Линклар

"Исломий давлат" Анбар вилоятида яна ҳуруж қилмоқда


"Исломий давлат" Рамади яқинида 15 апрель тонгда ҳужум бошлади

"Исломий давлат" Рамади яқинида 15 апрель тонгда ҳужум бошлади

“Исломий давлат” гуруҳи чоршанба куни тонгда Ироқ шимолида катта ҳуруж бошлади. Сўнгги хабарларга кўра, Анбар вилоятининг Рамади шаҳри яқинидаги учта қишлоқ жангари гуруҳ томонидан бир неча соат ичида ишғол этилган. Муҳим стратегик аҳамиятга эга Рамади шаҳри учун тиғиз жанглар давом этмоқда. Апрель ойи бошида ўз позицияларидан чекинишга мажбур этилган экстремист гуруҳи яна ҳуруж қилаётгани маҳаллий аҳоли хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Ироқ ғарбидаги Анбар вилояти аҳолиси “Исломий давлат” экстремист гуруҳи 15 апрель куни тонгда Рамади шаҳри яқинида катта ҳуруж бошлаганидан хавотир билдирмоқда. Сўнгги хабарларга кўра, ҳужум натижасида экстремист гуруҳи жангарилари Рамади яқинидаги учта қишлоқни ўз назоратига олган.

Associated Press агентлигининг хабар қилишича, Рамадидан шарқроқда жойлашган Сжарияҳ, Албу-Ғаним ва София қишлоқлари 15 апрель куни тушгача “Исломий давлат” жангарилари тарафидан ишғол қилинган.

София қишлоғида жангарилар маҳаллий полиция маҳкамасини бомбардимон қилган ва электр станциясини босиб олган.

Хабарларга кўра, айни соатларда Рамадининг шарқий сарҳадларида тиғиз жанглар давом этмоқда. Жангарилар ҳукумат бинолари жойлашган ҳудудга икки километрга яқинлашган ва ҳукумат қўшинларига ҳужумни қайтариш учун ҳаводан ёрдам кўрсатилмоқда.

Бундан икки кун аввал Ироқ хавфсизлик кучлари Рамадидан шимоли-шарқроқда жойлашган Бу Фарраж минтақасидаги ҳудудларни “Исломий давлат” назоратидан тортиб олишга қаратилган ҳужумни бошлаган эди.

Бу ҳужум ўтган ҳафта Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Абадий Эълон қилган суннийлар етакчилигидаги экстремист гуруҳини Анбар вилоятидан сиқиб чиқаришга қаратилган йирик ҳарбий операциянинг бир қисмидир.

Абадий 14 апрель куни Вашингтонда АҚШ Президенти Барак Обама билан учрашиб, Қўшма Штатлар ҳарбий ёрдам кўрсатишини илтимос қилди.

Обама “Исломий давлат”га қарши жанглар оқибатида ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган аҳолига 200 миллион АҚШ долларига тенг инсонпарварлик ёрдамини таклиф қилди. Лекин Абадий истаган Apache русумидаги ҳарбий вертолётлар ва бошқа қурол-аслаҳа Вашингтон томонидан тақдим қилинадими, йўқми Обама бир нарса демади.

АҚШ президенти 14 апрель куни Ироқ кучлари америкалик ҳарбийлар ёрдамида “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашда эришаётган ютуқларни олқишлади. Иттифоқчилар жангариларга қарши “жиддий ютуқларга” эришмоқда, деди Обама.

Ироқ ва АҚШ етакчилигидаги коалицион кучлар “Исломий давлат” гуруҳи босиб олган ҳудудларнинг чорак қисмини қайтариб олганини қайд этган Обама бош вазир Абадий Ироқ ҳукумати таркибига сунний ва курд озчиликларини ҳам жалб этиш ваъдалари устидан чиқаётганини олқишлади.

Лекин, дея огоҳлантирди Обама, жангариларни сиқиб чиқариш жараёни узоқ давом этади.

Пентагон матбуот вакили полковник Стив Уоррен 13 апрель куни қилган чиқишида “Исломий давлат” гуруҳи назоратидаги ҳудудларнинг фронт чизиғи Анбар вилояти ва Ироқ шимолида ортга сурилаётганини билдирди.

Унинг айтишича, Ироқ хавфсизлик кучлари ва коалиция тарафидан амалга оширилаётган ҳаво ҳужумлари “Исломий давлат” жангариларига “талафот етказгани шубҳасиздир” ва экстремист гуруҳ “секин-аста ортга сурилмоқда”.

Жангарилар Анбар вилояти ва Ироқ шимолидаги катта ҳудудларни 2014 йилнинг июнь ойида эгаллаб олган эди. Лекин жангарилар кейинги ойларда ўз истеҳкомларидан чекинмоқда.

Апрель ойи бошида Ироқ қўшинлари АҚШ етакчилигидаги коалициянинг ҳаво ҳужумлари ёрдамида ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган шиа жангчилари иштирокида “Исломий давлат” жангариларини Тикрит шаҳридан сиқиб чиқаришди. Бағдоддан шимолроқда жойлашган Тикритни бой бериш экстремист гуруҳи учун катта йўқотиш бўлди.

Шунга қарамай жангарилар ҳамон Ироқ шимолидаги Синжар шаҳридан бошланиб, Мосул ва Байжи шаҳарларни ўз ичига олувчи катта ерларни назорат қилмоқда. Байжи шаҳрида жойлашган йирик нефтни қайта ишлаш заводи ҳам “Исломий давлат” қўлида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG