Линклар

Ўзбек дипломатлари Украинада Ўзбекистонни уятга қўйди


Сурхондарёлик Дилбар "Говорить Украiна" ток-шоуси меҳмони бўлди.

Сурхондарёлик Дилбар "Говорить Украiна" ток-шоуси меҳмони бўлди.

Президентлик лавозимининг тўртинчи муддатига киришган кунги нутқи давомида Ислом Каримов гап орасида “Инсон ҳуқуқи, инсон эркинлиги, инсон манфаати олдин қўйилиши керак, а давлат шуни авваламбор бажо эттириб, одамларни рози қилиб, ундан кейин давлат манфаатиям ўз йўли билан жой-жойига чиқади, керак бўлса, ҳаммаси бўлади”, деди.

Мамлакат раҳбари бу гапни қай даражада самимий айтди, давлат мулозимлари бундан буён мана шу принципга риоя қиладими-йўқми – бу бошқа масала.

Бироқ шу пайтгача амалдорлар оддий ўзбекистонликнинг муаммоларига лоқайд қараб келгани тўғрисида жуда кўп гапирилган.

Яқинда Украина телевидениесида намойиш этилган бир кўрсатув ўзбек элчилари ва консулларининг ўз ватандошлари муаммоларига бефарқлигига ёрқин далиллардан яна биридир.

Сурхондарёлик Дилбар Фармонованинг кўргиликларига “Говорить Украiна” (“Украiна” телеканали) ток-шоусининг жорий йил февралида эфирга чиққан сони бағишланди.

Украiна нима ҳақда говорит?

Бир соат давом этган кўрсатувда ўзбекистонлик аёлнинг ёши учлардаги ўғли Эшали билан Киев метроси бекатларида тиланчилик қилгани;

давлатнинг болалар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган расмийлари аёлнинг боласини тортиб олиб тегишли муассасага топширгани;

аёл ўз фарзанди билан кўришиш имконидан маҳрум бўлгани;

аёлга оддий украиналиклар ва маҳаллий масжид қавми ёрдам бергани;

аёлнинг оғир қисматию унинг Ўзбекистонга қайтишга пули йўқлиги тўғрисида ҳикоя қилинади.

Киевда гўдаги билан тиланчилик қилган ўзбек аёли

Муаммоларига бағишланган кўрсатувда сурхондарёлик Дилбар Фармонованинг ўзи ҳам иштирок этган.

Олиб борувчининг қаерликсиз, деган саволига Дилбар

- Cурхондарё вилояти, Узун туманидан, ЖБИ полигониданман, деб жавоб беради.

Унинг айтишича, Украинага эри ва 4 фарзанди билан иш излаб келган.

Орадан кўп ўтмай Дилбарнинг қайнотаси оламдан ўтади ва эри уч болани олиб ватанга қайтади.

Қўлидаги тўртинчи фарзанди билан Киевда қолган Дилбар эри қайтгунча тирикчилигини ўтказиб туриш учун иш излайди.

- Жуда узоқ иш изладим, лекин ҳеч қаердан иш топа олмадим, дейди Дилбар чала-чулпа русчалаб.

Шундан сўнг, иложсиз қолган Дилбар тиланчилик қилишга мажбур бўлади.

- Тиланчиликка ҳафтада бир-икки мартагина, жуда қийналиб қолганимда чиқардим, дейди Дилбар.

Айтишича, тиланчилик қилган куни нари борса 50 гривна садақа тушарди.

50 гривна шу кунда 3 долларга етиб-етмайдиган ақча.

Табиийки, бу пулга Киев – Тошкент учоғига билет бермайдилар.

Тиланчилик қилиб юрган кунларининг бирида унинг ўғлини расмийлар олиб кетиб қолади ва шу воқеа бўлмаганида Дилбарнинг муаммоларидан “Украiна” канали ҳам бехабар қолган бўлар эди.

Кўрсатувга Ўзбекистон вакиллари келмади

“Украiна” канали ва у орқали 45 миллион кишилик Украина халқи бу воқеадан бошқа бир ҳолатда - агар Ўзбекистоннинг Киевдаги дипломатик миссияси ўз ватандошига бефарқ бўлмаганида ҳам хабарсиз қолиши мумкин эди.

Дилбар Фармонованинг иши билан шуғулланган украиналик расмийнинг кўрсатувда айтишича, у Ўзбекистоннинг Киевдаги дипмиссиясига айнан шу иш билан мурожаат қилган, лекин мурожаатлар жавобсиз қолдирилган.

Кўрсатув олиб борувчиси ҳам ўзбек элчиси ва консули кўрсатувга таклиф қилингани, лекин улар келмаганини айтади.

Олиб борувчининг бу хабаридан сўнг кўрсатув иштирокчиларидан бири бундай дейди:

- Элчи ёки консулнинг вазифаси ҳозир бўлиб тургани давлат ҳудудидаги ватандошларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Агар бу мажбуриятини бажармаётган бўлса, бундай дипломатни Ўзбекистонга қайтариб юбориб, фуқароларини ҳимоя қиладиган бошқасини қабул қилиш лозим.

Озодлик Киевдаги консул билан боғланишга уринди

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси расмий сайтида Киевдаги консулхона ҳар иш куни соат 15.00 дан 17.00 гача телефон орқали мурожаатларга жавоб беражаги хабар қилинган.

Озодлик мухбири айнан шу муддат ичида консулликка бир неча бор қўнғироқ қилди, бироқ ҳеч ким жавоб бермади.

Шундай қилиб, Озодликнинг кўрсатув давомида пайдо бўлган саволлари жавобсиз қолди.

Ўзбекистоннинг элчихонаси ҳар доим ҳам сассиз эмас

Масалан, ўтган йилнинг январи охирида, Киевнинг Евромайдонида норозиликлар авжига чиққан бир пайтда Ўзбекистон элчихонаси Украинада юрган ўзбекистонликларни ўта зийрак ва эҳтиёт бўлиш, намойишларда иштирок этмаслик, воқеаларни суратга ёки видеотасвирга туширмаслик, содир бўлаётган воқеалар мавзуида маҳаллий аҳоли билан баҳс-мунозараларга киришмасликни тавсия қилган, Озодлик мухбири саволларига таҳдиднамо жавоблар берган эди.

Консулнинг вазифаси нималардан иборат?

Бу саволни ўзбекистонлик собиқ дипломат, бир қатор чет давлатларда Совет консули бўлиб ишлаган, ҳозирда сиёсий муҳожир Тошпўлат Йўлдошевга бердик.

Дилбар Фармонованинг иши нима билан тугади?

“Говорить Украiна” кўрсатуви ўзбекистонлик аёл ва унинг ўғлига Киев –Тошкент учоғига билет олиб берди ва Киев аэропортида кузатиб қўйди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG