Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:39

Кобанига қайтаётганлар миналар хавфига дуч келмоқда


“Исломий Давлат” жангарилари Кобанидан чиқариб юборилган бўлса-да, шаҳарга қайтаётган суриялик курдлар жангарилар яратган хавфли муаммога, яъни шаҳар бўйлаб тарқалган портламай қолган ўқ-дори ва тузоқ миналар хавфига дуч келмоқдалар.

Январь ойида қуролланган курд отрядлари АҚШ ҳарбий авиацияси кўмагида “Исломий давлат” жангариларини Кобани шаҳридан сиқиб чиқарган эди.

Бир пайтлар Кобанида 200 мингга яқин киши истиқомат қилган. “Исломий Давлат” шаҳарга бостириб кирганидан кейин шаҳар аҳолисининг аксар қисми қўшни Туркияга қочиб ўтди.

Жангарилар сиқиб чиқарилганидан кейин шаҳар аҳолиси ортга қайта бошлади. Март ойи охирига келиб шаҳарга қайтганлар сони 40 мингга етгани айтилди.

Қайтиб келганлар жангариларга қарши олиб борилган кураш ортидан ўз уйлари вайронага айланганига гувоҳ бўлдилар.

Курд расмийлари ҳисобларига кўра, жангариларни шаҳардан сиқиб чиқариш учун олиб борилган кураш давомида Кобанида деярли 1 200 иморат вайрон бўлган, уч мингдан ошиғи бўлса зарар кўрган.

Қайтиб келаётган аҳоли учун энг катта хавфни бўлса шаҳар бўйлаб, жумладан, оддий фуқаролар уйларда қолдирилган тузоқ миналар ва портламай қолган ўқ-дорилар туғдирмоқда.

DanChurchAid Дания нодавлат ташкилотининг мутахассислари портламай қолган мина ва ўқ-дориларни зарарсизлантириш ишларини бошлаш арафасидалар.

DanChurchAid ташкилотининг миналарга қарши курашиш дастури бошлиғи Ричард МакКормак Озодлик радиосига 10 апрель куни юборган электрон хатида ўз гуруҳи вазият билан танишиб чиқиш учун Кобанига бориб келганини айтди. Гуруҳ аъзолари энди зарарсизлантириш ишларини бошлаш учун шаҳарга қайтади.

МакКормакнинг айтишича, шаҳарнинг турли ерларида турли мосламалар учрайди:

“Шимоли-ғарбий томонда энг катта хавф ишлатилган, лекин портламай қолган ўқ-дори – портламай қолган миномёт ўқлари ва шу кабилардир. Марказий ва ғарбий қисмларда тузоқ миналар бор. Улар одатда ишлатилган ўқ-доридан ёки ясама идишларга солинган портловчи моддалардан иборат”, деди МакКормак.

МакКормак бу мосламаларни ким қўйганини билмаслигини ва нима учун оддий фуқаролар уйларига тузоқ миналар қўйилганини тушунтира олмаслигини айтди:

“Мен билган нарса шуки, бундай мослама одам ажратиб ўтирмайди ва ўз уйига қайтишга уринаётган одамлар уйларига буларни қўйиш оддий фуқароларга қарши қилинган номақбул ҳужумдир, деб очиқчасига ва ишонч билан айта оламан”.

Тузоқ миналар ҳамда портламай қолган бошқа мосламалар Кобанига қайтган бир неча фуқаронинг ҳаётига аллақачон зомин бўлгани айтилмоқда.

“Билишимизча, афсуски бу мосламалар туфайли бир неча оддий фуқаро ҳалок бўлган. Чегара билмас шифокорлар ҳисоботларига кўра, 60 одам ҳалок бўлган. Кобанини қайта тиклаш қўмитаси ҳам 50 дан ошиқ одам ўлганини айтди. Бошқа хабарларга кўра, кантонда (яъни, Кобани шаҳри ҳамда унинг атрофидаги қишлоқларда) кунига ўн ёки ундан ортиқ портлаш юз бериб турибди”, деди МакКормак.

Суриянинг шимолидаги ўзини мустақил деб эълон қилган, курдлар яшайдиган уч ҳудуднинг бири бўлмиш Кобани кантонининг соғлиқ министри Насан Аҳмад “Исломий Давлат” шаҳардан чиқарилганидан бери 40 одам миналар туфайли ҳалок бўлганини билдирди. Аҳмад “Рудав” янгиликлар сайти билан қилган суҳбатида кўплаган одам жароҳат олганини қўшимча қилди.

DanChurchAid аввал тузоқ миналарни дунёнинг бошқа бурчакларида кўрган бўлса-да, МакКормак Кобанида аҳвол жуда оғир ва хавфли эканини айтди.

DanChurchAid матбуот котиби Николай Сондергаарднинг айтишича, Кобанини миналардан тозалашга қаратилган дастурни Дания ташқи ишлар вазирлиги маблағ билан таъминлади.

Кобанига қайтиб келаётганлар тузоқ миналардан ташқари кўчаларда ётган жангари жасадлари турли касалликлар келтириб чиқаришидан ҳам хавотирда.

ARA News мустақил янгиликлар агентлиги яқинда тайёрлаган видеохабарда маҳаллий расмийлар шаҳарда тозалаш ишларини олиб борганларини таъкидлашларига қарамасдан кобаниликлар шаҳардаги жасадлар хавф туғдиришидан хавотирда экани айтилди.

Суриядаги курд расмийлари жангарилар жасадларида ҳам тузоқ миналар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG