Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:19

Жиноят қидирув бўлимига суратингизни топширдингизми?


Кечаги мақолаларимиздан бирига илова қилинган суратни виньетка, деб ўйлабман.

Бор-ку, битирувчи синф ёки битирувчи курснинг коллектив сурати – фотограф аввал битирувчиларнинг ҳаммасини бир хил стилда суратга тушириб, сўнг уларни – суратларни – бир катта қоғозга симметрияни сақлаб, жойлаб чиқади, суратлар атрофларини виньетка/нақшлар билан безайди ва яна суратга олади.

Суратлар тагига исм-фамилия ёзилади.

Сизда ҳам бор ўшандай виньеткадан. Китоб жавонингизнинг ўнг томонидаги пастки ғаладонида, муқоваси титилиб кетган альбом ичида бир чети йиртилиб, бошқа чети букланиб ётибди.

Жавон ғаладонини очиб, виньеткани олишга, уни томоша қилишга, синфдошларингизни эслашга ошиқмай туринг, аввал гапимни эшитинг.

Кечаги мақолаларимиздан бирига илова қилинган суратни виньетка, деб ўйлабман, дедим тепада.

Мана ўша сурат-виньетка:

Эътибор бердингизми: суратларнинг ҳаммаси, мутлақо ҳаммаси бир хил ўлчамда олинган, суратга тушгувчилар сураткаш олдида бир хил – мутлақо анфас ўтирибди, позерлар ортидаги фон ҳам мутлақо бир хил - мовий, моп-мовий.

Ҳар бир сурат тагига ёзилган сўзлар ҳам бир хил шрифтда бир хил қилиб 5 сатрдан ёзилган. Суратлар тагидаги сўзларга ишлатилган ҳарфлар сони ҳам бир хил кўринди, лекин санаб кўрмадим.

Симметрия сақланганини айтмайсизми? Ҳар қандай перфекционист “дод” дейдиган даражада!

Синчиклаааб қарасам, виньеткадагиларнинг ҳаммаси деярли бир хил ёшда – бирон-бир университет битирувчилари бўлса керак, деб ўйладим ва юқорига – домлалар сурати турадиган қаторга қарадим.

Вой, домлалар йўқ?! Улар “турадиган” қатордаям - битирувчилар!

“Қизиқ?!” дедиму компбақани бир босиб, суратни каттартирдим.

Ва энг юқори қатор устида мана бу ёзув кўринди:

...ие в розыск за совершение преступлений мвд рк разыскиваютс

Э, ҳаа, жиноятчилар экан булар. Қорақалпоғистонлик жиноятчилар экан.

“Их разыскивает милиция” деган стендда турадиган суратлар экан бу!

Ахир, бундай суратларнинг, одатда, ҳажми ҳам, сифати ҳам ҳар хил бўлгич эди; оқ-қора, кўринар-кўринмас, кўпинча фоторобот бўлгич эдику?!

Нима учун бу “виньетка”даги суратлар юмуртқадондаги тухумлардай бир хил?

Наҳотки, РКнинг МВДси суратдагиларнинг қачондир жиноят қилишини олдиндан билган ва шунинг учун уларни жиноят қилгунларича чақиртириб, суратга тушириб олган?!

Қизиғ-э?!

Ё одамлар ўзлари, жиноят қидирувга муҳаббати қайнаб тошганидан, ҳар эҳтимолга қарши, “мабодо жиноят қилиб қолсам, қийналмасинлар”, деб суратларини олиб бориб берганми мелисага?

Менимча, сўнгги фикримда жон кўпроқ.

Агар шундай бўлса, Сиз-чи, Сиз ҳам Жиноят қидирув бўлимига суратингизни топшириб қўйганмисиз?

XS
SM
MD
LG