Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик божхоначилар мамлакатга олиб кирилиши тақиқланган масофадан бошқарилувчи учиш қурилмасини чегарада тўхтатиб қолганликларини айтишмоқда. Божгирлар мусодара қилган “SYMA X5C” русумли квадрокоптер, аслида, катталиги бир қарич бўлган болалар ўйинчоғидир.

Ўтган ҳафтада Москвадан Қаршига учиб келган ўзбекистонлик аёлнинг юкидан топилган учиш мосламаси мусодара этилиб, зудликда йўқ қилинган.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси расмийларининг Озодликка айтишича, ўта хавфли учиш қурилмасини декларацияда қайд этмасдан яширин равишда Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлган аёлга нисбатан 592 минг сўм (расмий курс бўйича 237 АҚШ доллари) жарима солинган.

- Учириб, тўйларни съемка қиладиган аппарат, камераси ҳам бор. Бу аёл ҳам тўйни съемкасида фойдаланаман, деб олиб келаётган экан. Мусодара қилдик, чунки бунақа нарсани олиб кириш тақиқланган, - деди Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг Озодлик боғланган расмийси.

Ўзбекистон божхоначилари мамлакатга олиб ўтилишининг олдини олган “SYMA X5C” русумли квадрокоптер (масофадан бошқариладиган тўрт варракли учиш қурилмаси) аслида катталиги бир қарич бўлган болалар ўйинчоғидир.

Елимдан ясалган ўйинчоқнинг нархи 50 доллар атрофида. Квадрокоптернинг камераси ҳам бор. 5 метр баландликка зўрға кўтарилади.

https://www.youtube.com/watch?v=3uDonroP4EA

Болалар уни учириб, камераси тепаликдан қайд этган тасвирларни компьютери ёки уяли телефонида томоша қилишади.

Ўзбекистонда эса квадрокоптерлардан панорамали съёмкаларни амалга оширишда ҳам фойдаланиб келинган.

Тўй-хашамларни тасвирга олиш билан шуғулланадиган қашқадарёлик тасвирчи ФирдавсБолтаевнинг айтишича, божгирлар мусодара қилган аппарат "жиддий нарса эмас":

- Баланддан туриб олинадиган съемкалар шу квадрокоптер билан олинади. Биз “Galaxy Visitor 6”деганидан фойдаланганмиз. Биз ҳозир бу мумкин эмас. Жарима бор. Шунинг учун тепадан олинадиган тасвирларни кранлар билан оламиз. Сиз айтаётган “SYMA” - ўйинчоқ, жиддий нарса эмас у, - дейди қашқадарёлик тасвирчи.

2015 йил 1 январидан масофадан бошқариладиган учиш қурилмаларини Ўзбекистонга олиб кириш, сотиш ва фойдаланишни тақиқловчи “Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида масофадан бошқариладиган учиш қурилмаларидан санкциясиз фойдаланишда огоҳлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққан.

Шу қарорда айтилишича, “учқич парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш ва ҳаво майдонидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида” бу амалга қўл урилган.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Миллий хавфсизлик хизматининг чегарани қўриқлаш қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигига “масофадан бошқариладиган учиш қурилмаларининг ноқонуний олиб кирилиши, сотилиши ва фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича чораларни кўриш” вазифаси юклатилган.

Қашқадарёлик божхоначилар “SYMA X5C” ўйинчоғини Вазирлар Маҳкамасининг айни шу қарори асосида тортиб олиб йўқ қилганликларини айтишмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG