Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:26

Рус режиссёрлари ватанпарвар фаст-фуд тармоғини очмоқчи


Режиссёр Андрей Кончаловский (чапда) ва Россия киноматографлар иттифоқи раиси Никита Михалков (ўнгда)
Режиссёр Андрей Кончаловский (чапда) ва Россия киноматографлар иттифоқи раиси Никита Михалков (ўнгда)

Россияда Макдоналдс каби ғарб ширкатлари билан рақобатлашадиган ва маҳаллий фермерларни қўллайдиган ватанпарвар рус фаст-фуд тармоғини очишмоқчи. 18 миллион АҚШ долларлик қийматга эга ушбу лойиҳа ташаббускорлари Россиянинг энг машҳур кинорежиссёрларидан бўлмиш ака-ука Никита Михалков ва Андрей Кончаловскийлардир.

Кремлга яқин алоқалари билан маълум бўлган ака-ука режиссёрлар аввалдан ғарб таъсирини қоралаб келади.

Ака-укалар янги лойиҳаларига аллақачон ном ҳам топишди: “Уйда ейлик!” (“Едим дома!”)

Янги тармоқ Кончаловскийнинг актриса ва пазандалик шоусини олиб борувчи рафиқаси Юлия Висоцкая эгалик қиладиган “Едим дома!” бренди таркибига қўшилиши айтилмоқда.

Москва вилояти губернатори Андрей Воробьевга ташаббус маъқул келди.

“Яхши фикр”, деди Воробьев: “Кичик бизнеслар ва тармоқлар иш ўринлари яратади. Бизда етиштириладиган маҳсулотлар бўлса бундай кафелар учун жуда мос келади”.

“Макдоналдс кушандаси”

Москва вилояти ҳукумати бошчисининг ўринбосари Денис Буцаев таклиф қилинаётган фаст-фуд тармоғини “Макдоналдс кушандаси” дея мақтади.

Россия ҳукумати эса бу ташаббусга унча катта қизиқиш кўрсатгани йўқ.

Ҳукумат 9 апрель куни ака-укаларнинг тўғридан-тўғри маблағ берилишини сўраб қилган илтимосини рад этди. Бўлажак ишбилармонларга унинг ўрнига мамлакатдаги кичик бизнесни қўллаш билан шуғулланувчи дастурга мурожаат қилиш таклиф қилинди.

Бу дастурда маблағнинг 70 фоизи ҳукумат кафолати остида қарз сифатида берилади, қолган 30 фоизи бўлса хусусий сармоячилардан келади.

Ҳукумат бошқарувидаги Сбербанк ака-укаларга қарз бериши мумкинлиги айтилмоқда.

Михлаков ва Кончаловский лойиҳанинг “ижтимоий-сиёсий аҳамияти”дан келиб чиқиб, Президент Путиндан ҳукумат томонидан ёрдам берилишини сўрашгани ҳақида хабар тарқатилди.

Коммерсантъ нашрига кўра, ака-укалар ўз ташаббусларида “Бу лойиҳанинг мақсади импортни алмаштиришни тарғиб қилиш ҳамда ғарбий фаст-фуд тармоқларига альтернатива яратишдир”, деб ёзишган.

Нашрда ёзилишича, Путин шахсан ўзи бош вазир ўринбосари Аркадий Дворковичга ташаббусни “кўриб чиқишни ва қўллашни” буюрган.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бу иддаоларни шарҳлашдан бош тортди, лекин яқинда Путин билан Михалков учрашгани ҳақидаги миш-мишларни тасдиқлади.

Санкциялар сабаб бўлди

10 апрель куни Кончаловский рус телевидениесига маҳаллий фаст-фуд тармоғини очиш ҳақида бир неча йилдан бери ўйлаб келаётганини айтди.

Кончаловский ўтган йили Россияга қарши санкциялар жорий қилиниши ва уларга жавоб сифатида Россияга четдан озиқ-овқат импорт қилишга тўсиқ қўйилиши уни бирор чора кўришга ундаганини қўшимча қилди.

Кончаловскийнинг айтишича, укаси мамлакатдаги аграр бўҳрон ҳақида ҳужжатли фильм олганидан кейин унга маслаҳат сўраб юзлаган фермер мурожаат қилган.

Ака-укалар Москва ва Калуга вилоятларида 41 та кафе очишмоқчи. Уларнинг барчасига маҳаллий ширкатлар маҳсулот етказиб беради. Таомноманинг 40 фоизигача бўлган қисми вилоятдан келган маҳсулотлардан тайёрланади.

Лойиҳада тармоқнинг болалар уйларини ҳам овқат билан таъминлаши таклиф қилинган.

“Едим дома!” очилган тақдирда ҳам кучли рақобатга дуч келиши аниқ.

Макдоналдс Россия ва АҚШ ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб баъзи муаммоларга дуч келган бўлса-да, Россияда машҳурлигича қолмоқда.

Россия Қримни аннексия қилиб олганидан кейин Макдоналдс яриморолдаги кафеларини ёпган эди. Бунинг кетидан баъзи миллатчи сиёсатчилар АҚШ тармоғини Россиядан чиқариб юборишга чақирдилар.

Ўтган йилнинг август ойида Россиядаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳнинг қарори билан тўрт Макдоналдс кафеси ёпилди. Улар кейинроқ қайтадан очилди.

Интернет блоггерлар бўлса “Едим Дома!” ташаббусини мазах қилишмоқда. Михалковнинг Макдоналдс логоси билан ёнма-ён қўйилган суратлари кенг тарқатилди.

Twitterда “булочкадан чарчаган” ифодаси кенг муҳокама қилинди. Бу Михалковнинг Оскар мукофотини олган “Қуёшдан чарчаганлар” фильми номига шамадир. Рассом Сергей Ёлкин эса Михалковнинг гамбургер булочкаси шаклидаги шоҳ қалпоғини кийиб олган суратини чизди.

XS
SM
MD
LG