Линклар

Ироқ ва Шом диёридаги "Исломий давлат" гуруҳининг дунё мусулмонларини жиҳодга даъват қилиб бераётган баёнотлари ва бу борада ижтимоий тармоқлардаги мунозараларда "Жиҳод зулмга қаршими ёки куфрга?" деган савол кўтарилди. Бу баҳсларни кузатаётган ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи Муҳаммад Нур бу саволга жавоб берди.

Ўзбекистондаги исломий илмлар бўйича тадқиқот олиб бораётган ёш, таниқли тадқиқотчилардан бири Муҳаммад Нур ижтимоий тармоқларда бораётган баҳсу мунозараларнинг фаол иштирокчиларидан биридир.

Унинг кузатувига кўра, "Исломий давлат" жангарилари сафида кўпчиликни ташкил қилган ўзбек жангариларининг ижтимоий тармоқларда қолдираётган даъватларига алданаётган мусулмонларни бир жиддий жиҳатдан огоҳлантириш лозим:

- Жиҳод, деб номланаëтган нарсанинг ҳаммаси кадарли нарса. Кадар, кир, тубанли нарса. Ҳеч ким буни юзда юз фоиз жиҳод, дея олмайди. Шиаларни кофир девориб, ўлдиришаяпти. Шиаларни кофир, дейишликка нима ҳаққи бор?.. Шиалар ичида Ҳазрати Алини ўзларидан олдинги учта имомга устун қўйсаю, лекин кофир санамаса, кофир бўлмайди. Имом Бухорий, Имом Муслимнинг ровийлари ичида ўндан ортиқ шиа ровийлар бор. Шиалик ва рофизаликни бир хил тушунмаслик керак! Буни атрофлича билмасдан туриб шошмашошарлик билан иш тутмаслик лозим. Бу алоҳида диний масала. Бунга алифни калтак деб, энди 3 варақ ўқиган одам шиани кофир, деб қўлига қурол олиб, уни ўлдиришга ҳаққи йўқ. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кундаги ëшлар, асосан бизнинг мамлакатимиздами, бошқа мамлакатлардами бир ишга бош уришдан олдин шаръий анъана билан бутун уммат эътироф қилган уламоларнинг суҳбатини, уламоларнинг фатвосини олиши керак, - деб ҳисоблайди Муҳаммад Нур.

Тадқиқотчи Озодлик билан суҳбат чоғида бугунги мусулмонларда Ислом динидаги фарз ва фарзи кифоя бўлган, суннат бўлган амаллар, умуман олганда, диний таълимотларга нисбатан ёндашувда "бир ёқламалик" кучайган, деб ҳисоблашини билдирди.

Унинг фикрича, диний таълимотни, хусусан, жиҳодга оид таълимотни турли манбалардан ўқиб-ўрганиш билан бирга ўзи яшаб турган ҳудуддаги имомлар ва уламолар фикрини ҳам ҳар томонлама ўрганиш лозим:

- Мисол учун, 23 йиллик пайғамбарлик даврларида узоғи билан бир йилга бориб бормаган уруш бўлган. Бу даврда икки томондан қурбон бўлганлар сони 1 минг 156 дона, 23 йилда. Ҳозир мен бир-иккитага адашаëтган бўлишим мумкин сонда, лекин 1 минг 200 тамаслиги аниқ. Қурбон бўлганларнинг 600дан ошиқроғи мусулмонлар тарафдан, 700дан ошиқроғи қарши тарафдан. Шу атрофда, тахминан. Демак биз фақат жиҳодга оид китобларнинг ўзини ўқиб, бутун ислом уммати қилич устига қурилган экан, жиҳод бўлган экан деб, илмонийлар, даҳрийларнинг таълимоти, шарқшуносларнинг таълимоти билан чекланиб, унақа гапларга алданмаслик керак. Исломда уруш ниҳоятда кам бўлган. Имкон қадар Пайғамбар алайҳиссалом сулҳнинг тарафдори бўлганлар, - дейди Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик тадқиқотчи Муҳаммад Нур.

Суҳбатга хулоса ўлароқ, Муҳаммад Нур таъкидлаган яна бир хулоса эса ҳар бир мусулмоннинг қилаётган амалдан кўзлаган мақсадини аниқ билиб олиши лозим:

- Жиҳоддан кўзланган мақсад жиҳод қилишнинг ўзими ëки бу воситасида нимагадир эришишми, деган савол бор. Соддароқ қилиб айтганда, жиҳод ўзо ғоями ëки васила, дейди уламолар. Бунга ҳамма иттифоқ қилиб ижмо билан айтадики, жиҳод ғоямас. Инсоннинг ғояси - жиҳод қилишмас. Мусулмон инсоннинг ғояси, мақсади, етиши керак бўлган манзили - Оллоҳнинг розилиги бўлиши керак. Оллоҳнинг розилигини топишлик учун эришадиган йўлларни васила, дейди. Василалар эса ниҳоятда кўп. Масалан, инсоннинг ота-онасини рози қилиши ҳам Оллоҳнинг розилигига сабаб бўлади. Масалан, фарзи кифоя бўлган жиҳодлардан бирида Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига бир киши келди: “Ë Оллоҳнинг расули, мен жиҳодга кетаяпман, лекин ота-онам йиғлаб қолди” деганда: “Бор, ота-онанг ҳаққида жиҳод қил” деганлар. Яна ояти каримада бор: Оллоҳ таоло "Тавба" сурасида айтади: “Сизлардан бир жамоат бўлсин. Урушга кетмасин булар. Булар фиқҳни ўрганишсин, таълим олишсин, урушдан қайтиб келган одамларга таълим беришсин. Уларга дину диëнатни ўргатишсин” дейди. Очиқ оят бор. Мисол учун, бу ҳам жиҳоднинг васила эканлигини билдиради. Оллоҳнинг розилигига эришиш учун василалар кўп, дейди Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик тадқиқотчи Муҳаммад Нур.

Қуйида ушбу тадқиқотчи билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Ўзбекистонлик тадқиқотчи фикрларига бирор муносабатингиз, эътироз ёки қўшимчаларингизни билдиришни истасангиз, марҳамат, "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришининг кейинги сонларида иштирок этинг!

Мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org
Қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG