Линклар

Россия мотоцикл туризми федерацияси Иккинчи жаҳон уруши якунига 70 йил тўлиши муносабати билан Европага саёҳат қилиш ниятида эканини эълон қилди. Қатнашувчиларнинг 9 май куни Берлинга етиб бориши режалаштирилмоқда. Мотоцикл шинавандаларининг ушбу режаси халқаро жанжалга айланиб кетиши мумкин.

Байкерлар Беларус, Польша, Словакия, Австрия ва Чехия орқали ўтишни, йўл-йўлакай уруш ёдгорликлари, Холокост мемориаллари ҳамда совет армияси қабристонларини зиёрат қилишни режалаштиряптилар.

Ушбу режа ташкилотчиси Андрей Бобровский Озодлик радиоси рус хизмати билан суҳбатда “Бу ташаббус ҳеч қанақа сиёсий қарашларни қўлламайди”, деди:

“Мақсад қатнашувчиларнинг ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш ҳамда уруш хотирасига бағишланган турли тадбирларда қатнашиш имконини яратишдир”.

Бобровскийнинг айтишича, саёҳатда 30-40 байкернинг иштирок этиши кутилмоқда. Қатнашувчиларнинг аксари аллақачон виза олган ёки виза олиш учун ҳужжат топширган.

Аммо байкерлар Польшага етиб борганларида ўз ташрифларидан унча мамнун бўлмаган жуда кўп польшаликка дуч келишлари мумкин. Рус байкерларининг ушбу режалари ҳақида Европа матбуотида хабар қилиниши ортидан “Россиялик бандитларнинг Польшадан ўтишига қарши” номи билан Facebook саҳифаси яратилди.

Байкерлар Европа Иттифоқига киритилмаслиги ва “Польша чегарасидан ўтмаслиги” керак, деган чақириқни қўллаб 11 мингдан ошиқ одам саҳифага қўшилди. Фаоллар расмийлардан байкерларни Польшага киритмасликни сўрамоқдалар.

“Тунги бўрилар”

Саёҳатда қатнашиши кутилаётган байкерларнинг баъзилари “Тунги бўрилар” мотоцикл клубининг аъзоларидир. Бу гуруҳнинг Президент Владимир Путинга яқин алоқаси бор. Гуруҳ Қрим аннексиясини ҳамда Украина шарқида жанг қилаётган айирмачиларни қўллаб келади. Қрим аннексия қилинишидан бир неча кун аввал “Тунги бўрилар” яриморол кўчаларини патруль қилган ва украин қурол-аслаҳа омборларини эгаллаган эди. Ўша ҳодисаларга бағишлаб рус телевидениеси учун тайёрланган ҳужжатли фильмда байкерлар камида битта украин ҳарбийсини асир олгани айтилди.

“Қарши бўлишимизга асосий сабаб Россиянинг Украинадаги агрессиясидир”, деди Facebook саҳифасини очган фаолларнинг бири Ярек Подворский:

“Тунги бўрилар” Қримга бориб Путин учун ташвиқот қилган илк гуруҳларнинг бири эди. Улар Донбассда ҳам пайдо бўлган ва ҳозир ҳам жанг қилмоқдалар. Улар орасида расмий украин кучлари билан жанг қилаётганлар бор”.

2014 йилнинг ноябрь ойида рус матбуоти “Тунги бўрилар” аъзоси Сергей Коптевнинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. 2011 йилда эса ўша пайтда бош вазир лавозимида ишлаётган Путин гуруҳ аъзолари билан сайр қилган эди.

Саёҳат ташкилотчиси Бобровский лойиҳа “Тунги бўрилар” томонидан ўйлаб топилмаганини айтди. Шундай бўлса-да, гуруҳ сайтларининг бирида бу лойиҳа реклама қилинди. Бундан ташқари, “Тунги бўрилар” лидери Александр Залдостанов Озодлик радиоси билан суҳбатда ўз клуби марш ташкилотчиларидан бири эканини таъкидлади.

Залдостанов маршда ўзи шахсан қатнашадими, йўқми ҳали билмайди. Қримнинг аннексия қилинишидаги роли туфайли Залдостановга қарши АҚШ ҳамда Канада санкциялар жорий қилган. Европа Иттифоқи эса унга қарши чекловлар қўйгани йўқ.

“Шунинг учун бу маршга қарши бўлаётганларнинг орасида Польша фуқаролари энг фаол экани жуда қизиқ ҳол”, деди Залдостанов.

Ташкилотчи Бобровский таклиф қилинаётган саёҳатга польшаликлар қандай муносабат билдиришидан хабардор экани ва Facebook гуруҳини очганлар билан алоқага чиқиш ниятидалигини айтди:

“Табиийки, биз ҳеч қанақа тўқнашувни хоҳламаймиз. Бизда экстремистик ният йўқ. Мақсадимиз жуда оддий, тарихий. Ниятимиз аждодларимизга бўлган ҳурматимизни кўрсатиш ва албатта, 9 майгача Берлинга етиб боришдир”.

Польшалик Подворский масаланинг бошқа томонлари ҳам борлигини айтади. Польшаликлар Совет Иттифоқи ва фашистлар германияси Молотов-Риббентроп пакти бўйича мамлакатларини бўлиб олганини эсдан чиқарганлари йўқ. Маҳаллий аҳоли совет истилоси даврида минглаган польшаликнинг Катин ўрмонида қатл этилиши ва советлар содир этган бошқа хунрезликларни яхши эслайди. Бундан ташқари, фашистлар Германияси мағлуб бўлганидан кейин ҳам Қизил армиянинг мамлакатдан кетмагани польшаликларнинг ёдида.

“Польшаликлар учун 50 йиллик совет истилоси жуда узоқ бўлган”, деди Подворский: “Жуда кўп одам ўлдирилган, кўп одам Сибирга сургун қилинган. Биз Польша орқали ўтадиган бу маршга йўл қўя олмаймиз. Умид қиламизки, улар Польшага киритилмайди”.

“Агар уларнинг киришига тўсқинлик қилишмаса, биз йўлларни тўсамиз ва маҳаллий расмийлардан ҳамма нарса қонунга мувофиқ бўлишини назорат қилишни сўраймиз”, деб сўзини давом эттирди Подворский.

Польша ҳукумати бу масала бўйича ҳали баёнот эълон қилгани йўқ.

Бобровский бўлса тўқнашувларга дучор бўлишдан қўрқмайди.

“Агар биз безориларга дуч келсак, уларга муносиб жавоб берамиз. Биз ҳеч қанақа қонунни бузаётганимиз йўқ. Маҳаллий урф-одатлар ва қонунларни ҳурмат қиламиз. Шунинг учун бирортага тажовуз қилишларига йўл қўймаймиз. Биз холис ниятдамиз”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG