Линклар

Киевда ўн аёлни ўлдирганлик айби билан маньяк ўзбек қўлга олинди


Киевда қўлга олинган 41 ёшли ўзбекистонлик.

Киевда қўлга олинган 41 ёшли ўзбекистонлик.

Киев шаҳри паркларида аёлларни зўрлаб ўлдирганликда айбланаётган шахс қўлга олинди. Ўзбекистон фуқароси экани айтилаётган 41 ёшли айбланувчи йил бошидан буён 11 маротаба аёлларга ҳужум қилиб, 10 тасини ўлдиришда иқрор бўлгани хабар қилинди. Киев милицияси умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкинлиги айтилаётган ўзбекистонлик муқаддам Ўзбекистон ва Россияда судланганини аниқлади.

Киев милицияси ўзбекистонликнинг ўнта қотилликка алоқаси борлигини иддао қилмоқда

Украинанинг Киев шаҳри Ички ишлар бошқармаси пойтахтда бир қанча қотилликларга алоқадор маньякни ҳибс этганини хабар қилмоқда.

Бу ҳақда 15 апрель куни ўтказилган брифингда сўзлаб берган Киев шаҳар милиция бошлиғи генерал-майор Александр Терешчук Ўзбекистон фуқароси экани аниқланган бу шахс Россия Федерацияси ҳудудида 5та қотиллик, Ўзбекистонда 3та қотиллик ва Украинада 2 одамни ўлдириш ва биттасига оғир жароҳат етказиб, талон-тарож қилганликда айбланмоқда.

Жабрланган аёл кўрсатмалари асосида тузилган фоторобот

Жабрланган аёл кўрсатмалари асосида тузилган фоторобот

- Киевнинг бир нечта туманида содир этилган қотилликлар бир маньяк томонидан содир этилганини аниқладик. У фақат аёлларни ўлдириб, кейин уларни ўлик ҳолда зўрлагани маълум бўлди. Шаҳримизнинг “Теремки” ва “Красний хутор” метро бекатлари ёнида содир этилган одам ўлдириш ҳодисаларини биз жамоатчиликдан сир тутиб, жиноят-қидирув бўлими ходимлари оммавий дам олиш масканларини тўлиқ назорат остига олди. Биз уни 15 апрель куни кафеда пиво ичиб ўтирган жойида қўлга олдик. “Мени ушламаганингизда яна жиноят содир этардим - бугун кечаси одам ўлдирмоқчи эдим. Мен ўзимни тўхтата олмасдим”, деди у қўлга тушганидан кейин,- деди генерал-майор Александр Терешчук.

Милиция бошлиғи сўзларига кўра, Киевнинг Голосеевский ва Дарницкий туманларида иккита украиналик аёлни чавақлаганидан кейин, унинг учинчи қурбони тирик қолган ва юзлаштириш давомида уни таниган. Бу гул сотувчи аёлга айбланувчи шу йилнинг 14 март куни ҳужум қилиб, бўйин, кўкрак ва қорнига пичоқ солган, унинг қўл телефони ва 1,5 минг гривна (тахм. 68 доллар) пулини ўмарган.

Бундан олдинроқ, 6 март куни, “Красний хутор” метро бекати ёнидаги ўрмонзорда ўлдирилган ва зўрланган бошқаси– 76 ёшли кекса аёл экани айтилди.

Ҳужум қилган шахс қидирувга берилган эди

Ҳужум қилган шахс қидирувга берилган эди

Киев шаҳрида бир нечта аёл маньяк қурбони бўлгани ҳақидаги хабар барча маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали бериб борилди.

Александр Терешчук қўлга олинган ўзбекистонлик содир этган зўравонликлар борасида терговга берган бошқа кўрсатмалари тўғрисида ҳам гапирди.

- Бугунга келиб биз Москва шаҳрида у томонидан 5 аёл, Ўзбекистонда – 3та ва Киевда яна 2 аёл ўлдирилгани тўғрисида маълумотга эгамиз. Биз Ўзбекистондаги ҳамкасбларимиз билан алоқага чиқиб аниқладикки, ўз юртида у бир аёлни ўлдириб, бошини кесиб ташлаб зўрлаган экан. Қотилнинг ўзи ҳақида қуйидаги маълумотларни очиқлашим мумкин: 1973 йилда туғилган, 4 маротаба судланган – уч маротаба Россияда, бир маротаба Ўзбекистонда. Бу шахс жами 38 йил қамоқ жазосига маҳкум этилган. У бокс билан шуғулланиб келгани маълум. Айбланувчи охирги маротаба Россия колонияларидан биридан 2014 йилнинг ноябрида озодликка чиққан,- деди Александр Терешчук.

Терговчилар қотилликларда айбланаётган шахс Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида аёлларни чавақлаб қочган. Шунингдек, у илгари талон-тарож, ўғирлик ва товламачилик устида жавобгарликка тортилган. Ҳибс этилган шахс тайинли жойда ишламаган, уйланмаган, аммо Ўзбекистонда 21 ёшли ўғли борлиги маълум бўлди.

Youtube порталида пайдо бўлган тергов пайтидаги видеолавҳадан айбланувчи милиция ходимлари қуршовида иккиланмасдан ўз қурбонлари ортидан ов қилганини гапириб:

- У кетаётган эди, мен орқасидан бориб, бир қадам қолганда пичоқни қўйнимдан олиб, “Итингиз тишламайдими?”, деб сўрадим. У орқага қайрилган эдики, юрагига икки маротаба пичоқ солдим. Шу пайт ўзимни ҳам қўлимни кесиб олибман, дея кўрсатма бераётганини кўриш мумкин.

Москва терговчилари бу маълумотларни тасдиқламади

Украина полицияси хабарига кўра, исми ошкор этилмаётган шахс қўлга тушган куни икки боланинг онаси бўлган аёл билан танишган ва ўша куни кечаси уни ўлдиришни режалаган. Полиция Киев меҳмонхоналаридан бирида яшаб келган айбланувчи ўзбекнинг хонасидан тинтув пайтида овчилар пичоғи чиққани ва жиноятлар айнан шу пичоқ билан содир этилганини тахмин қилмоқда.

Александр Терешчук жиноятда айбланаётган шахснинг ваҳшийлиги тўғрисида гапирар экан, экспертлар пичоқ билан урилган жойларда аёлларнинг қовурғалари синиб кетганини аниқлади, дейди. Милиция генерали бу муҳожирни машҳур совет даври маньяклари “ростовлик қотил” Андрей Чикатило ва “Йиртқич” лақабли Александр Оноприенколарга ўхшатди.

Киев милиция бошлиғи сўзи охирида ўзбекистонлик шахс бу жиноятларни шунчаки аёлларга бўлган нафрати билан тушунтирганини айтди.

У милиция қотилни ушлашда улкан ишни бажаргани - минглаб соат назорат камералари ёзувлари кўздан кечирилгани, мингга яқин одам сўроқ қилингани, унинг фоторобот сурати барча полиция ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бўлинмаларига тарқатилгани, юзлаб экспертизалар амалга оширилганини ҳам қўшимча қилди.

Бироқ, Озодлик сўровига Москва шаҳар Тергов қўмитаси бошқармасида ўлдирилган москвалик аёллар тўғрисидаги маълумот борлигини тасдиқлашмади.

Киев шаҳар милиция бошқармасида Озодлик сўровига 16 апрель куни Киев шаҳар суди ўнта аёлни ўлдирганликда гумон қилинган 1973 йилда туғилган Ўзбекистон фуқаросини икки ойга қамоқда қолдириш тўғрисида қарор чиқарганини билдиришди.

Милиция уни ушлаш, шахсини ва жиноятга алоқадорлигини исботловчи далилларни аниқлаш бўйича керакли барча амалиётларни бажарди, суд эса бу материалларни ҳисобга олиб, уни 12 июнгача, яъни тергов вақтида ҳибсга олди, деди Украина пойтахти Ички ишлар бошқармаси расмий вакиласи.

Терговчилар бу қотилликларга алоқадорлиги судда ўз исботини топса, ўзбекистонлик умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкинлигини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG