Линклар

Фарғона суди маҳкумнинг қийноқлар ҳақидаги шикоятини инобатга олмади


Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар далили бўлган маҳбусларнинг қонли кўйлаклари.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар далили бўлган маҳбусларнинг қонли кўйлаклари.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди аппеляцияси 12 йилга озодликдан маҳрум этилган Бахтиёр Ҳайитовнинг қийноқлар ҳақидаги шикоятини эшитмаcдан туриб, суд инстанцияси чиқарган қарорни ўз кучида қолдирди. Диний айбловлар билан қамалиб, етти йиллик жазони ўтаб чиққан Бахтиёр Ҳайитов озодликка чиққанига икки йил ҳам бўлмай бу гал босқинчилик ва товламачиликда айбланган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти аппеляция суди 14 апрель куни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг босқинчилик, товламачилик моддалари билан айбланиб, 2014 йилнинг 15 декабрида ўн икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган фарғоналик 38 ёшли Бахтиёр Ҳайитовнинг шикоят аризасини қаноатлантирмади.

Аппеляция судида иштирок этган Бахтиёр Ҳайитовнинг онаси Қаноат Мўминованинг айтишича, аппеляция суди раиси маҳкумнинг унга қўйилган айбловлар қийноқлар воситасида тан олдирилгани ҳақидаги шикоятини эшитишни ҳам истамаган:

- Ўғлимнинг декабрда бўлган судида битта ҳам гувоҳ чақирилмаган эди. Бунда ҳам гувоҳлар йўқ эди.Ўшанда ҳам ўғлим бу айбловлар қийноқлар асосида тан олдирилганини айтган эди. Аппеляция судида ҳам судья унинг гапини эшитгиси келмади. Ўғлим айтдики, мен қилмаган нарсани менга тан олдиришяпти, управленияда ишлайдиган ўша Музаффарни, ўша Саййодни чақиринглар бу ерга деди. Ўғлим бир тарафга эгилиб қолган экан, нима бўлди десам кўкрагимга уриб қовурғамни синдиришди деб айтди,- дейди маҳкумнинг онаси.

Бахтиёр Ҳайитовнинг жиноий иши билан яқиндан танишган Ўзбекисон инсон ҳуқуқлари Альянси фаоли Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, аппеляция суди раиси аввалги суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган:

"Бахтиёр судьяга уни 20 киши ўртага олиб уришганини айтган. Кўйлагини ечиб синган қовурғаларини, моматалоқ бўлиб ётган баданини ҳам кўрсатган. Синглиси бу ҳақда ёзма равишда ариза берса ҳам инобатга олмаган. Ана шу ҳолда судья ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган", деди Шуҳрат Рустамов.

Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистондаги вақтинча сақлаш изоляторларида ва қамоқхоналарда қийноқлар мунтазам қўлланиши ҳақида хавотир билдириб келадилар.

Жумладан, ўтган ҳафтада ҳам Бекобод шаҳар милиция бўлими ҳибсхонасидан ўлиги чиққан Камолиддин Қўзиев акасининг даъво қилишича¸ марҳум аввалига қийнаб ўлдирилган¸ кейин эса “ўзини осган” деб расмийлаштирилган.

Бундай воқеалар "Халқаро Амнистия" инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистондаги қийноқлар бўйича янги ҳисоботини тақдим этиши арафасида рўй бермоқда.

"Маxфийлик ва ëлғон" номи билан китоб шаклида нашр қилинган янги ҳисоботда Ўзбекистонда қўлланилаётган ва систематик дея таъкидланган қийноқлар кўлами тасвирланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG