Линклар

AI Германияни Ўзбекистондан қийноқларни тўхтатишни талаб қилишга чақирди


Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар билан боғлиқ вазият 15 апрель куни Бундестаг биносида муҳокама қилинди.

Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар билан боғлиқ вазият 15 апрель куни Бундестаг биносида муҳокама қилинди.

Германия ҳукумати расмий Тошкентга таъсир ўтказиб, Ўзбекистонда қийноқларга барҳам берилишини жиддий тарзда талаб қилмоғи керак.

Бу фикрни Amnesty International ташкилотининг Германиядаги ваколатхонаси Бош котиби Селмин Чолишқон 15 апрель куни бу мамлакат парламенти - Бундестагнинг матбуот марказида Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар билан боғлиқ вазиятга доир ўтказилган матбуот анжуманида билдирди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистонда қўлланилаётган ва систематик тарзга эга экани таъкидланган қийноқлар кўлами муҳокама қилинди.

Халқаро Амнести ташкилотининг Германиядаги Бош котиби Селмин Чолишқон

Халқаро Амнести ташкилотининг Германиядаги Бош котиби Селмин Чолишқон

Ушбу тадбир ташкилотчиси, қароргоҳи Лондонда жойлашган Amnesty International халқаро ташкилотининг Германиядаги Бош котиби Селмин Чолишқон Озодлик мухбири билан суҳбатда Ўзбекистондаги қийноқлар масаласининг айнан Берлинда муҳокама қилиниши муҳимлигини таъкидлади.

Германиядаги етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари¸ Бундестаг депутатлари ҳамда сиëсатчилар иштирок этган тадбирда Халқаро Амнистия ташкилотининг Ўзбекистондаги қийноқлар бўйича янги ҳисоботи тақдим қилинди.

“Маxфийлик ва ëлғон“, деган ном билан китоб шаклида нашр қилинган бу ҳисобот журналистларга тақдим этилди.

Ҳисоботда Ўзбекистон МХХ тарафидан туркиялик тадбиркор Воҳид Гунешнинг қийноқ ва исканжага солинганига оид тафсилотлар ҳам бор.

Ҳисоботга кўра, Воҳид Гунеш билан бирга ҳибсга олинган унинг 40 ёшли укаси Фикрет Гунеш ҳамда яна 3 нафар туркиялик ишчига нисбатан оғир қийноқлар қўлланган.

Тадбирда Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари бўйича форуми раҳбари Умида Ниёзова мамлакатдаги қийноқлар вазияти бўйича маъруза қилди.

Матбуот анжуманидан бир кун олдин Ўзбекистондаги қийноқлар масаласи бўйича ҳисобот тайëрлаган Amnesty International халқаро ташкилотининг Берлинга ташриф буюрган вакилларини Германия канцлери Ангела Меркел қабул қилган эди.

Халқаро Амнистияга кўра, Ўзбекистонда қийноқларнинг кенг ва мунтазам қўлланиши БМТ томонидан ҳужжатлаштирилганига қарамай, қийноқ қўлловчиларнинг аксарияти жазосиз қолишади.

Мамлакат Халқаро Амнистия ва бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари учун ёпилган.

Ўзбекистон ҳукумати қийноқларнинг мавжудлигини эътироф этган, аммо уларнинг мунтазам қўлланиши ва қийноқларга расмий даражада рухсат берилганини рад этиб келади.

Ҳукумат 2003 йилда "Қийноқларга қарши кураш миллий дастури"ни қабул қилган эди. Аммо маҳаллий ҳуқуқ фаоллари бу дастурнинг қоғозда қолиб кетганини айтиб келишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG