати энди қаттиққўллик билан олиб борилишидан далолат беради, дея талқин қилди.

Рус матбуоти аввалроқ бу лавозимга маданият вазири ўринбосари, миллатлараро алоқалар бўлими раҳбари Александр Журавский қўйилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатган эди.

Ҳозирча янги агентликнинг ўз офиси ёки ходимлари йўқ. Шу сабаб ҳозирча агентлик миллатлар ўртасидаги тангликни қай даражада назорат қила олиши ва 2013 йил Москванинг Бирюлёво мавзесида содир бўлган тартибсизликлар каби миллатлараро адоватга асосланган жанжаллар олдини ола билиши номаълум.

Бундан ташқари, президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков агентлик учун федерал ҳукумат томонидан маблағ ажратилмаслигини билдирди. Бошқача қилиб айтганда, янги агентлик кучсиз ва маблағсиз бўлиши мумкин.

Сўнгги йигирма йил давомида Москва мамлакатдаги 180 дан ортиқ миллатнинг тинч-тотув яшаши учун олиб бораётган сиёсат бир неча марта ўзгарди. Бундай сиёсатга масъул федерал тузилма ҳам кўп марта ўзгартирилди.

Президент Борис Ельцин миллатлараро алоқаларни назорат қилиш учун алоҳида вазирлик керак, деб ҳисоблаган бўлса, 2001 йили Путин бу вазирликни йўқ қилди.

Миллатлар ва ҳудудий сиёсат вазирлиги 1994 йили тузилган. 1996 йилда унинг номи Миллатлар ишлари ва федерал алоқалар вазирлиги деб ўзгартирилди. 1998 йилнинг сентябрида эса вазирлик иккига бўлинди: Миллий сиёсат вазирлиги ҳамда Ҳудудий сиёсат вазирлиги. Миллий сиёсат вазирлигига Рамазан Абдулатипов, Ҳудудий сиёсат вазирлигига эса Валерий Кирпичников етакчилик қилди.

1999 йил июлида бу икки вазирлик яна бирлаштирилди. Аввал ҳам шу лавозимда ишлаган Вячеслав Михайлов қайтадан миллатлар вазири этиб тайинланди. 2000 йили унинг ўрнига Россиянинг Озарбайжондаги собиқ элчиси Александр Блохин келди.

2000 йилнинг июль ойида Федерал миграция вазирлиги йўқ қилинди. Унинг функциялари янги тузилган Федерал ишлар, миллатлар ҳамда миграция сиёсати вазирлиги зиммасига юкланди.

2001 йилнинг октябрида эса Путин бу йирик вазирликни тугатди. Владимир Зорин миллатлар ишлари бўйича ваколатсиз вазир этиб тайинланди.

2004 йилдан бошлаб миллатлараро алоқалар ишлари билан Ҳудудий ривожланиш вазирлигининг бир бўлими шуғулланди. 2014 йил кузида бу вазирлик йўқ қилинганидан кейин миллатлар ишлари билан Маданият вазирлигининг алоҳида бўлими шуғуллана бошлади.

2012 йил кузида миллатлар бўйича янги давлат сиёсати қабул қилинганидан кейин яна бу сиёсатни қайси агентлик бажариши ҳақида савол туғилди. Думадаги баъзи депутатлар янги вазирлик ташкил этишни таклиф қилди. Айрим сиёсатчилар эса президент маъмурияти қошида янги бўлим тузиш тарафдори бўлди.

Афтидан, Путин масала моҳиятини тўлиқ тушунмайди. Шунинг учун ҳам у тўлақонли вазирлик ўрнига агентлик яратиш қарорини қабул қилди. Янги агентлик таркибига Маданият вазирлигининг миллатлар масалалари билан шуғулланувчи бўлими киритилиши айтилмоқда. Агентлик федерал ҳукуматга эмас, балки президент маъмуриятига бўйсунади. Президент маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Вячеслав Володин ва унинг ўринбосари Магомедсалам Магомедов миллий сиёсатга масъул бўлади.

Янги федерал агентлик шимолий Кавказ, Узоқ шарқ ҳамда Қрим учун масъул федерал вазирликлар билан қандай ишлаши ҳали аниқлаб берилгани йўқ.

Думадаги бир гуруҳ депутатлар президентнинг тўққиз федерал округдаги мухтор вакилларини ишдан бўшатишни таклиф қилмоқчи. Бу вакиллар масъулиятларига миллатлараро алоқаларни назорат қилиш ҳам киради.

Россия Федерацияси Коммунистик партиясининг ҳисоб-китобларига кўра, президент вакилларини бўшатиш ортидан уч минг давлат лавозими қисқаради ҳамда бу йилига 3 миллиард рубль маблағни тежаш имконини беради.

Лиз Фуллер қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбек тилига ўгирилди.

XS
SM
MD
LG