Линклар

logo-print

Аъзам Фармоновнинг яқинлари унинг “раскрутка” қилиниши мумкинлигидан хавотирда


Ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов.

Ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов.

Тўққиз йиллик қамоқ муддатини ўтаб бўлган ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов муассаса тартибини бузганлик айби билан Жаслиқ қамоқхонасидан Нукусдаги Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторига олиб кетилган. Фармоновнинг қамоқ муддати узайтирилиши мумкинлигидан ташвишга тушган оила аъзолари уни озодликка чиқаришда ёрдам сўраб халқаро ташкилотларга мурожаат қилмоқдалар.

29 апрель куни тўққиз йиллик қамоқ муддати тугайдиган Аъзам Фармоновнинг Жаслиқдан Нукус тергов ҳибсхонасига “этап” қилингани ҳақида Озодликка ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Озода Ёқубова маълум қилди.

- 12 апрель куни уй телефонимизга бир эркак одам телефон қилган. Уйда мен йўқ эдим. 10 яшар қизим телефонни кўтарса, “уйда катталар борми?” деб сўраган. “Катталар йўқ” деб айтгандан кейин “Сен кимсан?” деб сўраган. “Мадинаман” деса, “Сен Аъзамнинг қизимисан?” деб сўрабди. Қизим “Ҳа” деганидан кейин “Дадангни Жаслиқдан раскрутка қилгани олиб кетди”, дебди. Мен келганимдан кейин қизим шунақа деб айтди. Бу ёш бола тушунмайди “раскрутка” нималигини. Буни эшитиб мен жуда ёмон аҳволга тушдим. Чунки 29 апрель куни хўжайинимнинг қамоқ муддати тугаётганди.

Биз бу кунни 9 йилдан бери жуда интизорлик билан кутаётгандик. Айниқса, икки ёш болам жуда интиқлик билан кутаётганди. Лекин биз ўйлагандек бўлмайди шекилли. Чунки “раскрутка” дегани муддат устига муддат қўшиб бериш дегани. Билишимча, Нукусга 9-сонли тергов изоляторига яна бирор нарушение қўйиб тергов қилгани олиб кетишган бўлса керак, деб ўйлаяпман, - дейди Озода Ёқубова.

Аъзам Фармоновнинг рафиқаси бу хабардан кейин Тошкентга - Жазони ижро этиш Бош бошқармасига йўл олган.

- 14 апрель куни мен ГУИНга учраб келдим Тошкентга. Фамилиясини, статьясини, 29 апрель куни сроги тугашини ёзиб, дежурнийларга киритиб юборгандим, улар менга: “6 апрель куни Жаслиқдан Нукусдаги тергов изоляторига этап қилинган турмуш ўртоғингиз”, деган жавобни беришди, - деган Озода Ёқубова турмуш ўртоғининг шу кундаги аҳвол-руҳияси, тергов жараёнининг қандай бораётгани, Аъзам Фармоновнинг иши бўйича яна суд бўлиш-бўлмаслиги ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармаси махсус бўлими навбатчиси Озодликнинг мобиль мухбирларидан бирига Аъзам Фармоновнинг Нукусга этап қилинганини тасдиқлади. Мулозимга кўра, Аъзам Фармонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасалари тартибини бузиш) билан тергов қилинмоқда. Навбатчининг қайд этишича, Фармонов Жаслиқ лагерининг маҳкумлар учун жорий тартибини мунтазам равишда бузиб келган, лагер маъмуриятининг бир қанча огоҳлантиришларини олган.

Таъкидлаш жоизки, ўзбек расмийлари қамоқдан озод қилишни истамаган маҳбусларга нисбатан “муассаса тартибини бузиш” моддасини тез-тез қўллаб турадилар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилоят бўлими собиқ раиси Аъзам Фармонов 2006 йили “товламачилик”да айбдор деб топилиб, суд ҳукми билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ҳуқуқ фаолининг Ўзбекистондаги ва хориждаги ҳамкасблари унинг сиёсий мотивларга кўра қамалганини таъкидлаб келадилар. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация (FIDH) эса ўзининг “Ўзбекистон деб номланган қамоқхона” веб-саҳифасида қамоқда қолаётган 13 нафар ҳуқуқ фаоли орасида Аъзам Фармоновнинг ҳам номини келтирган.

Фармоновнинг қамоқ муддати узайтирилиши мумкинлигидан хавотири кучайган Озода Ёқубова турмуш ўртоғини озод қилишда халқаро ташкилотлар кўмагидан умидвор эканини айтади.

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновнинг озод қилиниши унинг ҳамкасблари ва халқаро жамоатчилик анчадан буён ҳаракат қилиб келаётганини айтади. Тожибоевага кўра, Аъзам Фармонов иши бўйича малакали юристлар томонидан тайёрланган ҳужжатлар 2014 йил сентябрь ойида кўриб чиқиш учун БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига топширилган.

- Ўзбекистон ҳукумати ўз жиноятларини қанчалик яширишга уринмасин ва ғарб давлатларининг сиёсатчилари бу диктатура режимини қанчалик қўллаб-қувватламасинлар, биз бор овозимиз билан, янада овозимизни баландроқ қилиб, бор имкониятимизни янада кенгайтирган ҳолда Ўзбекистон қамоқхоналаридаги дўстларимиз, фикрдошларимиз ҳамда қийноқ қурбонларининг озод бўлишлари учун курашни давом эттиришимиз керак, деб ўйлайман.

Аъзамжон Фармоновнинг шикояти Бирлашган Миллатлар Ташкилотида тургани ҳам қандайдир озгина бўлса ҳам умид беради, боиси у ерда халқаро миқёсдаги юристлар қонунбузарликлар, қўлланилган қийноқлар ҳақида ишни халқаро қонунларга асосланган ҳолатда ўрганиб чиқишади ва Ўзбекистон ҳукумати олдига қатъий талабларни қўядилар “мана бу, мана бу, мана бу саволларга жавоб беришингизни талаб қиламиз” деб, - дейди Мўътабар Тожибоева.

“Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева фикрича, Аъзам Фармоновнинг иши бўйича ўзбек расмийлари БМТ масъулларига ҳақиқатни айтмасалар-да, бу иш халқаро жамоатчиликнинг доимий назорати остида тургани расмий Тошкентни бироз сергаклантиради ва пировардида бу Аъзам Фармоновнинг озод қилинишига туртки бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG