Линклар

logo-print

Ўзбекистонликлар қирғиз томони Фарғона ерларини сотаётганини иддао қилмоқда


Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсли бўлиб турган Бурганди ҳудудида нефть қазиб олинади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсли бўлиб турган Бурганди ҳудудида нефть қазиб олинади.

Фарғона вилоятининг Риштон туманига қарашли Чўнғара нефтчилар посёлкаси аҳолиси чегарадош ҳудуддаги қирғиз қишлоғи расмийлари Ўзбекистонга қарашли 7 гектар ерни ноқонуний равишда ким ошди савдосида сотаётганини иддао қилмоқда. Қирғиз расмийлари эса бу иддаоларни инкор этиб, мазкур ҳудуд Қирғизистонга тегишли эканини билдирмоқда.

Риштон туманининг Чўнғара қишлоғи аҳолиси арзини Озодлик радиосига фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев етказди. Унинг чўнғараликлар ёзган аризага таяниб айтишича, қўшни Қирғизистоннинг Ақтупрақ қишлоғидан вилоят кенгашига депутат бўлиб сайланган Алмаз Туралиев исмли шахс қишлоқ ҳокими бўлган укасининг қўллови остида Ўзбекистонга тегишли 7 гектар ерни ноқонуний равишда сота бошлаган.

-У Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига қарашли Шимолий Сўх ер ости қувирларига уланиб, газ олиб кетаман деганида, Риштон тумани Чўнғара қишлоғи аҳолиси бир неча марта қаршилик қилган экан. Чўнғараликларнинг айтишича, мана шу туфайли Ақтупрақ қишлоғи ҳокими кадр ходими билан келишиб, Чўнғарага қарашли ҳудуддан 7 гектарини ҳар бир гектари учун 50 минг қирғиз сўми миқдорида нарх белгилашиб, Қирғизистон фуқароларига аукцион орқали сотамиз, деб тақсимлаб қўйишибди, -деди Абдусалом Эргашев.

Озодлик радиосига қирғиз расмийлари тақдим этган маълумотга кўра, Чўнғара қишлоғи Ақтупрақ қишлоғи ичидаги Ўзбекистон эксклави бўлиб ҳисобланади. Чўнғараликлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсли бўлиб турган Бурганди массивидаги нефть конларида меҳнат қилади.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Гулнара Бўрубаеванинг айтишича, Ақтупрақ ва Чўнғара қишлоғи атрофида чегаранинг бир қисми аниқланган, бир қисми эса аниқланмаган баҳсли ҳудуддир. Лекин мазкур ҳудуд Ўзбекистоннинг ҳам, Қирғизистоннинг ҳам чегарачилари томонидан назорат қилинмайди.

Қирғизистоннинг Ақтупрақ қишлоғи ҳокими Алчибек Тўралиев чегара ҳудудидаги ерлар ҳақиқатан ҳам ким ошди савдосига қўйилиб, аҳолига бўлиб берилганини тасдиқлади. Бироқ унинг айтишича, бу ҳудудда ўзбекистонликлар айтганидай 7 гектар эмас, балки чегара аниқланган жойдан Қирғизистонга қарашли 2,5 гектар ер сотилган.

-Бу ерда чегара аниқланган. Бироқ бу ердан Ўзбекистон фуқаролари ҳам, Қирғизистон фуқаролари ҳам тенг равишда фойдаланиб келган. Кеча аукцион орқали бу ерни уч-тўрт кишига ишлатишга бердик, -деди Алчибек Тўралиев.

Озодлик мухбирининг мурожаати ортидан Қирғизистон давлат рўйхатга олиш қўмитасининг мутахасислари ўзбекистонликлар ва қирғизистонликлар ўртасида талаш бўлаётган ҳудудни текшириб келган.

-16 апрел куни Қадамжой туман ерни рўйхатга олиш бўлими раҳбари Дуйшебай Сидиков шахсан ўзи бориб, баҳсга сабаб бўлаётган ерларни текшириб келди. Текширув натижасида карта бўйича бу ҳудуд Қирғизистонга тегишли, деган хулоса чиқарилди,- деди давлат рўйхатга олиш қўмитасининг расмийси Элзат Кидирмишева.

Ўзбекистоннинг Риштон туман ҳокимиятидаги мансабдор шахслар Озодлик мухбирининг бу масала юзасидан саволларини жавобсиз қолдирди.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевнинг айтишича, ўзбек расмийлари бу каби масалаларга ўта эҳтиёткорлик ва баъзида ўта андишалилик билан ёндошгани ортидан, айрим ҳудудлар Қирғизистон томонидан ўзлаштириб олинмоқда.

-Бундан ўн йиллар аввал Шоҳимардоннинг Элликпайсаки деган манзилининг тепа томонида Шаланг деган бир маҳалла бўлар эди. Шу массивнинг бир қисмини Қадамжой тумани Қизилбулоқ қишлоғи ҳокими қирғизларга бўлиб бераётганида маҳаллий аҳоли тўполон кўтариб чиққан. Ўша пайтдаги Фарғона тумани ҳокими Ўзбекистон фуқароларини тинчитган ва “Биз ўзимиз келишиб оламиз”, деб ваъда берган эди. Аммо улар гаплашиб ҳам олишмади, оқибатда каттагина ҳудуд Қирғизистонга ўтиб кетди. Балки ўша ҳудуд баҳсли бўлгандир, лекин бизнинг раҳбарларда мана шундай андиша қилиб туриш одати бор. Аҳоли эса ўша ўн йил аввалги ҳолат яна такрорланмасмикин, деган хавотирда ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилмоқда, -деди Абдусалом Эргашев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG