Линклар

logo-print

Қирғиз парламентида энди фақат бойлар ўтирадими?


Қирғизистон парламенти мажлисларидан бири.

Қирғизистон парламенти мажлисларидан бири.

Қирғизистон парламенти Сайлов ҳақидаги кодексга киритилган ўзгартишларни маъқуллаб, имзолаш учун президентга юборди. Янги кодексда сайловда иштирок этмоқчи бўлган партиялар учун гаров пулини 10 баробар оширишкўзда тутилган. Бу эса “қўли юпқа” партиялар вакилларининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Жўғўрқу Кенеш томонидан маъқулланган Сайлов ҳақидаги кодексга киритилмиш ўзгартишларга мувофиқ, бундан буён парламентга ўтиш учун сиёсий партияларни аввалгидек сайловчиларнинг 7 фоизи эмас, балки 9 фоизи қўллаши лозим. Шунингдек, сайловда иштирок этмоқчи бўлган партиялар гаров пули сифатида аввалгидек 500 минг сўм ёки шу кунги курс билан қарийб 7 минг 850 доллар эмас, балки 5 миллион сўм ёки 78,5 минг доллар тўлашлари лозим бўлади. Гаров пули фақат парламентга ўтган партияларгагина қайтариб берилади, 9 фоизлик тўсиқдан ўтолмаган партиялар эса бу пулга куйиб қолаверадилар.

Янги кодексни маъқуллаган “Ата Мекен” партияси лидери Ўмурбек Текебаев бу ўзгартишлар заруратини қуйидагича изоҳлайди:

- Бутун дунёда масхарабоз партияларни пойгага қўшмайдилар. Сайловни ўйин билиб, текин эфир вақтидан фойдаланиб, телевидениега чиқиб олиб, “зима не будет” деганга ўхшаш одамлар кўп-да. Энди бунга “давлатнинг пули кетяпти, одамларнинг хаёли сочилаяпти” деган мулоҳаза билан ўйлаб топилган-да гаров пули дунёда, - дейди Ўмурбек Текебаев.

“Ата Мекен” партияси раҳбари фикрича, 5 миллион сўм 120 номзодга бўлинса, ҳар бир одамга 41 минг сўмдан тушади, бу эса депутат бўлишни истаган одам учун унча катта пул эмас.

Сайлов кодексига киритилган ўзгартишлар юзасидан Қирғизистондаги кўплаб партиялар вакиллари ўз норозиликларини изҳор қилмоқдалар. Улар кейинги сайловларда фақат давлатманд партияларгина иштирок этиб қолишидан ташвишдалар. Хусусан, “Эркин эл” сиёсий партияси лидери Мавлян Асқарбеков фикрича, гаров пули миқдори ва сайловдаги фоиз тўсиғининг оширилиши ёш партияларнинг сайловда иштирок этишига тўсқинлик учун қилинган ҳаракатдир.

- Сайлов жараёнига кетган пул кўлами кескин ўсиб бораяпти. Сайловга кўп пул сарфламасдан, қонун доирасида партия сарфлайдиган пулга чеклов киритайлик, давлат барча партияларга бирдек имконият яратиб берсин. Сайлов пул мусобақаси эмас, балки ғоя ва дастурлар мусобақаси бўлиши лозим, - дейди Асқарбеков.

Қирғизистон Сайлов кодексига киритилган тузатишлар орасида яна партияларнинг сайловдан кейин ўз рўйхатини ўзгартиришини таъқиқлаш каби янгиликлар бор. Бундан ташқари, бундан буён сайлов рўйхатларига фақат биометрик маълумотларини тақдим этган фуқароларгина киритилади, овоз бериш пайтида эса сайловчидан фақат паспорти талаб қилинади. Бунгача Қирғизистонда сайловчилар ҳарбий билет, нафақа ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси билан ҳам овоз беришлари мумкин эди.

Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлеқан Исмаилова фикрича, Қирғизистонда сайловга оид қонунлар шошмашошарлик билан, сайловчилар манфаатини эътиборга олмаган ҳолда қабул қилинмоқда. Унинг мулоҳазасича, сайлов кодексига яқинда киритилган ўзгартишлар галдаги сайловда ҳам ҳозир парламентда ўтирган партиялар Жўғўрқу Кенешга ўтишини кўзлаб амалга оширилган.

- Бу жуда коррупцион ва тушунарсиз қадамлардир. Парламентда ҳозир ишлаётган фракциялар кейинги чақириққа ҳам ўтишга тайёрланмоқдалар. Сайловга озгина вақт қолганда қонун-қоидаларни ўзгартириш ярамайди. Демократик жамиятда бунақа қилинмайди. Бунинг учун ҳеч бўлмаганда жамоатчилик тингловлари ўтказиш, халқ билан маслаҳатлашиш лозим эди, - дейди ҳуқуқ фаоли Тўлеқан Исмаилова.

Айни пайтда парламент томонидан маъқулланган сайлов кодексига ўзгартишлар президент Атамбаев томонидан рад этилмай имзоланишига экспертларнинг кўпи шубҳа қилмаяптилар.

Қирғизистонда 200 дан ортиқ сиёсий партия рўйхатдан ўтган. Галдаги парламент сайловлари эса шу йил кузида ўтиши керак.

XS
SM
MD
LG