Линклар

logo-print

Қашқадарёда шифокорнинг бепарволиги сабаб тўрт фарзанднинг онаси вафот этди. Амир Темур ҳақидаги сохта асар машҳур бўлиб кетди. “UMS” ширкати “МТС”нинг қарзларига жавоб бермайди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Хоразмда ширакайф жувон кекса онасини чавақлаб ўлдирди”

Ичкиликка муккасидан кетган 50 ёшли Гулбаҳор Машарипова кекса онасининг қотилига айланди (“Ҳуқуқ”, 16 апрель).

Эридан ажрашган урганчлик Машарипова вояга етган тўрт ўғли ва кекса онаси билан яшаган. Хоразм вилоят прокуратураси вакили Рўзимбой Матякубовга кўра, турмуш ташвишлари туфайли ичкиликка ружу қўйган жувон ичиб келиб ўғилларини калтаклаган, онасини ҳақоратлаб келган.

Шундай кунларнинг бирида Диля момо ширакайф қизи Г.Машариповага дашном берган. Онасининг танбеҳидан қутуриб кетган қиз эса ҳимоясиз кекса аёлни чавақлаб ташлаган.

Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган. Қайд этилишича, қотил аёл ўз жазосини олган.

“Қашқадарёда тиббий ходимнинг бепарволиги сабаб тўрт фарзанднинг онаси бевақт вафот этди”

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Кўкдала қўрғонида жойлашган 2-шифохона туғруқ бўлими ходимининг бепарволиги ва совуққонлиги оқибатида тўрт боланинг онаси бевақт вафот этган (“Даракчи”, 16 апрель).

Марҳуманинг қайнотаси Ашур Раззоқовга кўра, келини камқонлик касали билан шифохонага ётқизилган. Бемор беш кун мобайнида оёқда шиш, қон кетиш, ўқчиб қайт этиш каби дардлардан азият чекканига қарамай, тиббий ходимлар томошабин бўлиб турган.

“Мен келинимнинг ўлимига сабабчи бўлган тиббиёт ходимига ҳеч қандай чора кўрилмаётганидан азият чекиб юрибман... Беш ойдан буён эса суриштирув-тергов ҳаракатларини бажаришга шошилишмаяпти”, дея арз этган марҳуманинг қайнотаси.

Бош прокуратура вакили Б. Бабаджановга кўра, дастлаб Чироқчи тумани ИИБ бу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғашни рад этган. Яқинда эса қўшимча тергов натижаларига асосланиб Кўкдала шифохонаси масъул шифокорларига жиноий иш қўзғатилган. Хабар қилинишича, ҳозирда тергов давом этяпти.

“МТС” ширкатининг қарзларини ким тўлайди?”

Янгидан иш бошлаган “UMS” уяли алоқа ширкати минглаб абонентларнинг “МТС” ширкатида қолиб кетган ҳақини тўлаб бермайди (“Новый век”, 16 апрель).

“UMS” ширкати бош директори газета саволларига жавоб қайтараркан, фаолияти тугатилган “Ўздунробита”нинг мижозлар олдидаги мажбуриятларига оид жиҳатлардан бехабарлигини айтган. 9,5 миллион мижозга эга “МТС” нинг 2012 йилда қўққисдан ёпилиши ортидан ширкат ҳисобида минглаб жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳақи қолиб кетган эди.

“МТС” базасида “UMS” ширкати фаолият бошлаганида кейин ҳақдор мижозлар ўз маблағини қайтариб олишга умид қилган эди. Аммо “UMS” ширкати бош директори жавоблари бу умидлар асоссиз эканини кўрсатмоқда.

Дарвоқе, “UMS” алоқа оператори раҳбари газетага жавобида ширкатнинг айни пайтдаги мижозлари сони тижорат сири экани, шу боис абонентлар миқдорини очиқлай олмаслигини айтган.

“Амир Темур ҳақида Тошкентда чиққан сохта асар машҳур бўлиб кетди”

Тошкентда чоп этилган “Мен – жаҳонгир соҳибқирон Амир Темур” китоби ёлғонларга тўла бўлишига қарамай машҳур бўлиб кетди (“Ҳуррият”, 15 апрель).

Асар муаллифи сифатида франциялик Марсель Брион номи кўрсатилган. Аммо газета М. Брионнинг бу номдаги асари йўқлигини таъкидлайди.

“Брионнинг ўзбек тилида нашр этилган ўзи билмаган китоби маълум давраларда машҳур бўлиб кетишидан ташқари, “Ёлғон ёлғонни туғдиради” ақидасига амал қилиб, янги ёлғонларга доя бўлмоқда”, деб ёзади мақола муаллифи.

Қайд этилишича, Амир Темур ҳақида китоб ёзган кўчирмачи олимлардан бири М. Брион “муаллифлигидаги” асардан анча-мунча қисмини ўзлаштирган ҳам.

“Амир Темур фаолиятига доир турли йўналишда асарлар яратилди, уларнинг одамларимиз ўртасида тарқалиш манзарасини кузатсангиз, аксарият олди-қочди воқеалар акс этган, ҳақиқий тарихга дахлдорлиги кам китоблар яхши қабул қилинмоқда. Шу кайфиятни сезишганми, баъзилар шунақа китобларни “ясашяпти”, деб ёзади газета.

“Ўзбекистонда оила учун умумий пластик карточка муомалага чиқарилади”

Uzcard миллий тўлов тизими янги “Uzcard Family” лойиҳасини ишга туширди (“Оила даврасида”, 16 апрель).

Қайд этилишича, мазкур оилавий пластик карточкадан оиланинг барча аъзолари қўшимча карточкалар орқали фойдаланиш имконига эга бўлади.

Ҳисоб рақам эгаси оила аъзолари ёки дўстларига қўшимча карточкалар очиб бериши мумкин. Шунингдек, у қўшимча карточкаларга чекловлар ўрнатади, амалиётларни Uzcard мобил иловаси ва my.uzcard.uz манзилидаги шахсий кабинети орқали бошқаради.

“Миржалол Қосимов гуруҳда биринчи ўринни нақд қилиб қўйди”

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йили Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатига чиқиш учун Осиё минтақаси гуруҳ ўйинида биринчи ўринни олади (“Ўзбекистон овози”, 16 апрель).

Терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов шундай ваъда берган.

“Мақсадимиз биринчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун курашни давом эттиришдан иборат. Биз гуруҳда етакчи ҳисобланамиз ва бу вазифани бажара оламиз”, деган Қосимов.

Эслатиб ўтамиз, қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси “H” гуруҳида Баҳрайн, КХДР, Филиппин ва Яман каби рақибларга қарши тўп суради.

“Божхона идораси яширин рангли металл омборларини топди”

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси чет элга олиб чиқиш учун ғамланаётган рангли металл омборларини фош қилди (“Инсон ва қонун”, 14 апрель).

Божхона ахборот хизматига кўра, Сирғали туманидаги хонадонда 10 тоннага яқин қўрғошин, Учтепа туманидаги гаражда эса 4 тоннага яқин рангли металлар сақланаётгани аниқланган.

Давлат корхоналари рўйхатидан ўтмаган деб ҳисобланган рангли металлар юзасидан фуқароларга жиноий иш очилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG