Линклар

logo-print

SMS хабар: Кремль Навальнийнинг "ҳолливуднамо" суратини суймади


Яқинда Россия матбуотида тарқалган SMS ёзишмаларидан Кремль, ҳатто, кичик хабарларга қўйилаётган суратларни ҳам назорат қилаётгани маълум бўлди. Аксилҳукумат “Шалтай-болтай” блоггерлар гуруҳи эълон қилган ёзишмаларда Кремль расмийсининг давлат ахборот агентлиги раҳбаридан Навальний сурати бўйича эътироз билдиргани иддао қилинган.

“Шалтай-болтай” блог-постчилар гуруҳи рус расмийларининг электрон мулоқотларини оммага сиздириши билан ном чиқарган. Бу гал ушбу гуруҳ эълон қилган ёзишмаларда 16 апрель куни ҳукуматга қарашли ТАСС агентлиги етакчиси Сергей Михайлов Кремлнинг Тимур Прокопенко исмли расмийсидан SMS хабар олгани иддао қилинмоқда.

SMS хабарда ўша куни ТАСС агентлиги чоп этган мухолифатчи Алексей Навальний рафиқаси билан кулиб тушган сурат ҳақида сўз юритилгани айтилмоқда. Прокопенко фотосурат “Голливуд ва муваффақият”ни эслатади, деб ёзган. “Сайт нега бундай қиляпти?” деб қўшимча қилган Прокопенко. Олти дақиқадан кейин Михайлов “Тузатамиз. Раҳмат”, деб жавоб берган.

Собиқ ТАСС мухбири ҳамда кремлпараст фаол Прокопенко 2012 йилда Кремлнинг Ички сиёсат бўлими бошчиси ўринбосари этиб тайинланган.

“Шалтай-балтай” гуруҳи эълон қилган SMS хатларнинг ҳақиқийлигини ҳозирча аниқлаб бўлмади. 31 март куни гуруҳ Прокопенко телефонидан олингани иддао қилинган 40 мингга яқин SMS хатни тарқатди.

Прокопенко билан Михайлов ёзишмасидан бир неча соат аввал ТАСС агентлиги сайтида Навальний 2013 йилги сайловларда рафиқасига тегишли мулкни яширгани, бунинг эса сайлов қонунларига зид экани иддао қилинган мақола чоп этилган эди.

Ўша хабарга Yandex қидирув тизимидан олинган эр-хотин Навальнийларнинг кулиб тушган фотосурати илова қилинган эди. Бу сурат 2013 йил Навальнийга қўйилган порахўрлик айбловлари кўрилган маҳкама тугаганидан сўнг олинган.

ТАСС агентлиги қисқа муддатдан сўнг бу хабарни олиб, ўрнига Навальнийнинг жиддий қиёфаси акс этган суратни қўйган. Суратда Навальний, гўёки, чуқурликка ботаётгандек зиналардан пастларкан, юқорига қараётган ҳолда акс этган.

Аммо ТАСС хабари чоп этилганидан кўп этмай бу мақола Lenizdat.ru нашрида ҳам берилди. Lenizdat.ru ҳам Навальнийларнинг кулиб турган суратини ишлатди.

Михайлов билан Прокопенконинг суҳбати ҳақида Навальний ўз блогида шарҳ қолдирди: “Афтидан, [президент администрацияси расмийлари] вақтининг 5 фоизини ёвузлик ва сохталаштиришларга, қолган 95 фоизини бўлса ҳар қанақа, кечирасизу, ахлатга сарфлар эканлар”, деб ёзди Навальний.

Михайлов ҳам, Прокопенко ҳам бу иддаоларга муносабат билдирмади. ТАСС агентлиги эса масала юзасидан юборган электрон хатимизга жавоб бермади.

38 ёшли Навальний икки молиявий жиноятда айбдор топилиб, ҳозир шартли жазони ўтамоқда. Навальний ва унинг тарафдорлари унга қарши чиқарилган суд ҳукмини сиёсий мотивга эга, деб келадилар.

Навальний Путин атрофидаги амалдорлар қўл урган коррупцияни ўрганишга қаратилган лойиҳаларга бошчилик қилиб келади. 2011-2012 йиллардаги аксилҳукумат намойишлардан кейин Навальний Россия мухолифатининг энг машҳур етакчисига айланди.

Навальнийнинг рафиқаси ва фарзандлари унинг сиёсий карьерасида муҳим рол ўйнаб келади. Мухолифатчи Навальний оммавий чиқишларига оила-аъзоларини мунтазам равишда олиб боради.

2013 йил аёли билан ажрашган Путин эса икки қизини матбуот назаридан зўр бериб ҳимоя қилади.

1 апрель куни Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков президент администрацияси “Шалтай-балтай” каби гуруҳлар материалларига эътибор бермасликни таъкидлади. Песков “бунақа нашларни унча кўп одам ўқимайди”, деб ўйлашини қўшимча қилди.

РБК мустақил янгиликлар агентлиги ходими Николай Молибог “Шалтай-балтай” тарқатиб юборган Михайлов билан Прокопенко бир-бирига юборгани айтилаётган SMS хатлар ҳақиқий эканини тасдиқлади.

Москвалик журналист Екатерина Винокурова бўлса Twitter саҳифасида Прокопенкога юборган SMS хатларининг баъзилари ўзгартирилганини иддао қилди.

XS
SM
MD
LG