Линклар

logo-print

Ёшларни "Суриядаги урушга ёллаган Қори Ҳусейн” қўлга олинди


Суриядаги "жиҳод"дан воз кечиб қайтиб келган Парвиз Набиевни суд жиноий жавобгарликдан озод қилган.

Суриядаги "жиҳод"дан воз кечиб қайтиб келган Парвиз Набиевни суд жиноий жавобгарликдан озод қилган.

Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси тожикистонлик ёшларни Суриядаги урушга ёллашда гумон қилинган шахсни қўлга олди. Маълумотларга қараганда, Қори Ҳусейн номи билан танилган бу шахс ёшларни Туркиягача кузатиб бориш масъулиятини ўз зиммасига олган.

Тожикистон миллий хавфсизлик хизмати ёш тожикистонликларни "Исломий давлат"га ёллаш билан шуғулланган шахсни ҳибсга олди. Туркияда Қори Ҳусейн номи билан танилган 30 ёшли бу одамнинг асосий вазифаси ёлланганларни Туркиягача етказиб бериш бўлгани айтилади. Доимий истиқомат жойи Москва шаҳрида бўлган Қори Ҳусейн жорий йилнинг март ойида қўлга олинган.

Хатлон вилоятининг ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлайдиган Озодлик манбасининг айтишича, айни пайтда Қори Ҳусейнга нисбатан жиноят иши очилган ва у Қўрғонтепа шаҳридаги изоляторда сақланмоқда.

Бу манбага кўра, гумонланувчи Қори Ҳусейн Суриядаги урушга Фаррух Зокиров, Диловар Қорахонов ва Парвиз Набиевни ёллаб, уларга Туркиягача самолётга чипта олиб берган. Туркияда улар Имом Бухорий масжидига жойлашган ва Суриядаги урушга 50 кунлик махсус тайёргарликдан ўтишган.

Хатлон вилояти Шаҳритуз туман суди Сурияга бориш фикридан воз кечиб, Туркиядан Тожикистонга қайтиб келган Парвиз Набиевни жиноий жавобгарликдан озод қилди.

Парвиз уни Интернет орқали ёллашганини Озодлик радиосига айтди:

“Биз Имом Бухорий масжидида 50 кун махсус тайёргарликдан ўтдик. Сурияга кетаётганимизда йўлда мен бу қароримни бекор қилиб уйга қайтдим”, деди Парвиз.

Парвизнинг айтишича тожик ёшларини Москвада Интернетдаги видеолавҳалар воситасида жиҳодга тайёрлашади ва Туркиягача етиб келишлари сўралади.

Парвиз Тожикистон Жиноят Кодексининг “Ёлланган шахснинг ҳарбий конфликтлар ва ҳарбий ҳаракатларда иштироки” моддаси бўйича айбланган. Агар бу модда бўйича айбланувчининг гуноҳи тасдиқланса, у 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Лекин Парвиз Суриядаги “жиҳод”да иштирок этишдан воз кечиб қайтиб келгани учун уни жиноий жавобгарликдан озод қилинди.

Парвиз у билан бирга кетган уч ўртоғининг тақдиридан бехабар эканлигини айтади.

Сўғд вилоятидаги Спитамен туманида истиқомат қилувчи Комил Шукуров ҳам ўтган йили Суриядаги урушдан воз кечиб қайтиб келганлиги учун жавобгарликдан озод қилинган эди.

Бундан бир йил аввал Тожикистон ҳукумати Суриядаги урушларда иштирок қилмай ватанга қайтиб келган ёшларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш ҳақида баёнот берган эди.

Расмий маълумотларга кўра, бугун қарийб 300 нафар тожикистонлик Сурия ва Ироқдаги урушларда иштирок этмоқда ва бу урушларда 60 нафар тожикистонлик ўлган.

Жанггарилар эътирофига кўра, айни пайтда бу урушларда мингдан ортиқ тожикистонлик ёшлар қатнашяпти.

Норасмий манбалар Сурия ва Ироқдаги урушда минглаб ўзбекистонликлар ҳам иштирок этаётганини айтадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG