Линклар

Совет генералининг Украинадаги қабри тортишувларга сабаб бўлмоқда


Генерал Николай Ватутиннинг Киевдаги монументи.

Генерал Николай Ватутиннинг Киевдаги монументи.

Вафотидан 70 йилдан ошиқ вақт ўтиб совет ҳарбий қўмондони Николай Ватутин Россия ва Украина ўртасидаги тортишувларга сабаб бўлмоқда. Рус матбуотида Ватутиннинг Киев марказида, парламент биносидан бир неча қадам нарида жойлашган ҳайкалини ағдариш режалаштирилаётгани ҳақида миш-мишлар тарқамоқда.

Россия матбуоти хабарларига қараганда, Украина ҳукумати Ватутиннинг ҳайкал остига кўмилган жасадини қариндошлари олиб кетмаса, кремация қилмоқчи. Киев бўлса бу иддаоларни қатъий рад этди.

Кремлга мойил Справедливая Россия партияси ўтган ҳафтада Киев расмийлари Ватутиннинг қизига ўз режалари ҳақида хабар берганларидан кейин Ватутина отаси жасадини Россияга юборишларини сўрагани ҳақида хабар тарқатди. Партия етакчиси Сергей Миронов қайта кўмиш ташаббусини дарров қўллади.

Украина билан Россия ўртасидаги муносабатлар энг ёмон даврга кирган бир паллада Ватутин масаласи икки тарафни бир-биридан янада узоқлаштирмоқда. Рус генерали Ватутин Иккинчи жаҳон уруши даврида Қизил армиянинг Украинадаги амалиётларига етакчилик қилган эди.

Ватутин раҳбарлигидаги қўшин Киевни фашистлардан озод қилган бўлишига қарамасдан, унга ҳам фашистларга, ҳам Қизил армияга қарши курашган Украин исёнчилар армияси (УИА) партизанлар гуруҳи ҳужум қилган. Рус генерали олган жароҳатлари туфайли 1944 йилнинг апрель ойида вафот этган.

“Генерал Ватутин миллатчилар, ўзини Украин исёнчилар армияси деб атаган бандерачилар ҳужумидан ўлган. Бугун унинг меросхўрлари ва давомчилари ҳукумат тепасида ўтирибди. Улар Улуғ ватан урушининг Николай Ватутинга ўхшаган қаҳрамонларидан нафратланишларини яширмайдилар”, деб ёзди Миронов матбуот учун тарқатган баёнотида.

Ватутиннинг қизи ҳам Украина лидерлари ҳақида кескин мулоҳаза билдиради. Ҳозир Прагада истиқомат қилаётган Елена Ватутина ўтган ойда отасининг қайта кўмилишини сўраб Президент Путинга ёзганини тасдиқлади. Аммо у ҳали мактубига жавоб олгани йўқ.

“Отамнинг қабри улар мана шу муаммоларнинг барчасини бошлаган ер – Олий Рада яқинида жойлашган. Улар кимлар? Уларнинг барчаси бандерачилардир. Отам ҳам бандерачилар дастидан ҳалок бўлган”, деди Ватутина Озодлик билан суҳбатда.

Ватутина Украинанинг янги ҳукуматини ёқтирмагани учунгина отасини қайта кўмиш ҳақида илтимос қилганини айтди. Аммо у украин расмийлари ёдгорликни бузиш ниятида эканликларини айтиш учун у билан алоқага чиққанларини рад этди.

Ватутина ёдгорликни бутунлай Россияга кўчиришга ҳам қарши. Украина бўлса ёдгорлик ҳамда Ватутиннинг жасади ўз ерида қолишини таъкидлаб келади.

Киев маданият қўмитасининг собиқ етакчиси, ҳуқуқшунос Олександр Бригинец Украинада Ватутин шахси ҳақида қарама-қарши фикрлар борлигини айтди. Аммо у генералнинг қабри Украинада бўлиши кераклигига ишонади.

Бригинец Киев кўчаларида совет ҳокимияти рамзларига кенг ўрин берилишини истамайдиган одамлар тоифасидан.“Иккинчи томондан, мен Киев тарихининг бир бўлаги бўлган кишиларга қўйилган ёдгорликларни сақлаб қолишимиз керак, деб ҳисоблайман. Ватутин сўзсиз улар қаторига киради”, деди Бригинец.

Александра Вагнер, Владимир Ивахненко ва Клэр Бигг қаламига мансуб ушбу мақолани Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG