Линклар

OzodJavobнинг навбатдаги сонида Тошкент шаҳридаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари вилоятларда ўқиган мактаб ўқувчиларини қабул қиладими, деган саволга жавоб излаймиз.

Жиззахлик Салима опага кўра, жорий йилда 9-синфни битираётган ўғли Низомжонни Тошкентдаги тиббиёт коллежларидан бирида ўқитишни режалаштирмоқда. Лекин у пойтахт коллежларидан салбий жавоб олгани ҳақида ёзди:

“Мен Тошкентдаги бир қанча тиббиёт коллежларига телефон қилдим. Улар биз вилоятдан келганларни қабул қилмаймиз, деган жавобни беришди. Эшитишимча, Тошкентда бирорта ҳам лицей ва коллеж вилоятда ўқиганларни қабул қилмас эмиш. Илтимос шунга аниқлик киритиб берсангиз”, дея мурожаат қилди жиззахлик Салима опа.

Озодлик мухбири Тошкентдаги бешта тиббиёт коллежи билан боғланиб, уларнинг барчасидан "Вилоят ўқувчилари қабул қилинмайди" деган жавобни олди.

Жумладан, Биринчи ва Иккинчи республика тиббиёт коллежлари ҳамда Тошкент ўқув-даволаш тиббиёт коллежи вилоятлардан келган ўқувчиларни қабул қилмайди.

Айни пайтда Тошкент шаҳар ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, пойтахтнинг айрим лицей ва коллежлари вилоятда ўқиган ўқувчиларни қабул қилиши мумкин:

"Айрим коллеж ва лицейлар умуман вилоят ўқувчиларини қабул қилмайди. Айримлари қабул қилади. Пойтахт коллеж ва лицейлари тошкентлик ўқувчиларни қамраб олгач, Вазирлар маҳкамаси вазиятни ўрганиб вилоят ўқувчилари учун ҳам квота ажратади", деди Тошкент шаҳар ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасининг исмини очиқламаётганимиз мутахасиси.

Айрим лицей ва коллежлар ўқувчилар учун ётоқхона йўқлиги боис вилоят ўқувчиларини қабул қилмайди:

"Бизда ҳеч қачон квота ажратилмаган. Квота бошқарма томонидан ажратилади. Бизда ўқувчилар учун турар-жой мавжуд эмас - шу сабабли. Кейин бошқарма ҳам рухсат бермайди", деди ўзини таништирмаган лицей ходими.

Тошкент Давлат Техника университетига қарашли лицей ходими эса пойтахт лицейларига ўқувчиларнинг қабул қилинмаслигини қуйидагича изоҳлади:

"Қабул қилмасликнинг сабаби - биринчидан, ўқувчи Тошкентда ўқимаган. Тошкент фақат Тошкентни қамраб олиши керак, деган бошқарманинг фикри бор. Тошкент ўқувчисини Тошкент лицей-коллежлари қамраб олиши керак. Ана ундан кейин, агар жой ортиб қолса, вилоятга рухсат берилади", деди лицейнинг ўзини таништирмаган ходими.

Озодлик мухбири Тошкентдаги айрим коллеж ва лицейлар билан боғланиб қуйидаги маълумотларни аниқлади:

Вилоятда ўқиган ўқувчиларни қабул қиладиган пойтахт лицей ва коллежларидан айримлари:

1. Тошкент ирригация, мелиорация ва қишлоқ хўжалик институти қошидаги лицей

2. Тошкент ҳарбий-телекоммуникация лицейи

3. Тошкент авиасозлик коллежи

4. Юнус Ражабий номидаги Тошкент педагогика коллежи

5. Республика рассомлик коллежи

6. Тошкент туризм коллежи

7. Тошкент Давлат Педиатрия-тиббиёт институтига қарашли лицейлар

8. Республика дизайн коллежи (Вилоятлардаги санъат мактабларида ўқиган ўқувчиларни қабул қилади)

9. Миробод енгил-саноат коллежи (Ўтган йили вилоят ўқувчиларини қабул қилмаган. Ундан олдинги йиллари қабул бўлган. Бу йил ҳам бўлиши мумкин)

10. Тошкент архитектура ва қурилиш институти қошидаги лицей (Квота ажратилса қабул бўлади)

11. Тошкент Давлат Техника университети (Квота ажратилса қабул бўлади)

Вилоятда ўқиган ўқувчиларни умуман қабул қилмайдиган пойтахт лицей ва коллежларидан айримлари:

1. Биринчи республика тиббиёт коллежи

2. Иккинчи республика тиббиёт коллежи

3. Тошкент ўқув-даволаш тиббиёт коллежи

4. Тошкентнинг Олмазор туман политехника коллежи

5. Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети қошидаги лицей

6. Тошкент автомобиль йўллари институти қошидаги лицей

7. Тошкент ислом университети қошидаги лицей

8. Тошкент кимё-технология институти қошидаги лицей

Айрим лицей-коллежлар агар вилоятлик ўқувчи Тошкентдаги мактабда ўқиган бўлса ва вақтинчалик пропискаси бўлса қабул қилиши мумкин.

Шунингдек, вилоятда ўқиган ўқувчи, агар Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигидан махсус рухсат олса, пойтахт лицей- коллежларида ўқиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

"Бошқармадан рухсат сўралади. Ўзимизнинг ўрта-махсус касб-ҳунар бошқармасидан. Кейин марказ - вазирликдан рухсатнома бўлиши керак. Улар рухсат берса, қабул қилишимиз мумкин", деган жавобни олдик аксар лицей ва коллежлардан.

Расмий маълумотга кўра, Тошкентда жами 300дан зиёд касб-ҳунар коллежи ва 41та академик лицей бор.

Озодлик уларнинг барчаси ҳақида маълумот бериш имконига эга эмас.

Муштарийлар goldenpages.uz сайти орқали ўзларини қизиқтирган касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейни топиб, қўнғироқ қилиб қўшимча маълумотларни аниқлаши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG