Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:56

Пентагон: “Исломий давлат” чекинмоқда


Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Абодий
Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Абодий

АҚШ етакчилигидаги коалициянинг бир неча ойдан бери давом этаётган ҳаво ҳужумлари ҳамда Ироқ армияси амалиётлари натижасида “Исломий давлат” экстремистик гуруҳи 17 минг кв. км. ҳудудни қўлдан бой бергани айтилмоқда. 13 апрель куни Пентагон полковниги Стив Уоррен Ироқда бу террор гуруҳ эгаллаган ерлар чегараси жануб ва ғарб томон торайганини айтди.

Уорренга кўра, Ироқ хавфсизлик кучлари ҳамда коалиция ҳужумлари “Исломий давлат” жангариларига “шубҳасиз зарар етказган” ва гуруҳ эндиликда “аста-аста чекинмоқда”.

Шундай бўлса-да, жангарилар ҳали ҳам Синжар шаҳрининг ғарбий ҳамда жанубий қисмидан Мосул шаҳригача бўлган катта ҳудудни эгаллаб турибди. Мосул шаҳри яқинидаги энг йирик Байжи нефтни қайта ишлаш заводи учун кураш бўлса хамон давом этяпти.

Пентагон полковниги Стив Уорреннинг айтишича, Сурияда “Исломий давлат” жангарилари ўз позицияларини сақлаб қолмоқда. Гуруҳ яқинда Туркия чегарасига яқин бўлган Кобани шаҳри атрофидаги ерларни қўлдан бой берди, аммо Ҳомс ҳамда Дамашқ шаҳарлари яқинида янги ерларни забт этди.

13 апрель куни Ироқ хавфсизлик кучлари Анбар виолоятида жойлашган ҳудудни “Исломий давлат” гуруҳидан озод қилиш учун амалиёт бошлади. Жангда камида 13 жангари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилди. Рамади шаҳрининг жанубий қисмида ашаддий жанглар бўлиб ўтгани, хавфсизлик кучлари уч жангарини ўлдиргани айтилди.

Шаҳарнинг ғарбий қисмида Ироқ армияси жангарилар ҳужумини қайтарди. Тўқнашувда камида 11 жангари ҳалок бўлди. Ўтган ҳафтада Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Абодий Анбарни жангарилардан олиш учун амалиёт бошланишини айтган эди.

Асосан, суннийлар яшайдиган вилоятнинг катта қисми “Исломий Давлат” қўлига ўтган. Шу ой бошида Ироқ кучлари Бағдоддан 140 км масофада жойлашган Тикрит шаҳрини жангарилардан озод қилган эди.

XS
SM
MD
LG