Линклар

“Укамни милиционерлар қийнаб ўлдириб, жасадни дорга осишган”


Камолиддин Қўзиев

Камолиддин Қўзиев

Ўтган ҳафта Бекобод шаҳар милиция бўлими ҳибсхонасидан ўлиги чиққан Камолиддин Қўзиев акасининг даъво қилишича¸ марҳум аввалига қийнаб ўлдирилган¸ кейин эса “ўзини осди” дея расмийлаштирилган. Бобомурод Қўзиевга сўзларига кўра¸ 7-апрелда безориликда гумон қилиниб, Бекобод шаҳар ички ишлар бўлимига телефон орқали чақиртирилган укаси Камолиддиннинг жасади, икки кун ўтиб яқинларига қайтарилган.

Ўтган ҳафта Бекобод шаҳар милиция бўлими ҳибсҳонасидан ўлиги чиққан 26 яшар Камолиддин Қўзиевнинг акаси Бобомурод Қўзиевнинг Озодликка айтишича¸ марҳум аввалига қийнаб ўлдирилган¸ кейин эса “ўзини осди” дея расмийлаштирилган.

Қўзиевга кўра¸ 7 апрелда безориликда гумон қилиниб, Бекобод шаҳар ички ишлар бўлимига телефон орқали чақиртирилган укаси Камолиддин Қўзиевнинг жасади 9 апрель куни яқинларига қайтарилган.

​"Ўша куни соат уч яримда маҳалла оқсоқоли Абдусаттор Йўлдошев¸ маҳалла имоми Ибороҳим ака¸ маҳалла посбони¸ доктор ва милиционерлар келиб, эшигимизни қоқишди. Ўғлингиз ГОВД подвалида ўзини осиб қўйди¸ деб қўлимизга ўлим ҳақидаги гувоҳномани беришди. Қабрни ҳам қазиб қўйдик, тезроқ кўминглар, дейишди. Ўликни ювган пайтда укамнинг жасадида қийноқ изларини кўрдик. Уни олдин қийнаб ўлдириб¸ кейин ўз айбини ювиш учун осиб, ўлдига чиқаришган. Ҳозир биз бу юзадан прократурага шикоят қилдик¸" - дейди Бобомурод Қўзиев.

"Механик асфиксия"

Тошкентдаги “Альянс” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти тарафидан Озодликка тақдим қилинган “Ўлим ҳақидаги гувоҳнома"да Камолиддин Қўзиевнинг "Сиртмоқ билан бўйин аъзоларининг сиқилиши ëки механик асфиксия" деган тасниф бор.

Бекобод ҳуқуқ –тартибот органларидаги Озодлик манбасига кўра, бу тасниф суд-тиббий экспертизанинг 9 апрель кунги 165 рақамли далолатномага асосан ëзилган:

"Суд-тиббий экспертиза мурдани ëриб кўриб, шундай хулосага келди. 26 яшар Камолиддин Қўзиев 8-апрелдан 9-апрелга ўтар кечаси ГОВД подвалида матрас жилдидан ясалган сиртмоққа ўзини осган. Қўзиев Бекободдаги ëш йигитлар ўртасида юз берган безорилик жинояти гувоҳи сифатида 7 апрель куни тергов қилиниб¸ эҳтиëт чораси сифатида вақтинча ҳибсхонада сақланган. Бекобод ГОВД ҳодимлари марҳумни дафн қилиш ишларига ëрдам беришди¸" дейди Озодлик манбаси.

Бобомурод Қўзиевнинг айтишича, Бекобод шаҳар ИИБ ходимлари укасини зудлик билан кўмишга ëрдам берганлар:

"Ҳали бизга ўлим хабари келмасидан туриб, қабрни қазиб қўйишган экан. Тезроқ кўминглар, деб туриб олишди. Кечқурун қўл фонари ëқиб, укамни дафн қилдик¸" дейди суҳбатдош.

Ертўладаги шубҳали ўлим

Бекобод шаҳар ИИБ ертўласида ўзини осгани иддао қилинган 26 яшар Камолиддин Қўзиев февраль ойида Россиядан чиқариб юборилган минглаб меҳнат муҳожирларидан бири эди.

Бекобод шаҳридаги Озодлик манбалари сўзларига кўра, Россиянинг Владивосток шаҳрида мардикор бўлиб ишлаб¸ регистарцияси йўқ, деган важ билан паспортига “депорт” тамғаси босилган Камолиддин Қўзиев ижтимоий тармоқларда радикал диний гуруҳлар билан мулоқот қилганликда гумон қилиниб, кўз остига олинган.

"Бу бола СНБ назоратига тушиб қолган. Безорилар муштлашувига гувоҳ сифатида ичкарига олиниб, бошқа "айбига иқрор" қилдириш режаси бўлган. Қайсидир паллада бу режа ўхшамай қолган. Ўхшамай қолган пайтда СНБчилар иккинчи планга ўтиб¸ ишни тугатишни милиционерларга топширишган. Алалоқибат бу йигит "ўзини осган" бўлиб чиқди. Тушунтира олдимми?" дейди Озодлик манбаси.

Озодлик суҳбатлашганлар ишора қилган ҳолган марҳумнинг акаси Бобомурод Қўзиев аниқлик киритди:

"Укамни қилмаган айбига иқрор қилдираман, деб қийнаб ўлдириб қўйишган. Кейин жасадни осишган. Биз милиция идорасига бориб, укамизга овқат киритмоқчи бўлсак, олишмади. 7 апрель кечаси милиционерлар келиб унинг паспортини уйдан олиб кетишди. Билишимча, бу паспорт билан милиционерлар қамоқда ўтирган укамни номидан Сурияга (Туркияга бўлиши мумкин. таҳр.) билет олишган. Улар мана ўзини осган одам Сурияга ИГИЛ сафига (ИШИД демоқчи) кетмоқчи деган тасаввур ҳосил қилиб, марҳум укамни бадном қилишмоқчи. Ҳақиқат шуки, укамнинг паспортига "депорт" босилганди¸ у ҳеч қаерга кета олмасди. У Россиядан қайтиб келган оддий ва айбсиз бир йигит эди¸" дейди марҳумниннг акаси.

Турли талқинлар

Милицияга ўз оëғи билан борган Камолиддин Қўзиевнинг икки кун ўтиб милиция ертўласида “ўзини осиши” турли талқинларга сабаб бўлди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари назарида Камолиддин Қўзиев Ўзбекистон куч ишлатар тизимларида урчиган қийноқнинг навбатдаги қурбонидир.

Бу воқеа "Халқаро Амнистия" инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистондаги қийноқлар бўйича янги ҳисоботини тақдим этиши арафасида рўй берди.

"Маxфийлик ва ëлғон" номи билан китоб шаклида нашр қилинган янги ҳисоботда Ўзбекистонда қўлланилаётган ва систематик дея таъкидланган қийноқлар кўлами тасвирланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG