Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:33

Андижонда мол ўғрилари қўлга олинди


Озодлик манбасига кўра, ўғрилар Андижоннинг бир нечта туманида бир ярим ой давомида ҳаракат қилиб келган.
Озодлик манбасига кўра, ўғрилар Андижоннинг бир нечта туманида бир ярим ой давомида ҳаракат қилиб келган.

Андижонда бир ойдан ошиқроқ вақт давомида фуқаролар қорамолини ўғирлаш билан шуғуланиб келган гуруҳ фош қилинди. Озодликка маълум бўлишича, қассоб, юк машинаси хайдовчиси ва аввал ўғрилик билан қамалиб чиққан шахсдан иборат гуруҳ вилоятнинг бир нечта туманида молларни ўғирлаб, гўштини бозорда пуллаб келган. Манбаларимизнинг билдиришича, ўғриликда гумонланаётганларнинг икки нафари қўлга олинган, яна бири қидирилмоқда. Бўз тумани Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғинидаги Озодлик манбасига кўра, маҳалла ҳудудида қорамол йўқолиши мунтазаб рўй бериб келган.

Озодликнинг Андижон вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, аҳоли қорамолини ўғирлаш билан шуғулланиб келган гуруҳга алоқадорликда гумонланганларнинг икки нафари қўлга олинган. Манбанинг билдиришича, дастлабки тергов натижаларига кўра, мол ўғрилари гуруҳи уч кишидан иборат бўлгани тахмин қилинмоқда.

“Ҳозир уч кишидан икки нафари қўлга олинди. Улар уч киши бўлган. Ёшлари 25дан 35гача. Ҳаммаси Андижон тумани яшовчиларидир. Бири аввал ҳам ўғрилик билан қамалиб чиққан. Биттаси қассоб, яна бири юк машинаси ҳайдовичиси. Ҳайдовчини икки кун аввал Аскада қўлга олишди. Қассоб ҳам ўша куни Бўз туманида ушланди. Ҳозир ҳалиги ўғри қочиб юрибди”, дейди манба.

Озодликнинг Бўз тумани Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғинидаги манбасига кўра, мазкур маҳалла ҳудудида қорамол ўғирланиши ҳолатлари кейинги бир ой давомида мунтазам рўй бериб келган.

“Ҳар уч кунда биттадан учтагача мол йўқолмоқда. Ўғри ким эканилигини аниқлаша олмаяпти. Ҳатто милиция ходимлари туну кун навбатчилик қилиб юришибди, лекин моллар йўқолиб қоляпди. Аҳоли қўрқувда қолган ҳозир”, дея билдирди манба.

Андижон ҳуқуқ тартибот идораларидаги Озодлик манбаси жиноятчилар гуруҳи, жумладан Бўз туманида ҳам ҳаракат қилганини тасдиқлади.

“Улар фақат Бўз туманида эмас, бошқа туманларда ҳам ўғрилик қилишган, жумладан Андижон, Шаҳрихон, Жалолқудуқ туманларида ҳам навбатма-навбат ўғрилик қилишган. Ўғирланган молни улар бозорга олиб чиқмаган. Молларни сўйиб, гўштини сотишган. Шунинг учун уларни топиш бироз қийин бўлди. Лекин барибир аниқладик. Ҳақиқатан, Бўз туманидаги Янгиобод маҳалласида ҳам молларни ўғирлашган булар”, дейди манба.

Унинг яна айтишича, қўлга олинган гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Юк машинаси ҳайдовчиси ҳозирда Асака тумани ички ишлар бўлими тарафидан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Қассоб ўғриликда бевосита иштирок этмагани, фақат молларни сўйиб сотгани боис тергов пайтида очиқда қолмоқда, дея билдирди манба.

Суҳбатдошимиз мол ўғрилари қарийб бир ярим ой мобайнида мол ўғрилиги билан шуғулланиб келганини қўшимча қилди, лекин жами нечта мол ўғирланганини аниқ айта олмасигини билдирди.

“Ҳозир улар нечта мол ўғирлаганларини аниқлаш ишлари кетяпти. Лекин бу гуруҳ бу ишни мунтазам қилиб келгани инобатга олинса, ўнлаб мол ўғирланганини тахмин қилиш мумкин. Улар бир сафар битта туманда, кейин бошқа туманда ўғрилик қилишган. Қишлоқ жойларда кўпчиликнинг ҳовлисида девори бўлмайди, одатда зовурнинг олдига боғлаб қўйишади, ўғирлаш осон. Масалан, қўлга тушишларидан аввал Бўз туманида тўртта молни ўғирлашган. Ўшнадан учтасини эгаларига қайтардик”, дейди манба.

Ўзбекистонда кейинги уч-тўрт ой ичида ўғрилик ҳолатлари кўпайгани ўтган йилнинг декабрида эълон қилинган амнистия туфайли минглаб маҳбуснинг озодликка чиққани билан боғланмоқда. Бундан ташқари Россияда иқтисодий инқироз авж олгани боис у ерда меҳнат муҳожирлигида юрган миллионлаб ўзбекистонликларнинг кўпчилги ватанига қайтаётгани ҳам вазият кескинлашувига ҳисса қўшаётганини айтишади кузатувчилар.

Хусусан, январ ойида Самарқанд шаҳри марказидаги Беруний маҳалласида қисқа вақт ичида 11та хонадонга ўғри тушгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Шунингдек, Ўзбекистон ички ишлар вазирлигининг “Постда” газетаси ҳам кейинги пайтларда машина ўғрилиги билан боғлиқ ҳолатлар кўпайганини эътироф этмоқда.

XS
SM
MD
LG