Линклар

logo-print

Блог: Ўзбекистонда саранча уни сотувга чиқарилиши кутилмоқда

  • Сарвар Усмон

Битта чигиртка - чигиртка, мижир-мижир бўлса, саранчадир...

Битта чигиртка - чигиртка, мижир-мижир бўлса, саранчадир...

Битта чигиртка – чигиртка. Ўнта чигиртка – чигиртка. Юзтасиям – чигиртка. Қисқаси, бир қарашда санай олсангиз ёки тақрибан санай олсангиз – чигиртка.

Чигирткалар санаб бўлмас даражада кўп, мижир-мижир бўлса-чи? Мўр-малах бўлса-чи?

Ҳа, айтганча, "мўр-малах" - айтаётганимиз - саноқсиз, булут-булут бўлиб учиб-кўчиб юрадиган, қўнган экинзорида биронта барг ҳам қолдирмай еб, далани шип-шийдон қилиб қўядиган чигирткалар галасидир.

“Мўр-малах” форсча сўз. Туркийчаси – саранча.

Демак, саранча – чигирткалар галаси.

Саранча - Чигиртка билан Аэробуснинг боласи.

Қайсиниси Ота, қайсиниси Она эканлиги устида олимлар бош қотирмоқда.

Лекин унгача олимлар саранчадан қандай фойда кўриш мумкинлигини аниқлаб бўлишди.

Саранчадан ун қилиш мумкин, деди улар.

Улар айтдики, саранча уни мол гўштидан 4,4 марта тўйимлироқдир. Масалан, мол гўштида протеин миқдори 17% бўлса, саранча унида протеин 75% дир.

Челябинсклик машинасозлар ясаган саранчатутар-қуритар-янчар-унқилар машинани Ўзбекистонда синаб кўрмоқчилар.

Синов муваффақиятли чиқса, саранча унини Ўзбекистонда чорвага едирмоқчилар.

Муваффақиятли чиқсин, ишқилиб. Чунки ўта перспектив иш кўринди менга саранча уни масаласи. Чунки, БМТнинг ўзи бундан икки йил олдин ҳашарот ейишни тавсия қилганди.

Ўшандан кейин Ислом олимлари билан суҳбатда чигиртканинг мусулмон учун ҳалол эканлигини аниқлаб олгандик.

Сезаяпсизми, гапни қаёққа олиб кетаётганимни?

Ахир, ғалла мустақиллигини мустаҳкамлаш, деган гаплар бор...

Тўғри, саранча уни, деб мамлакат набототи хавф остида қолиши, ўсимликнинг уруғи қуриб кетиши мумкин.

Лекин бу бошқа масала.

Муҳими, янгиликдан, ихтиродан қолмаслик!

***

Мендаям челябинсклик афанди машинасозларникидан қолишмайдиган бир назарий ихтиро бор.

Биласизки, ҳар баҳор тутларнинг шохлари кесилиб, барглари ипак қуртига едирилиб бўлгач, кейин ўсиб чиққан шохлардан янги барглар ўсиб чиқади ва улар кузда ҳеч қандай фойда бермай, сарғайиб хазон бўлади.

Таклифим: кузги баргларни сарғаймай туриб, мактаб ўқувчиларига тердириш керак. Кейин ҳар бир ўқувчи терган баргини уйидаги совуткичнинг музхонасида сақласин. Баҳорда, қурт боқиш мавсуми келганда барглар муздан туширилади ва қурт боқувчиларга ўқитувчилар, мактаб директорлари назорати остида топширилади.

Қарабсизки, пилла ҳосили икки бараварга кўпаяди!

Пилла мустақиллиги мустаҳкамланади!

Яшасин янги ва янги ихтиролар!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG