Линклар

logo-print

Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижрочи директори Музаффар Акромов вазифасидан бўшатилди. Норасмий манбаларнинг айтишича, пенсия таъминотидаги узилиш ва пенсия маблағларининг нотўғри сарфланиши Акромовнинг ишдан бўшатилишига сабаб бўлган.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижрочи директори, 38 яшар Музаффар Акромовнинг ишдан бўшатилганини жамғарманинг ўзини таништирмаган мулозими тасдиқлади:

“Ҳа ишдан кетдилар. Нима сабабдан эканини билмайман. Ҳозир у кишининг вазифасини ўринбосари Баҳодир Низомов бажараяпти. Янги директор қачон қўйилиши ҳозирча номаълум”, деди мулозим

Музаффар Акромов бу вазифага 2013 йилда, Ўзбекистон Миллий банки давлат-тижорат кенгаши раисининг ўринбосарлигидан келган эди.

Бундан аввал, у 2001-2013 йилларда “UZPAYNET” МЧЖнинг бош директори бўлиб ишлаган.

Ўз фаолияти давомида Ўзбекистондаги бир қанча банкларда ишлаган Музаффар Акромовнинг нима сабабдан ишдан олингани ҳозирча маълум эмас.

Бироқ норасмий манбаларга кўра, сўнгги пайтларда пенсия таъминотида содир бўлаётган кетма-кет узилишлар ва пенсия маблағларининг нотўғри сарфланиши Музаффар Акромовнинг ишдан бўшатилишига сабаб бўлган.

Узметроном Интернет газетасининг ёзишича, сўнгги пайтларда, ҳатто, Тошкент шаҳридаги почта бўлимларида ҳам пенсия таъминоти кечика бошлаган.

Почта бўлими ходимларининг бу нашрга айтишича, 9-май – Хотира куни олдидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига бирданига бериладиган 700 минг сўмлик мукофот пулини биринчи навбатда тўлаш шарт қилиб қўйилгани боис, пенсия берилиши кечикмоқда.

Жумладан, январь ойида Тошкент шаҳри туманларида пенсионерларнинг ярмидан кўпи пенсиясини ололмаётгани, қариялар почта бўлимларида тонг отмасдан навбат олаётгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Расмийлар пенсия таъминотидаги узилиш сабабини банклар почталарни нақд пул билан таъминлай олмаётгани билан изоҳлайди.

Ўзбекистон Марказий Банки расмийси эса ўз навбатида Озодлик билан суҳбатда нақд пул тақчиллигини тасдиқлар экан, бунинг асосий сабабини муомалага чиқарилган пул банкларга қайтиб тушмаётгани билан изоҳлаган эди.

Пенсия таъминоти 2010 йилда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қошидаги Ижтимоий таъминот бўлимидан Молия вазирлиги ҳузурида ташкил қилинган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига олиб берилганидан сўнг пенсионерларда бир қанча муаммолар пайдо бўла бошлади.

Жуда кўп қариялар пенсия пулининг камайгани ва пенсия жамғармалари уларни белгиланганидан кўп пенсия олганликда айблаб, катта миқдорда қарздор қилиб қўйгани ҳақида Озодликка шикоят қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG