Линклар

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг истеъфодаги полковниги ўғли 27 яшар Диловар Мухторов Ироқда бўлиб ўтган жанларнинг бирида ўлдирилган. “Ҳамза Ал-Тожикистоний” лақаби билан танилган бу жангарини интернетда танишиб уйланган хотини "жиҳод"га олиб кетгани айтилади.

Исломий давлат тарафдори сифатида Башар Асад ҳукуматига қарши жанг қилган тожикистонлик Диловар Мухторов март ойида бўлиб ўтган жанглардан бирида ўлдирилган.

Бунга жангарилар томонидан интернетга қўйилган Диловарнинг суратлари шаҳодат беради.

“Ҳамза Ал-Тожикистоний” лақабини олган Диловар Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг истеъфодаги полковниги Жумахон Мухторовнинг ўғли экани айтилади.

Озодлик радиоси тожик хизмати журналистларининг изланишлари уларни Диловар яшаган уй, Кўлоб шаҳрига олиб келди.

Маълум бўлишича, Диловар бундан 6 йил муқаддам Москва шаҳрига ва жорий йилнинг бошида эса Ироққа кетган.

Жумахон Мухторовнинг айтишича, у ички ишлар бўлимига таклиф қилиниб, Диловарнинг суратларини кўрсатишганидан кейингина ўғлининг Ироқда эканлигини билган:

“Мендан, шунингдек, ўғлимнинг Ироқда эканлигини билиш-билмаслигимни ҳам сўрашди. Мен, йўқ, дедим. У сўнгги бор онаси билан Москвадан туриб январь ойида гаплашган эди. Энди эса ўғлим ҳаёт эмас. Москвада йигитларни урушга жўнатаётган махсус гуруҳлар бор”, деди Жумахон Мухторов.

Аммо Диловарнинг онаси Холиса Атоева ўғли ўлдирилганига ишонмаслигини айтади:

“Ўғлим 24 январь куни мен билан телефон орқали гаплашганда, интернет орқали бир қиз билан танишиб уйланганини айтди. Мен қиз билан ҳам гаплашдим, лекин унинг қайси миллатдан экани, исми нима эканини ҳам сўрамабман. Мен уларни Тожикистонга таклиф қилдим. Улар, бир оз пул ишлайлик борамиз, деб айтишди. Мен ўғлимнинг ўлганига ишонмайман, агар суратларини кўрсатишса, балки тақдирга тан берардим”, дейди она.

Холиса Атоевага кўра, ўғли каттароқ пул ишлай деган мақсадда, алданиб кетган бўлиши мумкин:

“У намозхон ҳам эмасди, аксинча дунёвий бола эди”, дейди она.

Бироқ Диловарнинг Москвадаги дўстлари унинг Ироққа кетишига хотини сабабчи бўлган бўлиши мумкин, деган фикрда собит қолишмоқда.

“Бу қиз фақат Диловар эмас, балки ундан бошқа яна кўпчиликни алдаб олиб кетган бўлиши мумкин”, дейди Диловарнинг дўстлари.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси берган маълумотга кўра, биргина Кўлоб минтақасидан Сурия ва Ироқдаги жангларда 33 нафар тожикистонлик ўлдирилган, ўн киши эса хотини ва фарзандларини ҳам олиб кетган.

Юзлаб уламолар ва Қуръон олимлари Сурия ва Ироқдаги Исломий давлат ҳаракатларини қоралаган, бу “жиҳод”да иштирок этишни фитна деб атаган.

Жумладан тожикистонлик таниқли уламолар Ҳожи Мирзо ва Эшон Нуриддинжон ҳам ўз диндошларини ва биродарларини ўлдираётган бундай жангларда иштирок этмаслик ва бу хусусдаги провокацияларга берилмасликка даъват қилиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG