Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:08

Тожик ҳукумати 35 га кирмаганларнинг Ҳажга боришини тақиқлади


Тожикистонда “Ҳаж-2015” мавсумида 35 ёшгача бўлган фуқароларнинг Саудия Арабистонига бориб, Ҳаж ибодатини амалга ошириши тақиқлаб қўйилди.

Кузатувчилар Душанбе ҳукумати ёшларнинг диний-радикал ғояларга берилиб кетиши олдини олиш учун шундай чорага қўл урганини айтишмоқда.

Тожикистон Дин ишлари қўмитаси расмийлари бу йилдан 35 ёшгача бўлганларнинг Ҳажга бориши тақиқланганини тасдиқлашди.

Лекин, уларга кўра, бу амал террорчиликка қарши кураш билан боғлиқ эмас. Тожикистон Дин ишлари қўмитасининг Ҳаж масалалари билан шуғулланувчи бўлими раҳбари Абдужалил Ализода Озодлик радиосининг тожик ҳизмати билан суҳбатда Саудия Арабистони ҳар бир мамлакатга лимит белгилагани сабаб кексаларнинг Ҳажга боришларига кўпроқ имкон бериш мақсадида бу ишга қўл урилганини айтди.

– Кекса ёшдагиларга Каъбатуллога боришдек кўпдан бери орзу қилиб келган ибодатини адо этишлари учун имкон бериш ниятидамиз, - деди Абдужалил Ализода.

Айни пайтда тожик ҳукуматининг ушбу қарори Ҳажга боришга навбат кутиб турган кўплаб тожикистонлик ёшлар учун кутилмаган хол бўлди.

Тожикистоннинг Ашт туманида яшовчи 30 ёшли Тоҳир Россияда узоқ йил ишлаб топган пулига бу йил Ҳажга боришни ният қилиб турган эди.

– Ёлғиз онам ва мен бирга Ҳажга бориш ниятимиз бор эди бу йил. Лекин, район ҳокимиятидагилар 35 ёшгача бўлганлар бу йил бормаслигини, уларга тақиқ борилигини айтишди. Нима ҳам қила олар эдим, энди беш йил кутишимга тўғри келяпти. Онам эса ёлғиз ўзи кетади энди Ҳажга, - дейди аштлик Тоҳир.

Тожикистоннинг 7,5 миллионлик аҳолисининг 90 фоизидан ортиғи мусулмондир. Тожикистоннинг секуляр президенти бундан аввал ёш болаларнинг масжидларга бориб намоз ўқишини тақиқловчи қонунни имзолаган эди.

Шунингдек, Тожикистонда қизларнинг мактабга рўмол ўраб боришларига ҳам тақиқ жорий этилган.

Ўтган йили эса Тожикстон ҳукумати ўз фуқароларининг "Исломий давлат" каби диний гуруҳларга қўшилиб қолишининг олдини олиш учун хориждаги мадрасаларда таҳсил олаётган тожик талабаларини мамлакатга чақиртириб олганди.

XS
SM
MD
LG